Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:56

Маҳкумларнинг яқинлари ва фаоллар қамоқхоналарда коронавирус тарқалишидан хавотирда


Ўзбекистоннинг эндиликда ёпилган "Жаслиқ" қамоқхонаси сил эпидемияси ўчоғи бўлиб келган.
Ўзбекистоннинг эндиликда ёпилган "Жаслиқ" қамоқхонаси сил эпидемияси ўчоғи бўлиб келган.

Ўзбекистондаги ўндан зиёд маҳкумларнинг қариндошлари ва фаоллар "қамоқхоналарда коронавирусни юқтириб олиш хавфи жуда юқорилиги боис" хавфли жиноят этмаган ва кекса ёшдаги маҳбусларни вақтинча уй қамоғига чиқаришни сўраб Ўзбекистон президенти портали ва Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат қилди.

Мурожаатчилар фикрича, шу йўл билан Ўзбекистондаги "маҳбусларга тўлиб-тошган қамоқхоналарда коронавирусга оммавий чалиниш хавфини камайтириш мумкин".

Мурожаатчилар 2 апрель кунги хатига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан ҳам, Президент порталидан ҳам ҳали жавоб олмади.

Бошқарма расмий сайтида 4 апрель холатига кўра, жазо муассасаларида коронавирус холатлари қайд этилмагани, кучли карантин тартиби эълон қилингани, терговчи ва адвокатлар ҳамда маҳкумлар қариндошларининг қамоқхоналарга зиёратлари ва передачалар қабул қилиш вақтинча тўхтатилгани айтилган.

Тошкентлик аёл (исми матбуотда очиқланишини истамади) ўғрилик учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган ва Навоийдаги қамоқхонада жазо муддатининг тўртинчи йилини ўтаётган 26 яшар ўғлини уй қамоғига ўтказишни сўраётганлардан биридир.

- Оҳирги марта февраль ойида кўргани борганимда шамоллаб қолган эди. Олдин сил касали ҳам бўлган. Агар коронавирус тарқалса борми биринчи менинг ўғлимга юқади. Чунки иммунитети слабийлашиб қолган. Шунинг учун жазонинг қолган бир йилини уйда ўтаса, деяпмиз. Майли яна муддат қўшсин, лекин уйда ўтасин, - дейди маҳбуснинг онаси.

Ўзбекистонда давлатга хиёнатда айбаниб шу йил бошида 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган, ҳозирда Навоийдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 68 ёшли собиқ дипломат Қодиржон Юсуповнинг Лондонда яшаётган ўғли Бобур ҳам отаси зудликда қамоқдан чиқарилишини сўрамоқда.

Қодиржон Юсупов қамалишидан олдин касалхонадалиги пайти олинган сурат..
Қодиржон Юсупов қамалишидан олдин касалхонадалиги пайти олинган сурат..
Агар Ўзбекистондаги ҳукумат инсонпарвар бўлса дунё тажрибасидан келиб чиқиб, оғир жиноят содир этмаганларни озодликка чиқариши керак


- Ҳозирги вазиятда отам зудликда уйга қўйиб юборилиши керак. Отамнинг ҳаёти хавф остида. Биз бу ҳақда президентга ҳам мурожаат қилдик. Отам айбни ҳеч қачон бўйнига олмаган ва бошидан қамалмаслиги керак эди. Ёши етмишга яқинлашиб қолди, бунинг устига касал. Юрак касали ва бошқа касалликларни бошдан кечирган. Руҳий ахволи ҳам оғир. Коронавирус биринчи навбатда ёши кексаларни йиқитяпти. Ҳозир мен яшаётган Британияда зўравонлик қилмаган барча махбусларни чиқаришяпти. Фавқулодда чораларга қўл уриляпти. Чунки, биринчи галда инсоннинг ҳаёти муҳим. Агар Ўзбекистондаги ҳукумат инсонпарвар бўлса дунё тажрибасидан келиб чиқиб, оғир жиноят содир этмаганларни озодликка чиқариши керак, - деди Бобур.

Швецияда яшаётган фаол, Ўзбекистонда 25 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган маҳбус Искандар Ҳудойбергановнинг синглиси Дилобар Эркинзода ҳам Facebook саҳифасида коронавирус тарқалиши манзарасида баъзи махбуслар озод этилиши керак, деган чақириқ билан чиқди.

"Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам анчагина маҳбуслар бор ва уларнинг кўпчилигини соғлиғида муаммолари борлиги ҳеч кимга сир эмас.

Шу сабабдан Ўзбекистон хукумати ҳам ушбу масалани кўриб чиқиб, маҳбуслар ва қамоқхоналар карантини ҳақида маълумот бериб турсалар халқимиз буни фақат олқишлайди деб ўйлайман.

Ва албатта ҳозирда жиддий касал, узоқ йиллардан бери маҳбусликда қолаётган инсонларни яқинларига, уйларига чиқариб, озод қилишларини сўраб қолардим", - деб ёзди Эркинзода.

Карантинга қарамай маҳкумлар ишлатилмоқда

Ўғли Жиззахдаги манзил колониясида жазо ўтаётган аёл у ерда маҳкумлар каратинга қарамай ишлатилаётганини айтди:

- Ўғлим беш йилга қамалган. Сентябрда чиқиши керак. Карантинга қарамай Жиззахдаги краска заводида ишлатишяпти. Ҳар куни эрталабдан кечгача ишлашади, кейин колонияга олиб боришади. Карантин пайти ишлатишмай, изоляцияда ушлаб туришса бўларди, - дейди исми матбуотда ошкор этилишини истамаган самарқандлик аёл.

