Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

"Партияни қўйинг, ўзингизни ўйланг!" - янги тузилаётган партия фаоллари босимдан шикоят қилмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

1 декабрь куни Адлия вазирлиги “Халқ манфаатлари” сиёсий партияси ташкилий қўмитасининг партия таъсис қурултойини ўтказиш тўғрисидаги хабарномасини расман қабул қилди. Таъсис қурултойи 28 январга режалаштирилди.

Яна бир янги партия – “Ҳақиқат ва Тараққиёт”нинг ташкилий қўмитаси йиғилиши 15 декабргача ўтказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда баъзи вилоятларда бу партияларга хайрихоҳларга ички ишлар ходимлари босим ўтказишни бошлагани ҳақида хабарлар келмоқда. “Ҳақиқат ва Тараққиёт”га хайрихоҳ сирдарёлик блогер 28 ноябрда Гулистон шаҳар ИИБда 5 соат ушлаб турилди. “Халқ манфаатлари” партияси ташкилий қўмитаси ўзининг 28 ноябрдаги йиғилишини кўчада ўтказишга мажбур бўлди.

Сирдарёлик блогер, 4 фарзанднинг отаси, олий маълумотли муҳандис, 47 яшар Хайрулло Қиличев 28 ноябрда Гулистон шаҳар ИИБ биносида ушлаб турилгани тўғрисида 1 декабрда Озодликка “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташкилий қўмитаси аъзоси, журналист Бахтиёр Карим хабар қилди.

5 соатга чўзилган "суҳбат"

Хайрулло Қиличев 1 декабрда Озодликка уни 28 ноябрь куни эрталаб соат 10.10 дан 15.30 гача ИИБ биносининг қайси қаватидаги қайси хонасида ушлаб туришганини, кимлар “суҳбат” ўтказганини айтиб берди.

Қиличевнинг айтишича, уни ИИБнинг Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи ва ходимлари ушлаб турган.

Сирдарёлик блогер Хайрулло Қиличев
Сирдарёлик блогер Хайрулло Қиличев

“28 ноябрдан олдин бир ҳафтача кунда, кунора қўнғироқ қилиб, келиб кетинг дейишди. Мен бормадим. Хоҳишим ҳам, вақтим ҳам йўқ эди. 28 ноябрь куни соат 10.05 да Гулистон шаҳридаги Марказий почта биноси олдидан ИИБнинг уч ходими томонидан шаҳар ИИБ ига мажбуран олиб кетилдим”, деди Хайрулло Қиличев.

Унинг айтишича, ички ишлар идорасида ўтган 5 соат давомида ИИБ ходимлари унинг телефонини 1, 1,5 соатча текширишган, олиб келишаётганида “устингдан ариза тушди” дейишган, лекин на ўша ариза тўғрисида, на бошқа бир тайинли гап бўлган. Ҳатто тушлик пайти у билан икки ходим бирга овқатланган ҳам.

“Охир-оқибат ходимлардан бири мақсадга ўтди. Сиз билан олдинги сафар келиша олмагандик. Бу гал келишайлик энди. Партия-мартияни қўйинг. Инсон ҳуқуқлари билан ишингиз бўлмасин, ўзингизни ўйланг. Нима ёрдам керак бўлса, айтинг, биз ёрдам берайлик. Хуллас, жим юринг. Бундан буёғига ортиқча ҳаракат қиладиган бўлсангиз, бола-чақангиз кўчада қолиб кетади, биз сиз билан бошқача гаплашишга мажбур бўламиз, деб, кўчага олиб чиқиб қўйишди”, деди янги тузилаётган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига хайрихоҳ Хайрулло Қиличев. Айтишича, уни 28 октябрда ҳам ИИБга олиб кетганлар ва ўшанда 2,5 соат давомида ундан сиёсатга аралашмаслик, одамлар орасида янги партияни тарғиб қилмаслик сўралган.

“Мен ўшанда ҳам айтганман, партиялар қанча кўп бўлса, шунча яхши деган фикрдан келиб чиқиб айтяпман янги партия ҳақида одамларга, уларни мажбурлаб аъзо қилаётганим йўқ, ҳатто ўзим ҳам аъзо бўламанми-йўқми – ҳозирча номаълум деганман”, деди Қиличев.

Исми бирдан ўзгариб қолган ИИБ ходими

Озодлик блогер билан “профиликтик суҳбат” ўтказган олти ходимдан уч нафарининг телефонларини топди. Икки ходим телефонини кўтармади. Учинчиси ўзининг “ИИБ Терроризмга қарши кураш бўлими ходими Суннат” эканлигини аввалига тан олди, кейин гап Хайрулло Қиличев билан боғлиқ воқеага кўчгач, “Йўқ, мен Суннат эмас, Сардорман”, деди ва алоқани узишга мажбур бўлдик.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт”нинг ташкилий қўмитаси аъзоси, журналист Бахтиёр Каримнинг Озодликка 1 декабрда маълум қилишича, Хайрулло Қиличев янги партиянинг босимга учраган ягона хайрихоҳи эмас. Қўқонлик Маҳмуджон Қодиров партия учун имзо йиққани учун ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини айтди Бахтиёр Карим. Озодлик ҳозирча бу воқеани батафсил ўрганишга улгурмади.

