Россияда ота-она қарамоғисиз қолган бир гуруҳ бола 14 август куни Новосибирскдан Ўзбекистонга қайтарилган.
“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Россиянинг Новосибирск, Иркутск, Красноярск ва Владивосток шаҳарларида қаровсиз қолган 14 ёшгача бўлган 8 нафар бола Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консулхонаси кўмагида йиғилган.
“Бош консулхона Россия томонидан зарур ҳужжатларни имкон қадар тезроқ олиш учун барча имкониятларни ишга солди. Шунингдек, болаларни иссиқ овқат билан ўз вақтида таъминлади”, дейилган агентлик хабарида ота-онаси тарбиясида иштирок эта олмай қолган жами саккиз бола Ўзбекистонга соғ-саломат етиб келгани қўшимча қилинган.
Бу болаларнинг нима сабабдан ота-она қарамоғисиз қолганига аниқлик киритилган эмас.
Ўтган ойда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати Россияда ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган ва “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”да сақланаётган етти нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида маълум қилган эди.