Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:57

Саудия пойтахтида ўзбек рассоми мармар ҳайкал ўрнатди


Рассом Қорлихонов
Рассом Қорлихонов

Саудия Арабистони пойтахти Эр-Риëд шаҳрида 64 яшар ўзбек ҳайкалтароши Николай Қорлихонов яратган мармар ҳайкал ўрнатилди.

Оқ ва қора мармардан ясалган бўйи 4 ва эни 3 метрлик ҳайкал "Сonnecting" (“Қўшилиш”) деб номланган. Эр-Риëд шаҳрининг дипломатик кварталида ўрнатилган бу асар 10 январдан 30 январгача Саудияда бўлиб этган Иккинчи ҳайкалтарошлик халқаро симпозиуми давомида яратилган.

Ҳайкалтарош Николай Қорлихонов Озодлик билан суҳбатда “Саудияда ҳайкал ўрнатган илк ўзбек рассоми бўлганидан фахрланишини” билдирди:

- Ўзбек ҳайкалтароши сифатида Эр-Риëд марказидаги ҳайкалнинг муаллифи бўлганимдан фахрланаман. Ҳайкални иккита яхлит оқ ва қора мармар парчасидан йўниб ясадим. Ҳайкални ясашга 20 кун кетди. Аммо бу менинг Тошкент ижодий муҳити деб аталмиш қозонда қайнаб пишганим 20 йиллик изланиш маҳсулидир. Бундан олдин Ироқ пойтахти Бағдодда ҳам ҳайкал ўрнатгандим. Аммо илк ҳайкалим Тошкент марказида турганидан кўпроқ фахрланаман.

Рассом Қорлихоновнинг Эр-Риëдда ўрнатган асари
Рассом Қорлихоновнинг Эр-Риëдда ўрнатган асари

Рассомнинг айтишича¸ ҳайкални яратиш ва ўрнатиш жараëнида Саудия Арабистони ҳайкалтарошлик коллежи ва рассомлик университети талабалари алоҳида қизиқиш кўрсатган:

- Ҳайкални яратиш давомида Саудиянинг санъатсевар мулозимлари барча шароитларни яратиб берди. Уларнинг визуал эстетика ва айниқса ҳайкалтарошлик бобидаги нозик дидига қойил қолдим. Ҳайкални очилиш жараëнида эса оддий арабларнинг санъатга ижобий қарашини кузатдим. Айниқса скульптура коллежида ўқиëтган араб қизларнинг мен ясаган ҳайкалга ошиғич эътибор қаратганидан таъсирландим.

Эр-Риëддаги ҳайкал нимани акс эттиради

Дунë мусулмонлари талпинадиган Макка шаҳридан 800 км узоқдаги Эр-Риëд марказида ўзбек ҳайкалтароши ўрнатган ҳайкал нимани акс эттиради. Рассомнинг бу саволга жавоби қисқа бўлди:

- Бир-бирига зид қутбларнинг учрашиши ҳақида бу ҳайкал. Агар электр токининг манфий ва мусбат симларини бир бирига тегизсангиз, учқун чиқади. Саудияда ўрнатган ҳайкалим ҳам икки хил рангдаги мармар бўлагидан ясалган икки фигура бир бирига тегинган пайти акс этган. Бу мавзу доим менга ҳамрох. Тошкент марказида ўрнатганим “Ëшлик” деган композицияда эркак ва аëлнинг бир-бирига тегиниб тургани акс этади. Эркак ва аëл ҳам бир бирига зид икки қутб тимсолидир.

Саудия очиқликка интилмоқда

Ўзбекистонлик рассом иштирок этган Саудиядаги Ҳайкалтарошлик халқаро симпозиуми «бу мамлакатнинг дунë тамаддуни қадриятларига очилаëтганидан дарак дейди¸ Саудиянинг марҳум подшоҳи Фаҳд портретини ўзига қараб чизган Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов:

- Аввало дўстим ва курсдошим Николайни бу муваффақият билан табриклайман. Бу айни пайтда бутун ўзбек санъатининг ютуғи. Иккинчи тарафдан эса, бу Саудиянинг очиқликка интилаëтганидан дарак. Мен 1993 йилда Саудиянинг ўша пайтдаги қироли Фаҳд билан учрашиб, унинг портретини мойбўëқ билан чизганимда бу давлат раҳбарларининг тасвирий санъат ва визуал эстетикага жиддий қизиқишини сезгандим. Умуман араб давлатларида кейинги 5 йил мобайнида маданий инқилоб рўй бермоқда. Ўзбек ҳайкалтарошининг Саудия пойтахтида ҳайкал ўрнатиши бунга мисолдир. Қорлихоновга тасанно!

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:21 0:00
Бевосита линк


Ҳайкалтарош Қорлихонов қатнашган ҳайкалтарошлик симпозиуми Саудияда иккинчи марта ўтказилмоқда. Саудия тарихида илк ҳайкалтарошлик симпозиуми 2019 йилнинг мартида дунëнинг 23 таниқли ҳайкалтароши иштирокида очилган эди.

Чу водийсида туғилиб Тошкентни “фатх” қилган рассом

Озодлик билан суҳбатда Николай Қорлихонов ўзининг ижодий камолотини қозоқ ва ўзбек маданиятининг муштарак таъсири билан изоҳлади:

- Мен Қозоғистоннинг Жамбул вилоят, Чу туманидаги Чу деган темир йўл бекатига яқин жойда туғилганман. Бепоëн қозоқ қирларида онда-сонда учрайдиган қадим тош ҳайкаллар мен учун илк мактаб бўлди. Аммо мени етиштирган асосий мактаб Тошкентнинг ижодий муҳитидир. Мен 1978 йилда Островский номидаги Тошкент Давлат театр ва рассомлик институти ҳайкалтарошлик бўлимини тугатдим. Бу катта мактаб. Аммо ижодий муҳит ундан ҳам катта мактаб бўлди. Дўстларим Баҳодир Жалолов¸ Дамир Рўзибоев¸ Азамат Ҳатамов ва бошқалар билан бирга Тошкентни маданий “фатх”қилдик. Рассомлар академияси олдига 1986 йилда мен яратган мармар ҳайкал ўрнатилгани катта эътироф белгиси бўлди.

Кейинги 20 йил ичида рассом Қорлихонов Бангладеш¸ Ироқ¸ Италия ва Россияда ижод қилиб келади.

- Рассом битта давлат доирасида қола олмайди. Шу боис бутун дунë мен учун улкан устахонадир, - деди асарлари ўнлаб давлат майдонларини безаган ўзбек ҳайкалтароши.

XS
SM
MD
LG