Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:40

Ҳокимлик фермерларга кредит олишни, кредитга картошка сотиб олишни буюрди. Картошка чириб кетди


Оқдарëлик фермерлар сотиб олган уруғлик картошка чириб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

Оқдарëлик фермерлар 2020 йилнинг ёзида 21 фоизлик кредитга сотиб олган уруғлик картошка чириб кетган эди

Самарқанд вилоят, Оқдарё туманилик фермерлар уларга экиш учун яроқсиз картошка сотган компаниядан пул ундирилгунга қадар мажбурлаб берилган 21 фоизлик кредитнинг танини ҳамда унинг устама фоизини ундиришни тўхтатиб туришини банкдан сўрамоқда.

“Агробанк”нинг Оқдарё туман филиали раҳбари кредит фермерларга мажбурлаб берилганини рад этди, кредитни қайтаришни тўхтатиб туриш мумкин эмаслигини билдирди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати масала ўрганилаётганини билдирар экан, уруғлик картошканинг сифатсиз эканлигини олдиндан ҳеч ким билмаганини урғулади.

“Биз, Оқдарё туманилик фермерлар 2020 йил ёзида SamGold МЧЖ дан мажбурий равишда картошка уруғини “Агробанк”нинг 21%ли кредити орқали олдик. SamGold МЧЖ берган картошка уруғлик картошка эмас, у ейдиган ва музлатилган картошка экан. Натижада олган картошкамиз ҳаммаси чириб кетди...” деб бошланади Озодликка келган хат.

Бозорда 3000 сўм, мажбурий кредитга 6200 сўмлик картошка

Тумандаги “Икром жавоҳир даласи” фермер хўжалиги раҳбарининг Озодликка 4 январда айтишича, у ҳам “Агробанк”дан 21%ли қарз кўтариб, 2020 йилнинг 11 июнида 4 800 кг картошка сотиб олган. Бироқ картошка уч кундаёқ чириб кетган.

“Ҳар килосини 6200 сўмдан олишга мажбур қилишди. Банкдан қарзим 29 млн. 760 минг сўм. Бунинг устига фоизи ҳам бор”, деди фермер. Айтишича, у SamGoldдан бир кило картошкани 6200 сўмдан сотиб олган кунларда бу маҳсулотнинг бозордаги нархи 3000 сўм эди.

Уруғлик картошка учун 4 403 082 000 сўм кредит ажратилган

Маълум бўлишича, бу мавзуни Самарқанд вилоят “Зарафшон”газетаси 2020 йил, сентябрда ҳар томонлама ўрганиб, катта мақола эълон қилган. Газета мухбири суҳбатлашган фермерлар кредит ҳам, бу кредитга уруғлик картошка ҳам уларга мажбурлаб берилганини айтган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида 6 июнь куни хабар қилишича, ўша кунгача биргина “Бобур маҳалласи деҳқонларига таъминотчи “Sam Gold” МЧЖ томонидан 60 тонна уруғлик картошка етказиб берилган”.

Сифатсиз уруғлик картошкадан Оқдарё туманидаги фермер хўжаликлари ҳамда хусусий томорқа эгалари кўрган зарар кўлами “Зарафшон” газетаси келтирган мана бу маълумотларда акс этган:

“Тумандаги фермер хўжаликларига “Агробанк” туман филиалидан 600 тонна уруғлик учун 3 млрд 972 млн 854 минг сўм, томорқачиларга “Микрокредитбанк” туман филиалидан 55 тонна уруғлик учун 344 млн 100 минг сўм ва Халқ банки туман филиалидан 175 тонна картошка учун 1 млрд 86 млн 128 минг сўм кредит маблағи ажратилган”.

Жами 4 403 082 000 сўм ажратилган ва бу пул яроқсиз уруғлик картошка сотиб олишга сарфланган.

Оқдарёлик фермерларнинг вилоят прокурорига аризаси
Оқдарёлик фермерларнинг вилоят прокурорига аризаси

Мажбурий кредит ва мажбурий картошка

Оқдарёлик фермерлар 4 январда Озодликка яроқсиз картошка уруғини маҳаллий раҳбарларнинг босими остида олишга мажбур бўлганини айтишди. Фермерларнинг бундай иддаосини “Зарафшон” газетаси ҳам ўз материалида келтирган.

“Сифатсиз уруғни кўриб, буни олмаймиз, ўзимиз яхши уруғ топиб, танлаб оламиз деганимизда, туман масъуллари “шу уруғни олмасанг, ерингни топшир”, дейишди”, деган газетага “Озоджон” фермер хўжалиги раҳбари Равшан Раҳматов.

Оқдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Алишер Мажидов 4 январда Озодлик саволларига жавоб бераркан, фермерлар иддаосини рад этди:

“Ҳозирги замонда бировни бирор нарсани сотиб олиш мумкин эканми?! Ахир бу ихтиёрийку! Фермер ёки деҳқон олмайман, деса олмаслиги мумкин эди. Бундай бўлиб кетишини на ҳокимлик, на фермер билган. Келган картошка сифатсизлигини билса, ҳоким ҳам ўртага тушмас эдику?!”