Халқ орасида "Панельний" номи билан машҳур бўлган Тошкентдаги маъмурий қамоқхонада ҳам карантин қоидалари бузилаётгани ҳақида шу қамоқхона яқинида яшовчилар Озодликка маълум қилди.

- Передачага очередда туришибди. Ҳамманикини оляпти. Аҳир бу билан ўзларини қариндошларига жабр қилишяптику, - дейди пойтахтликлардан бири 7 апрель куни.

Карантин доирасида маҳбусларга қариндошлари тарафидан егуликлар олиб келиш тақиқланган бўлса-да нега "Панельний"да уларни қабул қилиш тўхтамаяпти?

Бу ҳақда Озодлик қамоқхона маъмуриятидан ҳам Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасидан ҳам изоҳ ололмади.

Халқ орасида Панелний деб аталувчи қамоқхонанинг маҳкумларга озиқ-овқат узатиладиган деразаси.
Халқ орасида Панелний деб аталувчи қамоқхонанинг маҳкумларга озиқ-овқат узатиладиган деразаси.

"Қамоқхоналарида коронавирус тарқалиши учун идеал шароит бор"

Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтириб чиққанлар колониялар бир зумда коронавирус ўчоғига айланиши учун шароит етарли эканини айтишади.

10 йиллик қамоқ муддатини ўтаб чиққан 66 яшар ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли, маҳкумларни уй қамоғига олиш юзасидан мурожаат ташаббусчиларидан бири Аъзамжон Турғунов Ўзбекистондаги қамоқхона шароитларини тасвирлар экан, бундай деди:

- Бир камерада ўндан зиёд маҳбус сақланади, уларнинг барчаси умумий идиш-товоқдан овқатланади. Камералар вентиляция қилинмайди. Бу эса коронавирус тарқалиши учун идеал шароит. Шунинг учун биз ҳозир сохта айбловлар билан қамалганлар, зўравонлик қилмаган, жамият учун ҳавф туғдирмайдиганларни уй қамоғига олишни сўраяпмиз. Бу жазо муассасалари учун ҳам бир енгиллик бўлар эди. У ерда қоладиган маҳбуслар учун ҳам яхши бўлар эди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ҳам Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси манзарасида маҳкумлар сонини қисқартириш масаласини кўриб чиқиши кераклигини айтаркан, деди:

- Ўзбекистондаги қамоқхоналарда сил касалликлари қандай тез тарқалганини кўрганмиз. Силга чалинганлар бошқа маҳкумлар билан аралаш сақланади. Маҳбуслар билан тўлиб кетган муассасаларнинг вентиляция қилинмаслиги Ўзбекистондаги пенитенциар тизимининг энг катта муаммоси ҳисобланади, бу эса касалликнинг тез суръатлар билан тарқалишига олиб келади. Ҳозир ҳукумат маҳбуслар сонини кескин қисқартириш масаласини кўриб чиқиши керак, акс холда бу Жазони идро этиш бошқармаси учун ҳам катта ташвиш бўлиши мумкин, чунки пенитенциар тизимлар эпидемияга тайёр деб ўйламайман.

Мурожаатчилар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан ўз таклифларига ҳануз жавоб олмаганлар.

Бошқарма расмий сайтида 4 апрель холатига кўра, жазо муассасаларида коронавирус холатлари қайд этилмагани, кучли карантин тартиби эълон қилингани, терговчи ва адвокатлар ҳамда маҳкумлар қариндошларининг қамоқхоналарга зиёратлари ва передачалар вақтинча тўхтатилгани айтилган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзамжон Турғунов қамоқхоналар карантин жорий қилингани билан у ерга коронавирус ходимлар орқали киришини истисно қилмайди.

Қамоқда бир одам коронавирусни юқтирса борми бутун муассасани чангалига олади.

- Қамоқхона шундоқ ҳам изоляциядаку, коронавирус қандай киради, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин, қўриқчилар орқали кириши мумкин. Улар доим алмашиб туради. Ҳозир маҳбуслар ҳам коронавирусдан ҳимояланиш учун ниқоб тақиб юрганини эшитдик. Лекин, маҳбусларга тўла, бир камерада 10-15 маҳбус ётиб-турадиган, бир идиш-товоқда овқатланадиган қамоқхоналар учун бу чора етарли эмас. Ҳозир Ўзбекистонда бу касаллик соат сайин ортиб бормоқда. Қамоқда бир одам коронавирусни юқтирса борми бутун муассасани чангалига олади, - дейди Аъзамжон Турғунов.

Февраль ойида Хитойда камида икки қамоқхонада коронавирус тарқалиши оқибатида юзлаб маҳбус ва хавфсизлик ходимлари хавфли вирусни юқтиришганди.

Ҳозирда коронавирус тарқалган аксар давлатларда қамоқхоналарда эпидемия юз бериши олдини олиш учун хавфли жиноят этмаган маҳбуслар озодликка чиқарилмоқда.

Коронавирус ўчоғига айланган АҚШнинг аксар штатларида сўнгги икки ҳафта ичида ўн минглаб маҳбус вақтинча озод этилди.

Озарбайжонда ҳам ёши 65дан катта бўлганлар уйига қўйиб юбориляпти.

Энг қаттол режимлардан ҳисобланган Эрон ҳам коронавирус хавфи боис 90 мингга яқин маҳкумни вақтинча қамоқдан чиқарди, айримларини афв этди.

Агар сиз мажбурий карантинда сақланаëтган бўлсангиз¸ ëки коронавирусга чалинган беморларга тиббий ëрдам кўрсатувчилар сафида бўлсангиз¸ ҳозирги иш фаолиятингиз ва шароитингиз ҳақида жамоатчиликка ҳикоя қилишингиз мумкин.

Бу ҳақда Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига ëзиб юборинг¸ сурат ва видео жўнатинг!

XS
SM
MD
LG