Сурия муваққат ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир раҳбар бўлди

Муҳаммад ал-Башир

Сурияда Башар Асад режими ағдарилиши ортидан Муҳаммад ал-Башир ўтиш даври ҳукуматининг муваққат бош вазирига айланган. Унинг ўзи 10 декабрь кунги телемурожаатида мазкур лавозимда 1 мартгача ишлашини айтган. Ал-Баширнинг бош вазир этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ Al Jazeera хабар қилган, дея қайд этди “Настояшчее время” телеканали.

Ноябрь ойи охиридан буён давом этаётган ва пировардида Сурияда ҳокимият алмашишига олиб келган аксиласадчи кучларнинг яшин тезлигидаги ҳужумларига қадар ал-Башир исёнчиларнинг “Сурияни қутқариш ҳукумати”ни бошқариб келган. Бу тузилма Идлиб вилояти дохил мамлакат шимолий-ғарбидаги ҳудудларни назорат қилган.

Ал-Башир АҚШ ва бошқа мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи лидери Абу Муҳаммад ал-Жўлонийнинг яқин сафдоши ўлароқ кўрилади. ҲТШ хабарларда Асадга қарши исёнга етакчилик қилган куч сифатида қайд этилган.

Башар Асад ҳукуматига мухолиф бўлган қуролли гуруҳлар Сурияда 27 ноябрь куни фаоллашиб қолган. Улар саноқли кунлар ичида бир неча йирик шаҳарни эгаллашган. 8 декабрга ўтар кечаси эса исёнчилар Сурия пойтахти Дамашқ уларнинг назорати остига ўтганини эълон қилишган. Сурия президенти Башар Асад мамлакатдан қочиб кетган ва Россиядан бошпана олган. Исёнчилар лидерлари янги ҳукумат сайлов йўли билан шакллантирилишини ваъда қилишмоқда.