Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:56

Россия ҳукумати мигрантлар оқимини янада чекламоқчи, иш берувчилар норози


Москвадаги муҳожирлар
Москвадаги муҳожирлар

Россия Меҳнат вазирлиги 2020 йилда меҳнат муҳожирлари ишлашига рухсат бериладиган соҳалар сонини янада камайтиришни режалаштирмоқда. Ҳукумат мигрантларга ҳеч қандай чекловсиз фақат қурилишда ишлашга рухсат берган.

Айни пайтда Россия ҳукумати мигрантларни ишга ёллаётган корхоналарга енгиллик яратувчи бошқа бир қонун лойиҳасини тайёрлаётгани маълум бўлди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, бу мамлакатда ишга рухсатнома асосида ишлаётган мигрантларнинг деярли ярми ўзбекистонликлардир.

Аксилмигрант қонун лойиҳаси

2020 йилдан Россияда хорижлик ишчилар аптекаларда, озиқ-овқат ва саноат моллари дўконларида ҳамда бошқа савдо объектларида сотувчи лавозимида ишлаши кескин чекланади. Мигрантлар бозорларда сотувчилик қилиши мумкин, бироқ бозорлар ташқарисида савдо-сотиқ билан шуғулланишга тақиқ қўйилади.

Россия Меҳнат вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, мамлакат бўйлаб яна қатор соҳаларга хорижликларни жалб қилиш тақиқланади. Масалан, алкогол ва тамаки маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларда мигрантлар сони сотувчилар умумий миқдорининг 15 фоизидан ошмаслиги, йўловчи ташувчи автобус ва енгил машиналарда ва юк ташувчи автотранспортда мигрантлар умумий ишчилар сонининг 26 фоизидан ошмаслиги лозим қилиб белгиланиши мумкин.

Меҳнат вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳаси Давлат думасига жорий ойда тақдим этилди. Қонуннинг қачон қабул қилиниши ҳозирча номаълум.

Сўнгги йилларда миграция оқимини қисқартириш ва қатъий назоратга олиш истагини билдираётган Владимир Путин ҳукумати ўзбек ва тожик муҳожирларига фақатгина энг оғир ва кўп ишчи кучи талаб қилинадиган қурилиш соҳасида ҳеч қандай чекловларсиз ишлашга рухсат бермоқда.

2020 йилда қурилиш ишларига Амур вилояти, Бурятия ва Москва шаҳрида ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиш мумкин.

2018 йилдан буён Россияда ишга рухсатнома – патент олувчи ўзбек мигрантлари сони кўпайиб бораётганига қарамасдан, улар ўтказаётган маблағлар миқдори камайиб бораётгани тегишли идоралар томонидан қайд этилмоқда.

Айни пайтда бошқа қонун лойиҳаси ҳам пайдо бўлди

Миграция тартибларининг Россия ҳукумати томонидан кескинлаштирилиши оқибатида давлатда мигрантлар меҳнатидан фойдаланувчи катта ва кичик бизнес ҳам оғир аҳволга тушиб бораётгани соҳа мутахассислари хавотирини уйғотмоқда.

Мигрант ишчилар устидан назорат кучайтирилаётган бир пайтда, Россия ҳукумати жорий йилда мигрантларни ишга ёллаётган корхоналарни, уларга енгиллик яратиш мақсадида "режа асосидаги текширувлардан озод қилиш" тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. 2020 йилнинг кузида Давлат думаси муҳокамасига киритиладиган ва рус тадбиркорлари томонидан олқишланган ўзгартишлар "давлатнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиши" айтилди.

Лойиҳа изоҳида бу чора аҳолиси кескин камайиб бораётган ва ишчи кучига эҳтиёж сезиб бораётган минтақаларга қўл келиши маълум қилинди.

Кўпчилик Москову Питерга интилмоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари ҳамда Ленинград вилояти муҳожирларни ўзига энг кўп тортадиган минтақалардир.

Ҳисоботда Россияда ишга рухсатномаларни тайёрлаётган хорижликлар орасида биринчилик ўзбекистонликларга тегишли экани айтилади.

"Ишга рухсат берувчи патентларни асосан Ўзбекистондан келган мигрантлар олмоқда. 2019 йилнинг 9 ойи давомида мутахассислар уларга 835,8 минг ҳужжат топширган. Кейинги ўринда кўрсатилган муддат оралиғида 416,2 минг патент олганТожикистон гражданлари бораяпти" дейилади ҳисоботда.

Расмий рақамларга кўра, 2019 йилнинг январь-сентябри давомида Россия пойтахтида 335,5 минг, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград областида 190 мингдан зиёд, Москва областида 168,2 мингта ишга рухсатнома берилган.

Айни пайтда, Тува, Марий Эл ва Ненец автоном округи Россиянинг хориж мингрантлари учун энг жозибасиз минтақалари бўлгани кайд этилди: масалан, Тувада йил давомида атиги 143 дона патент берилган.

Озодлик суҳбатлашган ўзбек муҳожирларининг аксар қисми иш ҳақи юқорилиги боис, асосан, Петербург ва Москва минтақаларига ишлашга боришини билдирди.

Москвада кўп йиллардан бери таксичилик қилаётган Муҳаммад Озодлик билан суҳбатда Россиянинг бошқа вилоятларида ҳам ишлаб кўргани, аммо Москвада иш ҳақи бир неча баробар кўп эканини айтди:

- Бошқа жойларга қараганда бу ерда иш ҳақи баланд, шунга ҳамма Москва ва Питерни танлайди. Бошқа жойларда иш ҳақи баланд бўлганида, албатта, у ерлар совуқ-иссиқ бўлишига қарамасдан бизнинг муҳожирлар ишлашарди.

Муҳаммад муҳожирлар маҳаллий бюджетга мўмай даромад келтирувчи манба эканини эслатиб, шунга қарамасдан ойлик патент тўловлари йилдан-йилга кескин ошиб бораётганидан норозилик билдирди.

Петербургда квартира ремонти билан шуғулланиб, пул топаётган 38 ёшли Сардорнинг фикрича, Петербург ва Москва мегаполислари мигрантларни маошнинг юқорилигидан ташқари, иш топишнинг осонлиги билан ҳам ўзига жалб қилиб келади:

- Яқинда дўстим Челябинскка ишлагани кетган эди – у ерда бир хонанинг гул қоғозини кўчириш ва янгисини ёпиштириш 8 минг рубль экан. Москвада бу иш 2,5 баробар қиммат туради! Москвада иш топиш ҳам осон, аммо ҳаражатларини ҳам ҳисобга олинг – патент тўлови, регистрация, ейиш-ичиш жуда қиммат. Ишингизга кам ҳақ тўланса қийналиб қоласиз Москва-Петербургда.

Сардор Россиянинг марказий минтақаларида “мавсумий иш” деган тушунча йўқлиги – бу ерда қишин-ёзин иш топиш мумкинлигини, Урал орти ва шимолий минтақаларда эса қиш келиши билан иш мавсуми тугашини билдирди.

Суҳбатдош охирги йилларда иқлими нисбатан юмшоқроқ бўлган Краснодар ўлкаси ва Қримга ишлашга бораётган ўзбек муҳожирлари сони кўпайиб бораётганини ҳам қўшимча қилди.

У патент ва бошқа солиқ-тўловлар ҳажми ошиб бораётгани боис Россияда нолегал ҳолатга ўтишга мажбур бўлиб қолаётганлар сони ҳам кескин ошаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG