Тошкентдаги юзлаб корхона газдан узиб қўйилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида фаолият олиб борувчи ишлаб чиқариш корхоналари газдан узиб қўйилди. Бу ҳақда хабар қилган Kun.uz нашри бизнес эгалари олдиндан миллиардлаб сўмлик буюртмалар олиб қўйгани, агар газ берилмаса, улар касод бўлишидан огоҳлантирди.

Кўплаб корхоналар фақат табиий газга таяниб ишлайди. Чекловлар шароитида муқобил энергияга ўтиш харажатлари тадбиркорларга оғирлик қилади, қўшимча вақт ва маблағ талаб этади. Якунда маҳсулот ва хизмат нархлари қимматлашиши, иш ўринлари қисқариши мумкин”, деб ёзган нашр.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати ахборотига кўра, “газ етказиб бериш кафолатланмаган 15 мингдан ортиқ тадбиркорлар рўйхати шакллантирилган. Улар босқичма-босқич тармоқдан узиляпти”.

Масъуллар тадбиркорларни газдан узишга асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майида қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини келтирган.

Ушбу қарорда об-ҳаво совиб кетган пайтда маиший истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тўлиқ ўчириладиган, қисман ўчириладиган ва чеклов киритиладиган истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиши белгиланган.

Айни пайтда тадбиркорлар охирги 10 кун мобайнида Тошкент шаҳрида ҳарорат манфийга тушмагани, ҳаво илиқ эканига эъибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов яқинда Ўзбекистонда ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирлангани, мамлакат президенти мутасаддиларга чекловларсиз, узлуксиз электр таъминотини таъминлаш бўйича топшириқ берганини айтганди.

Бир ҳафтача аввал вазирлик матбуот хизмати иссиқхона хўжаликларига газ етказиб беришда чекловлар мавжудлигини рад этиб, “иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга” экани ҳақида баёнот берганди.