Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Алламжонов блогерлар билан учрашувидан сўнг улар шарҳлар учун жавобгар эмаслигини тан олди


 Комил Алламжонов
Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов 14 август оқшомида маҳаллий журналист ва блогерлар билан учрашгани ортидан изоҳ ва шарҳлар учун муаллиф ëки блогер жавобгар эмаслигини эътироф қилди:

“... амалдаги қонунчиликка кўра,​ Интернет сайтлар, шунингдек, турли платформалар ва ижтимоий тармоқларда пост жойлаштирувчи блогерлар ўз материаллари остида қолдириладиган шарҳ ва изоҳлар учун жавобгар эмаслар” дея ўзиниинг Facebookдаги саҳифасида ëзди Алламжонов.

Бундан бир кун олдин у "ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотлар, балки улар остидаги фуқаролар фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган изоҳлар учун ҳам жавобгар"дир, деб қатъий баёнот берган эди.

Айни пайтда Алламжонов ўзининг янги баëнотида агентлик бирор ножўя изоҳни ўчиришни сўраб, расмий огоҳлантириш хати юборса ва бу бажарилмаса масала судгача боришини таъкидлади.

Комил Алламжоновнинг бир кун олдинги расмий баёнотида “блогер изоҳлар учун жавобгар" деган гапи блогосфера ва тармоқ фаоллари тарафидан танқид ва ҳажв остига олинган эди.

Бу акс таъсир ортидан Комил Алламжонов таклифига биноан журналист ва блогерлар билан 14 август оқшомида учрашув бўлиб ўтди.

Озодлик шу учрашувда қатнашган ҳамда қатнашмаган блогерлардан баъзиларининг тармоқда қолдирган фикрларини эътиборингизга ҳавола қилмоқда.

Блоглар таҳрирсиз берилмоқда. Имло ва стилистика муаллифларники.

Учрашувда қатнашган блогер Шахнозахон:

Кечаги йиғилиш ҳақида

Комил Алламжонов ўз саҳифасида ҳамма бир-бирини тушунди деб ёзибдилар. Шахсан ўзим нимани тушунганимни ёзиб қўймоқчиман.

Учрашувнинг қаймоғи қуйидаги тахминий диалогда кўринади (тахминий деганим сабаби, аниқ ёзиб олиш учун телефоним йўқ эди, кираётганда олиб қўйишди ва бу менга ёқмади).

Комил Алламжонов: "Қонунда бор гапларни айтдим, нега бунча "истерика", сабабини тушунмадим".

Хушнудбек Худойбердиев: "Гапларингиз асосан тўғри, лекин "истерика" ҳам асоссиз эмас эди. Комментлар учун саҳифа эгасини жавобгарликка тортишда маълум босқичлар бор, масалан, Сиз унинг қонунга зид шарҳ эканини исботлашингиз ва бундан ОАВ ва блогерни хабардор қилишингиз керак".

КА: "Тўппа-тўғри, биз шуни айтгандик".

Қолгани шу атрофидаги гаплар...

Энди мен нимани тушундим? Аввалига ҳеч нимани тушунмадим. Наҳотки, мен баёнотни нотўғри эшитдим, қани қайта кўрай-чи десам, телефоним... Хуллас, ўша жойда баёнотдан шундай иқтибос келтириш имкони бўлмади. Чиқиб, телефонни ёқиб, мана бу матнни қайта ўқидим:

"...бундан буён оммавий ахборот воситалари, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳ модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда юқоридаги талабларга риоя қилишлари, балки белгиланган қонун асосида улар остидаги фуқаролар, фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, сўкинишлар, ЁЛҒОН ИЗОҲЛАР учун ҳам қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз.Сиздан фақатгина маълумотларни ўтказмаслик ёки саҳифангизда ёзилган бўлса, ана шундай маълумотларни ўчириб ташлаш сўраляпти.”

Хўўш, Комил Алламжонов Хушнудбек айтган тартибни айтибдими, йўқми? Хулоса ўзингиздан.

Менинг хулосам: айтмади! Тартибни айтмаган бўлсам ҳам шуни назарда тутдим дейдиган бўлса, у нимани назарда тутганини билмаганимиз учун биз айбдор бўлишимиз мумкин эмас.

Асли, баёнот ортиқча савол туғдирмайдиган, турли талқинларга йўл қолдирмайдиган бўлиши лозим. Бўлмаса, биз нима назарда тутилганига эмас, нимани тушунганимизга қараб хулоса чиқарамиз.

Демак, шарҳлар учун қачон жавобгар бўламиз:

Қачонки, ноқонуний шарҳни қайсидир сабабга кўра (кўрмаганимиз, билмаганимиз ва ҳ.к.) ўчирмасак ва бизга уни кўрсатиб, қонунга зид эканини исботлаб берсалар, ўчиришимиз керак. Шунда ҳам ўчирмасак, жавобгарлик бор.

Алламжонов баёнотида ана шу муҳим деталларни тушириб қолдиргани учун ўзи айтган "истерика" юзага келди.

Менинг тушунганим шу!

P.S. Ўзи бу комментларга доир қонун нормалари тўғрисида жиддий тушунтиришлар керак экан бизга. Чунки троллар асрида комментлар асосий планга чиқяпти, ҳатто ҳал қилувчи аҳамият касб этяпти."

@shahnozxon

Учрашувда қатнашган Али Каххоров фикри

"Эх Комил ака. Қаранг нима бўлди? Қаранг ака. Акажон сиз сал шошиб қолдингиз. Сал кутсангиз бўларди. Оталари тўкилиб тушганида система винтларини мойлаб қўйсангиз етарли эди. Фақат акажон сизнинг охири баëнотингизда битта катта сиëсий хато бор эди. Сизга ўхшаш давлат амалдори кўп гапларга ҳафа бўлиб кўнглига олмаслиги керак эди. Қаранг қандай яхши¸ бир чиройли кетаëтгандингиз. Акажон сиз от устида эдингиз. Сал қоқилдингиз. Бу қоқилишни кўрган кўпчилик билиб билмай сизни топтаб чўктирмоқда. Мен эса сизнинг бу система ичида ҳаммадан яхши эканингизга ишонишда давом этаман.

Мажлисда чақирилган аммо “ўзини ҳурмат қилгани учун" бормаган блогер Нозим Сафари:

“Бугунги Алламжонов билан учрашувда нима бўлганини билмадиму лекин, чиққанлар узоқ қучоқлаб елкамга хўнг-хўнг йиғлашмоқда”

XS
SM
MD
LG