Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:37

"Ортга йўл йўқ". Ўзбекистонга қайтган Жаҳонгир Отажонов “Эрк” партиясини тикламоқчи


Жаҳонгир Отажонов Тошкент аэропортида. 12 май, 2021 йил.
Жаҳонгир Отажонов Тошкент аэропортида. 12 май, 2021 йил.

Ўтган йил декабрида санъатдан кетганини эълон қилганидан буён Ўзбекистондаги президент сайловлари билан боғлиқ баёнотлар бериб келаётган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов 12 май куни Туркиядан Ўзбекистонга қайтди.

Тошкентдаги уйидан Озодликка гапирган Отажонов Ўзбекистонда "қиладиган биринчи иши “Эрк” партияси фаолиятини жонлантириш" эканини айтди. "Шунинг учун Ўзбекистонга қайтдим. Мақсадим президент бўлиш, ортга йўл йўқ”, - деди собиқ хонанда.

Озодлик билан суҳбатда Отажонов Тошкент аэропортида ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаганини қўшимча қилди.

“Озгина хавотир бор эди, лекин Тошкент аэропортига келганимда ҳеч қанақа хатар сезмадим. Олдин қўшиқчи бўлганман, ҳамма менга қарайди. Ҳозир Худога шукур, Тошкентдаги уйимдаман. Икки ҳафта карантинда бўлишим керак. Карантин тугаганидан кейин “Эрк” партияси фаоллари билан учрашиб, ишни бошлаймиз”, – дейди Отажонов.

Ўтган йил декабрида қўшиқчилик фаолиятини тугатишини эълон қилган 42 яшар Отажонов ўз қарорини "қўшиқчилик шариатга зид” деган ишонч билан изоҳлаган.

Унинг шу йил январида Ўзбекистондаги президент сайловларида номзодини илгари суриши ҳақида қилган баёноти тармоқларда турлича қаршиланди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига мувофиқ, президентликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилади.

Отажонов ва бошқа фаолларнинг Ўзбекистон ичкарисида мухолиф партия тузишга уринишлари қаршиликка учради.

Эндиликда Отажонов янги партия тузиш фикридан воз кечгани ва Ўзбекистондаги илк мухолифат партияси бўлган “Эрк” фаолиятини қайта тиклашга бел боғлаганини айтмоқда.

У бу фикрга шу йил мартида Истанбулда, муҳожиротдаги “Эрк” раҳбари, таниқли шоир Муҳаммад Солиҳ билан учрашув ортидан келган.

Бунинг ортидан “Эрк” партияси шу йил 5 апрелда баёнот эълон қилиб, Ўзбекистонда октябрь ойида ўтадиган президент сайловларида қатнашиш режасини эълон қилди ва Жаҳонгир Отажонов партиянинг эҳтимолий номзодлардан бири эканини билдирди.

Отажоновнинг “Эрк” партияси ва унинг лидери билан яқинлашиш қарори Ўзбекистондаги ота-онасининг қоралаш ва дашномларига сабаб бўлди. У тармоқларда Ўзбекистон куч ишлатар тизимларига яқин деб ишониладиган блогерларнинг таҳқиромуз ҳужумларига ҳам учради.

Аввалроқ Жаҳонгир Отажонов Туркияда номаълум шахслар томонидан таҳдидлар бўлгани ҳақида Озодликка гапириб берган эди.

“Сен учун пул таклиф қилишган” - Жаҳонгир Отажонов Туркияда таҳдидга учради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:35 0:00

Истанбулдаги офисига ташриф буюрган уч шахс ўзларига уни дўппослаш учун "пул таклиф қилингани"ни айтишган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди. 2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган. "Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Мавжуд сайлов қонунчилиги сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн бермайди.

Озодликнинг нега айнан “Эрк” партиясини танладингиз, далингиз деган Озодлик саволига Отажонов:

“Сиёсий партия аъзоси сифатида мен ўзимча иш бошлай олмайман. Бу партиянинг ўзига яраша обрўси бор. Қолаверса, 1990 йиллар Ўзбекистонни мустақил бўлишига фойдаси теккан. Ўша йиллари бу партия Ўзбекистонда расман рўйхатдан ҳам ўтган. Мен шу партияни парламентга олиб чиқишни ва президент бўлиб сайланишни олдимга мақсад қилганман”, деб жавоб берди.

Ўзбекистонда президент сайловларига 6 ойдан камроқ вақт қолаётган эса-да, ҳануз расман номзодларнинг кимлиги маълум эмас.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистондаги мавжуд ҳукуматпараст партияларнинг биронтаси ҳозирча президент сайловларида номзодини илгари сургани йўқ.

Сайловларда номзодини қўйишини айтган янги таъсис этилган мухолифатдаги “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси Хидирназар Аллақулов эса ўтган ҳафта туҳмат айби билан жазога тортилди.

XS
SM
MD
LG