Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:01

Риштонликларга 1000 та ғишт бериб, 2000 тага қўл қўйдирилди. Ҳокимлик хатони ўнглай бошлади


Риштон туманида уйи бузилганларга берилаётган ғишт. 2019, 14 июль.
Риштон туманида уйи бузилганларга берилаётган ғишт. 2019, 14 июль.

Фарғона вилоят, Риштон туман марказида уйи бузилганлар учун ажратилган бепул ғиштни тарқатишда ғирромликка йўл қўйилганини туман ҳокими муовини техник сабаблар билан изоҳлади ва "ғишт тўла етказиб берилади", деди.

Риштонлик блогер OzodNazarга берган суҳбатида уйи бузилганлар учун вилоят ҳокимлиги ажратган 5 мингтадан ғишт ва 2 тоннадан цементни бепул тарқатиш бошланганини билдирган эди.

Риштон марказини қайта қуриш ишлари президент Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига 6-7 май кунлари қилган амалий сафаридан кейин бошланиб кетган, шу кунда туман маркази ва Риштон-Фарғона автойўли 14 чақиримли қисмининг икки тарафи улкан қурилиш майдонига айланган.

Риштонликларга 1000 та ғишт бериб, 2000 тага қўл қўйдирилди. Ҳокимлик [хатони ўнглай бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:24 0:00
Бевосита линк

Риштонлик фаол Баҳодир Элибоев 14 июль куни йиққан маълумотларини 16 июль куни Озодликка айтаркан, бундай деди:

“Машинада 2000 та ғишт келди, деб қўл қўйдиришган. Лекин аслида, Қози Аҳрордан Фарғона кўчасигача ҳеч бир хонадонда 2000 та чиқмаган. Энг ками 980 та, энг кўпи 1410 та чиққанини айтишди”.

Ғишт тарқатишдаги бундай ғирромлик тўғрисида Баҳодир Элибоев ўзининг Фейсбукида 14 июль куни батафсил ёзган.

Риштон туман ҳокими ўринбосари Абдусалом Сиддиқов 15 июль куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, ғишт уйи бузилганлар “олдим”, деб қўл қўйиб берганидан кам етказиб берилганини техник сабаблар билан изоҳлади:

“Кунлар жуда исиб кетгани учун ғиштни қўлда юклашнинг имкони бўлмаяпти. 1 млн 200 мингталик ғишт уюми бор. Ғишт техника билан юкланаяпти. Шунинг учун ҳисоб тўғри чиқмай қолган”.

Ҳоким ўринбосари вазиятни изга солишнинг чоралари кўрилганини билдирди:

“Ишонтириб айтаман, бу ерда ҳеч қандай ғирромлик йўқ. Маҳалла раисларига топшириқ бўлди. Ҳар бир хонадон олган ғиштини санаб чиқади, камини айтади, шундан сўнг ками етказиб берилади”.

Ғишт тарқатиш билан боғлиқ вазиятни мустақил кузатиб турган Баҳодир Элибоевнинг 16 июль куни Озодликка айтишича, вазият чиндан ҳам ўзгарган:

“Бугун яна одамлар билан гаплашдим. Тунов кунгидай, ғиштни олиб келган одамнинг қўлидаги фактурага имзо чектириш бекор қилинганини,маҳалла раислари уйма-уй юриб, аслида нечта ғишт олганининг ҳисобини қилаётганини айтишди”.

Риштон туман ҳокими ўринбосари Абдусалом Сиддиқовнинг айтишича, “тарқатилаётган ғиштни вилоят ҳокимлиги ажратган ва у текинга берилмоқда, яна 1 миллионта ғишт 2-3 куннинг ичида келади ва уйи бузилганларга яна 5 мингтадан берилади”.

Ғиштдан ташқари 2 тоннадан цемент ҳам берилиши айтилган. Баҳодир Элибоевнинг айтишича, ҳозирча цементдан дарак йўқ:

“Цемент Минордаги уйи бузилган 21 хонадондан 4-5 тасига берилган холос. Бошқа маҳаллаларга ҳали цемент берилгани йўқ. Бир отахон “олдин цемент ишлатилади, кейин ғишт, цементсиз ғиштни нима қиламан?!” деди”.

Уйи бузилган риштонликлардан Озодлик боғланганлари саволларга жавоб беришни истамади. Баҳодир Элибоев 14 июль куни Фейсбукда эълон қилган постда ҳам конкрет исм-фамилиялар келтирилмаган.

Бунинг сабабини Элибоевнинг ўзи бундай изоҳлади:

“Уйи Минор олдида бўлган бир аёл билан гаплашдим. Исмини айтмай қўяверай. Ўша аёл “Кун.уздагилар келди, видеосига тушиб қолибман, ҳозиргача женсоветда сўроқ беряпман. Энди яна келишса, мақтаб берасиз, дейишяпти”, деди”.

Риштон марказидаги қайта қуриш ишларининг кўлами, уйи бузилганларга берилаётган товон пулию ер участкалари, хусусан, ушбу материалда ўрганилаётган ғишт масаласи, қайта қуриш туфайли маҳаллий тадбиркорлар устахонасиз қолаётгани тўғрисида блогер Дима Қаюм билан 12 июль куни OzodNazarда батафсил суҳбатлашган эдик.

OzodNazarнинг (12 июль сони) Риштонга бағишланган қисми
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:50 0:00
Бевосита линк

Риштон марказида қайта қуриш ишлари президент Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига 6-7 май кунлари қилган амалий сафаридан кейин жадал бошлаб юборилгани тўғрисида Озодлик 23 май кунги фоторепортажида ҳикоя қилган эди.

Ишлар май ойида бошлаб юборилган, лекин Озодликка келиб тушган ҳужжатда Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига 7 июнгача тақдим этилиши айтилган.

Лойиҳа шу кунгача қабул қилиндими-йўқми – Озодликда маълумот йўқ.

Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 23 май куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Риштонда бошланган ишлар тўғрисида хабар берар экан, жумладан, бундай ёзган эди:

“Туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, аввалдан реконструкция қилиниши керак бўлган деҳқон бозоридаги дўконларни бузиш учун компенсация маблағлари ҳал бўлмаганлиги учун бузиш ишлари тўхтатиб қўйилган эди. Эндиликда компенсация тўлаш имконияти пайдо бўлганлиги учун бу ишлар қайтадан бошланган. Бозор ҳудуди 21 та бузиладиган ҳовлилар ҳисобига кенгайиши айтилди”.

Баҳодир Элибоевнинг 15 июль куни ўз Фейсбукида хабар қилишича, Риштоннинг бузилган бозори ўрнида янги бозор эмас, кўпқаватли уйлар қуриладиган бўлган.

XS
SM
MD
LG