Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланмоқда

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилади.

Энергетика вазирлиги чеклов жорий этилишини “ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ортгани” ва “аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа” экани билан асослаган.

Ижтимоий тармоқларда вазирлик баёноти ёйинлангунга қадар ҳам айрим ҳудудларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Вазирликнинг тан олишича, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, ерости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.

Чекловлар маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ жорий этилиши, бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида маълумот бериб борилиши маълум қилинган.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайган кунларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланиши анъанага айланган. Аммо жорий йил ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланганини маълум қилган эди.

Аввалроқ эса вазир “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида бу йилги қиш мавсуми учун ўтган йилга нисбатан 1,1 миллиард куб метр кўпроқ – 5,1 миллиард куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини айтганди.

Узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.