Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:26

Бош вазир ун масаласида мажлис ўтказди, бозорларда ажиотаж давом этмоқда


Карантин. Ун тақчил. Дўкон олдидаги навбат. Жиззах, Пахтакор.
Карантин. Ун тақчил. Дўкон олдидаги навбат. Жиззах, Пахтакор.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда ун тақчиллашиб, баъзи вилоят бозорларида можаролар юзага келаётганига оид хабарлар ортидан бош вазир Абдулла Арипов 15 апрель куни ун ва ун маҳсулотларини истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш бўйича махсус йиғилиш ўтказди.

Озодлик қўлга киритган йиғилиш баённомасидан маълум бўлишича, Арипов "Ўздонмаҳсулот" ва бошқа идора раҳбарларига ун ва ун маҳсулотларини давлат ресурслари ҳисобидан 7 апрель кунги биржа нархларида (1 кг. олий навли ун - 3619 сўм, 1-навли ун - 2485 сўм, 2-навли ун - 2550 сўм) биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича топшириқ берган.

Озодлик Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ун тақчиллашгани, бори эса бозор ва дўконларда талаш бўлаётгани ҳақда хабар берган эди.

15 апрелда онлайн режимида ўтказилган ҳукумат мажлисида бош вазир Абдулла Арипов коронавирус пандемияси шароитида одамлар ун ҳарид қилиш учун бир жойга тўпланаётганидан ташвиш билдирган.

Озодликка юборилга мажлис баённомасидан маълум бўлишича, бош вазир Арипов маҳалла ва овулларда коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи боис, ички ишлар бўлимлари, маҳалла посбонлари ва раисларини аҳолининг бир вақтда ун харид қилиш учун бир жойга тўпланишининг олдини олишга вазифалантирган.

16 апрель куни ун ва ун махсулотларини аҳолига узлуксиз етказиб бериш бўйича ўтказилган ҳукмат мажлиси баённомаси.
16 апрель куни ун ва ун махсулотларини аҳолига узлуксиз етказиб бериш бўйича ўтказилган ҳукмат мажлиси баённомаси.

Ҳукумат мажлиси баённомасида ун устида талаш юзага келиши олдини олиш учун шу маҳсулотга эҳтиёжи бор хонадонлар рўйхати тузилиб, уларни савдо дўконларига келиш графигини ишлаб чиқиш ва бу ҳақда ҳар бир хонадон хабардор қилиниши кераклиги айтилган.

Савдогарлар эса пул операцияларини фақат пластик карталарда амалга ошириши, Марказий банк бунинг учун ун чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва савдо дўконларини тўлов терминаллари билан таъминлаши кераклиги мажлис баённомасида таъкидланган.

Ҳукумат мажлисида баъзи жойларда ун нархининг сунъий равишда оширилиши ва чайқовчилик ҳолатлари ҳам тилга олинди.

Бош вазир Абдулла Арипов мамлакатдаги барча масъул раҳбарларга, асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланган ун нархларининг кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик учун барча лозим чораларни кўришларини сўраган.

15 апрель куни мажлис баённомасида ҳуқуқ тизимлари ун нархининг сунъий равишда оширилишининг олдини олиш чораларини кўриши, маҳсулотнинг истеъмолчиларга автоуловлар орқали талон-торожликларга йўл қўйилмасдан етказиб берилишини назорат қилиши кераклиги айтилган.

Энг арзон уннинг килоси 4400 сўмга чиқди

Айни кунларда, хабарларга қараганда, бозорларда ун ва ёғ каби маҳсулотлар талаш бўлмоқда. Коронавирус карантини даврида четдан келтириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари камайиб қолган.

Бир ҳафта аввал бир қопи 170-180 минг сўмдан сотилган Қозоғистон уни нархи 17 апрелда 210 минг сўмдан ошди.

Нархи четдан келувчи қозоқ унидан қарийб икки баравар арзон бўлган маҳаллий ун эса дўконларда тақчиллашган.

- Эллик килолик бир қоп қозоқ уни 110 минг сўм бўлди бугун. 25 килолик қопдагиси 108 минг сўм. Энг арзон маҳаллий уннинг килоси 4400 сўм, - деди Андижон шаҳар деҳқон бозоридан 17 апрель куни хабар берган Озодлик мобиль мухбири.

Баъзи вилоятларда маҳаллий ун талаш бўлаётгани ҳақида Озодликка 17 апрель куни ҳам хабарлар келди.

Жиззахнинг Пахтакор тумани Деҳқон бозорида унга навбат.
Жиззахнинг Пахтакор тумани Деҳқон бозорида унга навбат.

Жиззахнинг Пахтакор туманидан олинган суратларда юзлаб кишиларнинг маҳаллий ун учун бир жойга тўпланиб турганини кўриш мумкин.

Пахтакор туман Деҳқон бозоридаги савдогарлардан бири аҳоли орасида нарх-наво яна ошармиш, деган ваҳима сабаб бозорларда ун ва ёғ каби маҳсулотлар талаш бўлаётганини айтди:

- Бугун 15 тонна ун олиб келинди. Бу ун ҳам талаш бўлди. Озиқ-овқат дўконларида ўсимлик ёғига ҳам навбатлар кўпайди. Шунинг учун учтадан кўп ёғ берилмаяпти. Унни ҳам ҳар оилага бир қопдан сотяпмиз, тугаб қоляпти.

Бундан олдин Озодлик ун Андижон, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида талаш бўлгани ҳақда хабар берганди.

Жиззахлик қандолатчи Шарифбой ун қимматлагани ун маҳсулотларига ҳам таъсир қилаётганини айтди:

- Биз олаётган унлар 150-160 минг сўм эди. Яъни бир қопи. Ҳозир қозоқ унини 200 мингдан олиб келдим. Ўзимизни Жиззахда чиқадиган маҳаллий ун йўқ. Бўлка нонлар ҳам 1500 сўм эди, 1750 сўмга чиқиб кетди. Маҳсулотларнинг нархини оширмасак ҳаражатимиз қопламайди. Баъзи новвойлар нархни оширмай, грамини камайтиряпти, грамидан олиб қолишяпти. Нонлар кичкина бўлиб қоляпти. Ҳали ун ва озиқ-овқат яна ошади, дейишяпти. Кўрамиз буёғига.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар нархлар ошишига коронавирусга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли импорт қисқаргани, Ўзбекистон ички валюта бозорида сўмнинг қадрсизланганини сабаб сифатида келтиришди.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ой бошига нисбатан 5,5 фоизга ошиб, 17 апрель куни 10 121 сўмни ташкил этди.

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан маҳаллий бозорларда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Озиқ-овқат савдоси¸ таъминоти билан билан шуғулланувчи тадбиркор¸ хусусан¸ жорий вазиятда нархлар ошиш жараëнни назорат қилишга масъул ишчи гуруҳга алоқадор бўлсангиз¸ вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

XS
SM
MD
LG