Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:24

"Андижон" ва "Андижанка" футболчилари беш ойдан буён маошсиз қолмоқда (ВИДЕО)


“Андижон” жамоаси ўтган йили Ўзбекистон биринчи лигасидан супер лигага кўтарилган эди.
“Андижон” жамоаси ўтган йили Ўзбекистон биринчи лигасидан супер лигага кўтарилган эди.

Андижоннинг Ўзбекистон суперлигасида тўп сурадиган икки йирик футбол жамоаси “Андижон” ва "Андижанка" футбол клублари мураббий ва футболчилари беш ойдан буён ойликсиз қолган.

Ҳар иккала клубнинг Озодлик гаплашган аъзоларига кўра, молиявий муаммолар боис клуб раҳбарияти январь ойидан буён ойлик бера олмай қолган.

Молиявий қийинчиликлар сабаб "Андижон"нинг россиялик мураббийси Александр Хомяков ва украиналик дарвозабони Виталий Мирнийлар клубни аллақачон тарк этган.

Клуб раҳбари Маъруф Тўрақулов​ 20 май куни Озодлик билан суҳбатда ҳомийлардан маблағ тушуми тўхтагани сабаб клуб оғир молиявий вазиятда қолганини тасдиқлади.

Андижон вилоятининг аёллар футболи бўйича юзи ҳисобланган "Андижанка" футбол клуби ҳам инқироз ёқасига келиб қолган.

Клубнинг Озодлик билан суҳбатлашган футболчи қизлари охирги марта ўтган йилнинг декабрь ойида ноябрь ойлигини олганини айтди.

Андижоннинг “Соғлом Авлод” ўйингоҳи эса пул йўқлигидан қаровсиз қолиб, футбол майдонини қўзиқорин босган.

"Андижон" клубининг исми сир қолишини истаган футболчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўйинчиларнинг беш ойдан буён ойлик олмаëтганини айтди.

- Йилнинг бошидан буён ойлик олганимиз йўқ. "Эрта-индин бўлади", дейишади¸ дарак йўқ. Мана энди карантинни баҳона қилишди. Аслида¸ карантиндан олдин ҳам ойлик муаммо бўлиб келган. Суперлига жамоасимиз, лекин автобусимиз ҳам йўқ. Базамиз расво ҳолатда. Эрта-индин машғулотлар бошланади, қаерда тўпланишимизни ҳам билмаймиз.

Молиявий қийинчиликлар сабаб "Андижон"нинг россиялик мураббийси Александр Хомяков ва украиналик дарвозабони Виталий Мирний клубни тарк этган.

Виталий Мирний март ойида ўтказилган матбуот анжуманида клубдан кетишига маошининг олти ойга кечикиши сабаб бўлганини айтган эди.

“Андижон” футбол жамоасининг молиявий муаммолар гирдобида қолганини Озодлик боғланган клуб раҳбари Маъруф Тўрақулов ҳам тасдиқлади.

Тўрақулов бу муаммоларнинг вақтинчалик эканига умид билдирди:

- Cпонсорлардан пул тушиши тўхтаган. Маблағ йўқ, клуб жуда қийин аҳволда қолган, ойликлар кечикяпти. Ойлик йўқлигига ҳам чидаш мумкиндир, лекин футболчиларни тўплаб, машғулот ўтказиш ҳам муаммо бўлиб турибди, меҳмонхонага пул йўқ. Клубнинг автобуси ҳам йўқ. Бошқа клублар машғулотларни бошлаган, бизда логистика муаммо. Спонсорлар вақти-вақти билан ёрдам бериб туради, қўлдан берганга қуш тўймас¸ дейдику. Бу спортга катта пул керак, спонсорлик мунтазам бўлиши керак.

“Андижон” фан клуби раҳбари Нодир Тўйчибоев Озодлик билан суҳбатда футболчилар муаммосига вилоят ҳокимлиги эътибор қаратиши кераклигини айтади.

- Агар бу клуб вилоятимизга керак бўлса¸ ҳокимият қўллаб-қувватласин, агар керак бўлмаса ёпишсин. Биз ҳам истамаймиз доим вилоятимиз футболи ҳақида ёмон хабарлар чиқиб туришини.

Андижон вилоятининг аёллар футболи бўйича асосий жамоаси ҳисобланган "Андижанка" клубининг Озодлик билан исми очиқламаслигини сўраб гаплашган ўйинчиси охирги марта ўтган йил декабрь ойида ойлик олганини айтди.

- Ўтган йил декабрь ойида ноябрнинг ойлигини беришди, ўшандан бери ойлик олмадик. Клубнинг ҳар бир ўйинчига қарзи 20-30 миллион сўмдан ошиб кетган. Ўйинга яхши ҳисса қўшгани учун қўшимча рағбат тўловлари бериларди. У ҳақда ҳали айтаётганимиз йўқ. Бу ўз-ўзидан ўйинчилар кайфиятига таъсир қиляпти. Биз бозорга чиқиб тирикчилик қилолмасак, ҳаётимизни шу футболга бағишлаган бўлсак, моддий рағбат бўлиши керакку!

"Андижанка" жамоаси аёллар футболи бўйича етакчи жамоалардан биридир.
"Андижанка" жамоаси аёллар футболи бўйича етакчи жамоалардан биридир.

Озодлик "Андижанка" футбол клуби раҳбариятидан ойликларнинг нега берилмаётганига изоҳ сўради.

Клуб раҳбарияти телефонини кўтарган шахс Озодлик саволини эшитгач¸ алоқани узиб қўйди.

