Ўзбекистонда қамоққа олиш эҳтиёт чораси оммавий қўлланаётгани сабаб вақтинчалик сақлаш изоляторлари тўлиб кетган. Бу ҳақда Олий суд раиси Бахтиёр Исломов 9 ноябрь куни адвокатлар билан очиқ мулоқот чоғида гапирди, дея хабар қилди “Адвокат” журнали.
Исломовга кўра, тергов ҳибсхоналарининг тўлиб кетиши илк бор 2001 йилда кузатилган.
“Ўшанда вақтинча сақлаш жойларидаги шарт-шароитни ўрганиш учун идоралараро комиссия тузилган эди. Ҳозир ҳам ўшанга ўхшаш вазият бўляпти. Лекин муаммо янги тергов ҳибсхоналарини қуриш билан ҳал қилинмаслиги керак”, деган Олий суд раиси.
Адвокатлар қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик учун айблов органи зиммасига гумонланувчи терговдан қочиши ёки гувоҳларга босим ўтказиши мумкинлигини исботлаб бериш каби аниқ мажбуриятлар юклашни таклиф қилган.
Қайд этилишича, Олий суд раиси мулоқот давомида Ўзбекистонда фаолият юритувчи судьяларда ҳақиқий айбдорларни жазолаш учун баъзан қатъият етишмаётгани, уларнинг малакаси ҳали талаб даражасида эмаслигини ҳам тан олган.
Олий суд матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, очиқ мулоқот чоғида суд жараёнида жисмоний ва юридик шахсларни ишончли ва малакали ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш чоғида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, одил судловга эришиш борасида адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш ҳамда суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинган.
Олий суд раиси билан учрашув ортидан адвокатлар Бош прокурорни ҳам тергов соҳасидаги тизимли муаммолар юзасидан очиқ мулоқотга чорлаган.