Матбуот хизмати раҳбарининг гапидан келиб чиқиб, Озодлик “Демак, картошка масаласида ҳоким ўртага тушган экан-да?” деб сўради. Алишер Мажидов бунга жавобан “Ахир ҳоким ҳамма нарсадан хабардорку! Лекин бу “ўртага тушди” дегани эмас”, деди.

Оқдарёлик фермерлар “вилоят ва туман ҳокимларининг оғзаки топшириғига биноан, “Агробанк” ҳеч қайси фермердан сўрамай, картошка уруғига кредит папка килиб, уларга пул чиқариб берганини” 4 январда Озодликка айтди. Хусусан, “Икром жавоҳир даласи” фермер хўжалиги раҳбарининг айтишича, аввал ҳисобига кредит тушган, шартнома эса, кейин расмийлаштирилган.

Худди шундай фикр “Зарафшон” газетаси мақоласида ҳам келтирилган:

“Банк хабарим йўқ ҳолда, розилигимсиз шартнома тузмасдан фермер хўжалигимиз номига 26 млн 660 минг сўм кредит чиқарган”, деган газетага “Озоджон” фермер хўжалиги раҳбари Равшан Раҳматов.

Агробанк”нинг Оқдарё туман филиали раҳбари Дилшод Толлиев фермерлар иддаосини рад этаркан, 4 январда Озодликка бундай деди:

“Олдиндан шартнома тузмасдан кредит бера олмаймиз. Бу техник жиҳатдан мумкин эмас”.

Фермерларнинг айтишича, улар “Агробанк”дан олган кредитлар “Ўзагросуғурта” компанияси томонидан суғурта қилинган. Бу масалада ҳам Озодлик икки хил талқинга гувоҳ бўлди.

Компаниянинг Оқдарё туманидаги филиали ходими (ўзини таништиришни истамади) уруғлик картошка можаросидан хабари борлигини билдираркан, “биз кредитларнинг қайтарилмаслигини суғурта қилганмиз, ҳосилни эмас”, деди.

Лекин “Агробанк”нинг Оқдарё туман филиали раҳбари Дилшод Толлиев суғуртани кредитлар қайтарилмаслигига эмас, ҳосилга боғлади:

“Мен “Ўзагросуғурта” билан гаплашдим. "Ўша пайтда (картошканинг яроқсизлиги аниқланган кунлар – таҳр.) биз бориб мониторинг қилганмиз" деяпти. Картошка униб чиққанидан кейин совуқ уриб кетса, шунга ўхшаш офатлар оқибатида ҳосил бўлмай қолса, тўлаб берамиз дейишди”.

Оқдарёлик фермерларнинг айтишича, уларга яроқсиз уруғлик картошка сотган SamGold МЧЖ раҳбари Абдулла Ризоқуловнинг иши шу кунда терговда. Бу маълумотни ҳокимлик матбуот хизмати ҳам, “Агробанк” туман филиали раҳбари ҳам тасдиқлади. Айтилишича, фермерларнинг сифатсиз уруғлик картошка билан боғлиқ муаммоси тергов натижаларига боғлиқ.

Муаммо илдизи қаерда?

“Зарафшон” газетаси бу мавзуни анчайин пухта ўрганганига гувоҳ бўлдик. Газета, хусусан, чет элдан келтириладиган уруғлар сифатини текшириш иши яхши йўлга қўйилмаганига ҳам эътибор қаратган.

Бироқ мустақил иқтисодчилар фикрича, оқдарёлик фермерларникига ўхшаш муаммоларнинг илдизи Ўзбекистонда ҳануз ҳукм сураётган маъмурий-буйруқбозликка, коррупцияга бориб тақалади, яъни ҳокимлар ишлаб чиқарувчига, хусусан фермерга нимани, қачон, кимдан олиб экишни, ҳосилни кимга, неча пулдан сотишни буюришда давом этар экан, бундай муаммолар пайдо бўлаверади.

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев аввалроқ Озодлик билан суҳбатда иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни якунига етказиш учун қонунларни ўзгартириш кераклигини айтган эди.

“Эҳ-ҳее, банк тизими тўғрисидаги, акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунларни, давлат бошқарувига оид қонунларнинг ҳаммасини ўзгартириш керак. Ҳокимлар ҳеч бир ишлаб чиқарувчи субъектнинг ишига аралашмаслиги керак. У ёки бу қонун у ёқда турсин, Конституцияни ўзгартириш керак. Чунки ҳокимларнинг ваколатлари Конституцияда белгилаб қўйилган ва улар бекор қилиниши керак. Шаҳардаги ишлаб чиқарувчию қишлоқдаги фермер – барча-барчаси мутлақо мустақил бўлиши керак. У ҳокимнинг, прокурорнинг, мелиса ва солиқ бошлиқларининг кўзига қараб турмайдиган бўлиши керак”.

XS
SM
MD
LG