Адлия вазирлигининг "Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси таъсисчиларига 30 октябрдаги хати.
Адлия вазирлигининг "Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси таъсисчиларига 30 октябрдаги хати.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташкилий қўмитаси таъсис йиғилиши 15 декабргача ўтказилиши кутилмоқда. Адлия вазирлиги 30 октябрдаги хати билан партия ташаббусчилари коронавирус карантини чекловларига риоя қилган ҳолда таъсис йиғилиши ўтказишга расман рухсат берган.

Адлия вазирлиги хабардор қилинди

“Халқ манфаатлари” сиёсий партияси ташкилий қўмитаси таъсис йиғилиши эса, 28 ноябрда бўлиб ўтди ва ўша йиғилиш ҳақидаги хабарномани Адлия вазирлиги 1 декабрда расман қабул қилиб олди.

"Халқ манфаатлари" партияси таъсисчилари Адлия вазирлигига 1 декабрда йўллаган хабарномаси.
"Халқ манфаатлари" партияси таъсисчилари Адлия вазирлигига 1 декабрда йўллаган хабарномаси.

“Энди Адлия вазирлигининг расмий жавобини кутамиз. Жавобни олгач, қонун талабларидан келиб чиқиб, 8 та вилоятдан янги партияга хайрихоҳ 20 минг кишининг имзосини тўплаймиз ва 28 январда таъсис қурултойи ўтказамиз. Бу муддат бироз кечикиши ҳам мумкин”, деди “Халқ манфаатлари” сиёсий партияси ташкилий қўмитаси аъзоси Маҳмуджон Йўлдошев.

"Номаълум кучлар" бузишга уринган йиғилиш

Маълум бўлишича, “Халқ манфаатлари” сиёсий партияси ташкилий қўмитасининг 28 ноябрдаги йиғилиши аввалдан режалаштирилган форматда ўтмаган. Маҳмуджон Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, унинг маслакдошлари 28 ноябрга режалаштирилган йиғилишни ўтказиш учун Тшкентдаги Cеnter Palas бизнес маркази шартнома тузган.

27 ноябрь, соат 17 ларда Cеnter Palas маъмурияти телефон қилиб шартномани бекор қилмоқчи эканлигини, уларга қандайдир кучлар таъсир, босим ўтказаётганини айтишди. Биз биз йиғинимизни бекор қилолмаслигимизни айтдик. 28 ноябрда бизнинг асосий ташвишларимиз бошланди. Биз карантин талабларига жавоб берайлик, одамлар орасида масофа бўлсин, деб иккита зални эгаллайдиган ҳам бўлдик, рад этишди. Йиғилишларингни ресторанда ўтказинглар дейишди, бунга ҳам кўндик, аммо бу ҳам бекор қилинди. Охир-оқибат, биз маъмуриятни шартнома ноқонуний бекор қилингани учун биз уларни судга беришимиздан огоҳлантириб йиғилишимизни Cеnter Palas бизнес марказининг эшиги олдида очиқ ҳавода ўтказишга мажбур бўлдик”, - деди Маҳмуджон Йўлдошев.

“Партия-партия” ўйиними ёки соғлом сиёсий ҳаёт бошланяптими?

Бу саволни Озодлик Ўзбекистон мустақиллиги арафасида тузилган ва сиёсий репрессияларга учраган “Бирлик” ва “Эрк” демократик партиялари асосчиларидан бири Дилором Исҳоқовага берди.

"Мен бу партияларни тузиш ишларига аралашаётган бўлмасам ҳам, узоқдан кузатиб турибман, деб бошлади гапни Исҳоқова, - Бу жараёнга “партия-партия” ўйини, деб қарашдан узоқман. Чунки бу партияларнинг тузилишига муайян бир шароит яратилди. Биров сездими-йўқми, ҳар ҳолда бироз эркинлик берилди. Акс ҳолда партия тузаман, деган фикр ҳеч кимнинг хаёлига келмасди".

"Бироз эркинлик берилганига" ишонаётган Дилором Исҳоқова бу эркинлик эртага ҳам давом этишига амин эмас:

"Эртага нима бўлишини билмайман, лекин ҳозирча изн бор ва ташаббусчилар партия тузишнинг энг машаққатли дастлабки ишларини деярли тугатиб, оммага чиқишни бошлашди. У партияни ҳам, бунисини ҳам ҳукумат томонидан махсус уюштирилаётган партия демайман. Ҳатто бундай эмас, деб аниқ айтишим мумкин. Лекин эртага нима бўлади? Эртага тазйиқ бошланса, “Бирлик” ва “Эрк”ка бўлгани каби тазйиқлар бошланса булар чидаш бера оладими? Мухолиф партия сифатида туриш бера оладими? Ёки фаолиятини тўхтатишадими? Ёки мавжуд 5 та чўнтак партиядан бирига айланиб қолишадими? Мен учун бугунги энг муҳим саволлар мана шулардир", - деди Дилором Исҳоқова.

XS
SM
MD
LG