Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нурудиновдан 2012 йилдан кейин ўтказилган мусобақалардаги натижалар ва медаллар олиб қўйилмайди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Русланнинг Рио-2016 Олимпиадасида 105 кг вазн тоифасида қўлга киритган олтин медали, 2013 (олтин) ва 2014 йилги (кумуш) Жаҳон чемпионатлари ҳамда Осиё ўйинлари-2018 натижалари ҳам бекор қилинмайди.
Вазирлик Лондон-2012 олимпиадаси иштирокчиларининг допинг-тести 2018 йил қайта текширилиши натижасида Р.Нурудинов анализида туринабол аниқлангани, узоқ давом этган суриштирув ишларидан сўнг ўзбекистонлик спортчининг икки йил давомида мусобақаларда иштирок этишига тақиқ қўйилгани эслатади. Ушбу муддат 2018 йилнинг 18 декабридан бошлаб ҳисобланиши ва 2020 йилнинг 17 декабрида якунига етиши урғуланган.