Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:56

Навоий ва Самарқандга сел келди. Пахтачида сел янги кўприкни ювиб кетди (ВИДЕО)


Пахтачида қулаган кўприк. Telegram / @PaxtachiZiyovuddin_news.
Пахтачида қулаган кўприк. Telegram / @PaxtachiZiyovuddin_news.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 28 март куни ёққан кучли жала оқибатида сел юрди. Селдан Самарқанд вилояти туманлари кўпроқ зарар кўргани расмийлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан айтилмоқда. Навоий вилоятида эса ҳокимият расман "жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ"лигини билдирди.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пайариқ, Пахтачи, Қўшработ туманларида сел келтирган зарар ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб хабарлар пайдо бўлди. Жумладан, сел оқибатида Пахтачи туманида куни-кеча ишга туширилган янги кўприк қулагани акс этган суратлар тарқалди.

Пахтачи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси расман бу хабарни тасдиқлади.

“Пахтачи туманининг асосий кўчаларидан бири 4 К 560 "Болтали - Боғолони - Зиёвуддин" автомобиль йўлининг 12-13 кмлари оралиғидаги зовур кўприги катта талофат кўрди. Шу сабабли ушбу кўприкдан автомобиллар, ҳамда пиёдаларнинг ҳам ўтиши тақиқланади”,-дейилади расмий хабарда.

Пахтачи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бундан ташқари 4 Р 185 "М-37 автомобиль йўлидан Қарнабота қишлоғига кириш, 4 Н 533 "Хумор-Пўлатчи-Жағалбой", 4 Р 52 ва 4 К 561 "Қуйибоқ Пахта заводи-Шағал заводига кириш" автомобил йўллари ҳам табиий офатдан зарар кўрганлиги сабабли ёпилганлигини маълум қилган.

Каттақўрғон туманида эса Олтинсой, Жарбоши, Мойбулоқ қишлоқларидаги уй-жойларни сув босгани хабар қилинди. Лекин ҳозирча расман қанча уй сув остида қолгани, сел оқибатида қанча зарар кўрилгани маълум эмас.

Ижтимоий тармоқларда Каттақўрғондаги сел юзасидан тарқатилган маълумотларда айтилишича, сув автомашиналарни ҳам оқизиб кетган.

Айни пайтда Самарқанд вилоят ҳокимияти ва Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги сел юзасидан расман маълумот бермади.

Навоий вилоят ҳокимияти матбуот хизмати эса 28 март куни вилоятнинг айрим туманларида эрталаб соат 9:20дан 9:35гача сел юргани ҳақида расмий хабар тарқатди. Унда айтилишича: “сел оқибатида ҳеч ким жабрланганлар ва ҳалок бўлмаган”.

Айтилишича, Кармана туманида 21 та ҳовлига, Хатирчи туманида 15 ҳовлига сув кирган ва Навоий шаҳри марказий деҳқон бозори ҳудудида сув тўпланган. Сел оқибатларини бартараф этиш учун вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларидан 14 та техника ва 72 нафар шахсий таркиб жалб қилинган.

Аввалроқ Бухоро шаҳрида 28 март куни ёққан кучли ёмғир натижасида шаҳар кўчалари ва уй-жойлар яна сувга тўлгани билдирилганди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бухоро вилоят бошқармасининг билдиришича, Ёнғин - қутқарув отряди шахсий таркиби ва техникалари Бухоро шаҳар Истиқлол, Шохруд, М.Ғофур кўчаларидаги ички йўлларда тўпланиб қолган ёмғир сувларини олиб ташлади.

XS
SM
MD
LG