Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:55

Аллақулов Тошкентга келган ЕХҲТ миссиясига ҳукуматнинг босимларидан шикоят қилди


Хидирназар Аллақулов босимларга қарамасдан сиёсий фаолиятини давом эттиришини айтмоқда.
Хидирназар Аллақулов босимларга қарамасдан сиёсий фаолиятини давом эттиришини айтмоқда.

Янги таъсис этилган, аммо рўйхатга олинмаган “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ социал-демократик ‌партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов 25 май куни ЕХҲТнинг махсус миссиясига шикоят аризаси топширди.

Аризада “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси доимий туҳмат ва тазйиқлар нишони бўлиб қолаëтгани таъкидланган.

Профессор Аллақулов 25 май куни Озодлик мухбири билан қилган қисқа телефон мулоқотида “тазйиқларга қарамасдан юксак мақсад сари дадил одим отаверишини” таъкидлади.

Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов

24 май куни ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари — ДИИҲБнинг сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов ва бюронинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси Мартина Баркер-Циганикова Тошкентга келди.

Ташриф доирасида улар сайловларни ўтказишга масъул бўлган бир қатор ташкилотлар вакиллари, шу билан бирга сиëсий мухолифат фаоллари билан учрашиши режаланган.

ЕХҲТ миссияси Тошкентда
ЕХҲТ миссияси Тошкентда

Жорий йил октябрида бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида келган ЕХҲТ махсус миссияси бўлажак президент сайловини ДИИҲБ томонидан кузатишга зарурат бор ёки йўқлигини ўрганади.

Махсус миссия Ўзбекистонга ташриф буюрган 24 май куни Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарнома чиқариб, "2021 йилнинг 9 май куни фуқаро П.Г. исмли аёлнинг Олтинсой туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2021 йил 8 май куни соат 23-00 ларда “Ипок” маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.О. “Нексия” русумли автомашинада Олтинсой дарёси бўйига олиб бориб, номусига тегмоқчи бўлганлигини, П.Г. исмли аёл рози бўлмагандан сўнг уни “Ипок” маҳалласида жойлашган “Шох нур файз” МЧЖ биносининг хонасига олиб бориб, жинсий алоқа қилганлигини, жинсий алоқадан сўнг хонадан ташқарига чиқариб юборганлигини, хонада унга тегишли бўлган нарса-буюмлар қолганлигини ҳамда нарсаларини қайтарилишида ва фуқаро Ш.О.га нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўраган" ҳақида хабар тарқатди.

Озодлик хабарда исм-фамилиясининг бош ҳарфлари келтирилган шахс “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақуловнинг ўғли эканини аниқлади.

Профессор Аллақулов 25 май куни ЕХҲТ миссиясига топширган ариза нусхаси.
Профессор Аллақулов 25 май куни ЕХҲТ миссиясига топширган ариза нусхаси.

23 май куни YouTube каналида ëйинланган видеода деновлик П. Г. исмли аёл “Мени президентликка номзодини қўйган одамнинг ўғли зўрлади. Энди менга квартира беринглар” деган иддао билан чиққан эди.

Профессор Хидирназар Аллақулов Озодлик билан суҳбатда бу “туҳматни изоҳламаслиги ва бундан ҳам баттар тазйиқларни кутаëтганлигини” айтди.

23 май куни “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясининг Бухоро вилоятидаги фаоли Улуғбек Рустамов Фейсбукда видеочиқиш қилиб, икки мингдан зиëд имзо бланкалари "ўғирлаб кетилганлиги"ни даъво қилган эди. Рустамовга кўра, “ўғри”лар қути ичидаги партия бланкаларини олиб, ўрнига оқ қоғозлар тахламини қўйишган.

Партия фаоли Улуғбек Рустамов
Партия фаоли Улуғбек Рустамов

Жорий йилнинг 13 май куни э Ўзбекистон Адлия вазирлиги янги таъсис этилган “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ социал-демократик ‌партиясини рўйхатга олиш сўровини рад этган эди.

Партия етакчиси Хидирназар Аллақуловнинг ўзи 4 май куни маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди қарори билан "туҳмат"да айбдор деб топилиб, 4 май куни жаримага тортилган. У ўзига қарши айбловни сиёсий фаолиятига боғлайди.

Янги таъсис этилган партия фаоллари 7 апрель куни Адлия вазирлигига ҳужжат топширгач, вилоятларда партияга хайрихоҳ бўлганлар ИИВ босими остида имзосини қайтиб ола бошлагани хабар қилинган эди.

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси шу йилнинг 8 март куни Тошкент вилоятидаги хонадонлардан бирида ўзининг таъсис қурултойини ўтказган.

Хидирназар Аллақулов Юнусобод туман маъмурий судидаги мажлисдан сўнг
Хидирназар Аллақулов Юнусобод туман маъмурий судидаги мажлисдан сўнг

Шундан буён партия етакчиси ва фаоллар ўзларига нисбатан босимлар давом этаётганини айтиб келишмоқда.

Наманган вилоятидаги 20 кишининг ҳаммаси ИИВ гувоҳлигида имзосидан воз кечгани ва имзо йиғишни ташкил қилган партия фаоли оммавий сазойи қилинган эди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG