Ҳукумат дарсликлар учун тўлов ундириш режасидан воз кечди

Ўзбекистон, мактаб, дарсликлар.

2025 йилда йилда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари ижараси учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди.

“2025 йил учун давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради. Бунда, ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган”, дея маълум қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Жорий йил октябрь ойида бюджетнома лойиҳасида 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб 2-11 синфларда дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини жорий этиш таклиф қилинган эди.

Мавзуга алоқадор "Тажриба ўтказишни тўхтатиш керак". Ўзбекистон ва минтақада мактаб ва дарсликлар муаммоси

Лойиҳада битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни умумий нархнинг қарийб 18 фоизи миқдорида тўлов ундириш кўзда тутилганди.

“Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилган эди бюджет лойиҳасида.

Аммо жамоатчилик бу ташаббусга эътироз билдирди. Баъзи фаоллар дарслик учун ижара тўлови тикланишини Конституцияга зид чора, дея танқид қилишди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 12 декабрдаги баёноти ҳукумат жамоатчилик талабига ён берганини кўрсатмоқда.

Вазирлик қайдича, 2024 йилда мактаб ўқувчиларига 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилган. Келгуси йилда эса 81 млн нусха дарслик ва машқ дафтарлари учун давлат ғазнасидан жами 1,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.

2022 йилда ҳам ҳукумат “жаҳон бозорида қоғоз нархи ошгани” важидан дарслик ижара ҳақини кескин оширган ва ўшанда ҳам жамоатчиликнинг кучли эътирози ортидан “дарслик пули” бекор қилинган эди.