"Андижанка" футбол клубига совет даврида асос солинган.
"Андижанка" футбол клубига совет даврида асос солинган.

1985 йилда ташкил топган "Андижанка" жамоаси беш карра Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Молиявий қийинчиликлар

"Андижон" ва "Андижанка" футбол клублари биринчи марта молиявий мураккабликларга юз тутаётгани йўқ.

Клубда бундан олдин ҳам ойлик тўлашда ойлаб кечикишлар бўлган.

Ўтган йил Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят ҳудудида фаолият юритаëтган барча тадбиркорлик субъектларига “Андижон” футбол клуби учун жами 8 миллиард 55 миллион сўмлик “ҳомийлик ëрдами” йиғиш талабини қўйган эди.​

Вилоятдаги жами 167 та корхона ва ташкилотга “футбол солиғи” солингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистондаги футбол клублари молиявий жиҳатдан мустақил эмас ва шу боис ҳукумат томонидан белгиланган йирик давлат компаниялари спонсорлик маблағига қарамдир.

“Андижон” клубидаги вазиятдан яхши хабардор мулозим Озодлик билан суҳбатда футбол клубининг бош спонсори GM Uzbekistan сметага киритилган маблағнинг учдан бирини ҳам бермагани оқибатида суперлигага чиққан клубнинг молиявий жиҳатдан оғир аҳволда қолгани вилоят ҳокимини шундай ҳаракатга мажбурлаганини билдирган эди.

Андижон вилояти ҳокимлиги мулозими 20 май куни Озодлик билан суҳбатда "футбол клубларини молиялаш масаласи ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов доимий эътиборида" эканини айтди.

- Ҳокимимизни ўзи "Андижон" клубининг ишқибози. У киши клубни хор қилиб қўймайди. Ҳозир карантин, карантин тугаганидан кейин клубларни молиялаш масаласи ҳал бўлади, - деди Андижон вилояти ҳокимлигининг спорт ишлари бўйича масъулларидан бири.

"Андижон" ва "Андижанка"футбол клублари.
"Андижон" ва "Андижанка"футбол клублари.

Маҳаллий клуб ҳисобига пул тушириш иддаоси билан жорий йилнинг февраль ойида корхоналар клубнинг 500 минг сўм турадиган бир йиллик чиптасини сотиб олишга мажбурланган эди.

“Андижон” фан клуби раҳбари Нодир Тўйчибоев бир йиллик чиптани аксар андижонликлар ўз клубини қўллаб-қувватлаш учун сотиб олганини айтади.

- Футболга бормаса ҳам шу клубга ёрдам бўлсин, деб олганлар бўлди. Лекин бу ҳам клубни молиявий инқироздан чиқара олмади, - дейди Тўйчибоев.

"Андижон" ва "Андижанка" жамоаларининг бош ҳомийси "GM Uzbekistan" компанияси.

GM Uzbekistan расмийлари ҳозирча спонсорлик мажбуриятининг нега бажарилмаëтгани ҳақидаги Озодлик саволларига жавоб бермади.

Дунёнинг аксар давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус карантини боис спорт мусобақалари тўхтаган.

Суперлига мусобақаларида ҳам март ойи ўрталаридан танаффус эълон қилинган.

Ўзбекистон Футбол федерациясининг Озодлик суҳбатлашган мулозими танаффусга қарамай, футболчиларга шартномада белгиланган ойликлар берилиши кераклигини айтди.

- Карантин даврида ҳам футболчиларга ойликлар берилиши керак, бериляпти. Андижондаги ҳолатни маҳаллий расимийлар тезроқ ҳал қилади, деб умид қиламиз. Бошқа клубларда молиявий муаммо бўлаётгани йўқ, ойликларни олишяпти.

“Андижон” жамоаси ўтган йили Ўзбекистон биринчи лигасидан суперлигага кўтарилган эди.

Айни кунларда "Андижон" жамоаси Ўзбекистон суперлигасидаги 14 жамоа орасида 13-ўринда турибди.

"Ютқизиб келаверса, нимага пул беришим керак?"

Андижон вилояти ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов ўтган йилги футбол мавсумида "Андижон" клуби натижаларидан қониқмаётганини айтиб:

"17 миллиард сўмга стадион қилиб берсам, ойма ой ойлигини берсам, энг ками 10 миллион сўм ойлик олишади. Натижа бўлмаса! Мен айтаман, далага чигит эксанг пахта бўлади, футболга пул берсанг ютқизиб келаверса, нимага пул беришим керак уларга?", - деган эди.

“Андижон” жамоаси ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмаётганини футболчилар молиявий рағбатлантирилмаётгани билан боғламоқда.

- Пул бўлмаса ўйинчиларнинг кайфиятига таъсир қилади-да. Бизни шу футболдан бошқа қиладиган ишимиз йўқ, қўшимча даромад манбаимиз ҳам йўқ, - дейди андижонлик футболчи.

Instagram тармоғида тарқалган суратда Андижон шаҳри стадионида қўзиқоринларни кўриш мумкин.
Instagram тармоғида тарқалган суратда Андижон шаҳри стадионида қўзиқоринларни кўриш мумкин.

Футболчиларнинг Озодликка айтишича, клубнинг “Соғлом авлод” стадионида тўп юмаламай қўйгач¸ қўзиқоринлар униб чиқа бошлаган.

Стадиондаги чимни парваришлайдиган ходимнинг Озодликка айтишича, маблағ йўқлигидан стадион қаровсиз қолган.

XS
SM
MD
LG