Россиянинг ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари манбалари Суриянинг қулатилган президенти Башар Асад оиласи билан Москвага келгани, Россия расмийлари “инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда” уларга бошпана берганини иддао қилишмоқда. Бунга оид бошқа тафсилотлар келтирилган эмас.
ТАСС хабарида Башар Асад “собиқ” президент деб аталган, ваҳоланки, ҳали у ваколатларини топширганини расман эълон қилгани йўқ.
Агентликлар манбаси Сурия мухолифати лидерлари Россияга тегишли ҳарбий базалар ва дипломатик муассасалари хавфсизлигини кафолатлашганини қўшимча қилган.
Аввалроқ Россия ТИВ Асад Сурия президенти лавозимидан кетиб, мамлакатни тарк этгани, мамлакатдан кетар экан, “ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни буюрган”и ҳақида маълум қилган эди.
Саккизинчи декабрь тонгида исёнчилар Дамашққа киришиб, Сурия пойтахти озод этилганини эълон қилишган. Айни пайтда кун бўйи тахтдан қулатилган Башар Асад ва унинг яқинлари қаерда экани айтилган эмас. Улар мамлакатдан Ил-76 юк учоғида учиб кетишганига оид тахминлар айтилганди. Бу орада айрим нашрларда мазкур учоқ гўё қулаганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.
Асаднинг айнан қай йўл билан Москвага келиб қолгани ҳозирча номаълум. У Асад оиласи Москвада экани эълон қилинишидан бир неча соат олдин Россиянинг Хмеймим ҳаво базасидан парвоз қилган Ил-76 учоғидан фойдаланган бўлиши мумкин.