Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:01

Йил рақами: 5600 сўм ва чегарасиз камбағаллик


Иқтисодчиларга кўра, пандемия даврида аҳоли фақат ўз жамғармасига ишониш кераклигини тушуниб етди - АҚШ долларига талаб ошди
Иқтисодчиларга кўра, пандемия даврида аҳоли фақат ўз жамғармасига ишониш кераклигини тушуниб етди - АҚШ долларига талаб ошди

Жаҳон Банкига кўра, коронавирус пандемияси, Ўзбекистон учун, Совет Иттифоқи парчаланишининг иқтисодий оқибатларидан кейинги энг жиддий инқирозга сабаб бўлди.

2020 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 2019 йилги 5,8 фоиздан қарийб 0 га тушди, ишсизлик даражаси 9,4 фоиздан 15 фоизга ошди. Ҳукумат пандемия даврида аҳолининг камбағал қатламларига тўғридан-тўғри моддий ёрдам кўрсатиш чақириқларини рад этди. Бунинг ўрнига, “Саҳоват ва кўмак” сингари марказлашган фондлар ёки “Темир дафтарлар”ни жорий қилди. Бу эса, яна ўн минглаб оилаларни, иқтисодчилар тилида “камбағаллик қопқони” деб аталадиган мушкул аҳволга туширди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик иқтисодчиларнинг фикрича, коронавирус пандемиясининг биринчи тўлқини даврида қабул қилинган “Инқирозга қарши курашиш” жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати олган энг муҳим иқтисодий қарор бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирга қадар ушбу жамғармага 13,4 трлн сум ёки 1,28 млрд доллар маблағ йўналтирилган. Асосан, ташқи қарздорлик суммаларидан ташкил топган ушбу жамғарма маблағлари бюджет дефицитини қоплаш, ижтимоий соҳа, шунингдек, Ўзбекистон Ҳаво Йўллари, Ўзбекистон Темир Йўллари, Ўзбекэнерго сингари йирик давлат улуши мавжуд корхоналарни молиялаштиришга йўналтирилган.

Аммо тошкентлик иқтисодчи Аҳмад Иброҳимнинг айтишича, жамғарма пулларини мақсадли йўналтириш тизими такомиллашмагани, давлат харажатлари борасида ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик механизмларининг таъминланмагани коррупцион жараёнларнинг кучайишига олиб келди.

Натижада бюджет пулларини талон-торож қилиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламга ёрдам кўрсатиш ва бошқа йўналишларда жамиятда резонанс келтириб чиқарган бир неча йирик ҳолатлар юзага келди. Иқтисодчининг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси давридаги коррупцион можаролар давлатнинг аҳоли орасидаги нуфузига жиддий путур етказди ва унга бўлган ишончни сезиларли даражада пасайтирди.

Жаҳон Банки 2019 йилда Ўзбекистонни дунёнинг энг қашшоқ 10 давлати орасида 10 - ўринга қўйган
Жаҳон Банки 2019 йилда Ўзбекистонни дунёнинг энг қашшоқ 10 давлати орасида 10 - ўринга қўйган

Чегарасиз камбағаллик

Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг шу йил 3 ноябрь куни Кун.уз нашри билан суҳбатда тилга олган 5600 сўм ҳақидаги сўзлари

Агар сиз бир кунда жон бошига 5600 сўмдан кўп даромад қилсангиз, демак, камбағал оилага кирмайсиз

ўзбекистонликларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Мулозим халқаро молия ташкилотлари тилида “қашшоқлик” ифодаси қўлланадиган Ўзбекистондаги камбағалликнинг миллий чегараси ҳақида гапираркан, Жаҳон Банки белгилаган камбағаллик чегарасига нисбатан харид қобилияти паритети айнан 5600 сўмга тўғри келишини айтди. “Агар сиз бир кунда жон бошига 5600 сўмдан кўп даромад қилсангиз, демак, камбағал оилага кирмайсиз”, - деди Обид Ҳакимов.

Президент Администрациясининг бош иқтисодчиси орадан бир кун ўтиб, ижтимоий тармоқларни портлатган 5600 сўм ҳақидаги баёнотига изоҳ беришга мажбур бўлди. Изоҳ бераркан, ўзининг сўзлари “контекстдан узиб олингани”ни айтди.

Давлат Статистика қўмитасига кўра, 2020 январь-сентябрь ойларида гўшт нархи 14,2% фоизга ошган. Тошкент, Эски Жўва бозори - 17 октябрь, 2020
Давлат Статистика қўмитасига кўра, 2020 январь-сентябрь ойларида гўшт нархи 14,2% фоизга ошган. Тошкент, Эски Жўва бозори - 17 октябрь, 2020

Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Абдуқодировнинг Озодликка айтишича, мулозимнинг сўзларига ҳақиқатан ҳам тўлов паритети ёки ўзбек сўмининг қурби контекстида ёндашиш керак. Аммо унинг сўзларига кўра, “тўлов паритети фақатгина бир буханка нон дегани эмас”.

Тўлов паритети фақатгина бир буханка нон дегани эмас

“Тўлов паритетини ҳисоблаганда, бугунги кунда ўртача аҳоли сарф қиладиган барча ижтимоий-иқтисодий харажатлар ҳисобга олиниши керак. Бу, албатта озиқ-овқат харажатлари, коммунал тўловлар, энергия ва транспорт харажатлари. Бунинг устига, албатта, таълим харажатларини ҳам инобатга олиш керак. Қолаверса, пандемия туфайли аҳолининг соғлиқни сақлаш билан боғлиқ харажатлари кескин ошиб кетган, бу харажатларни ҳам инобатга олиш керак”, - дейди Абдулла Абдуқодиров. Унинг фикрича, бу борада фақат назарий жиҳатдан ёндашиш нотўғри.

“Фақатгина илмий даражадан қараб туриб, тўлов паритети шунча, курсга ўгирса шунча бўлади, деб қараш нотўғри. Чунки аҳолининг истеъмол структураси йилдан-йилга кескин ўзгариб боради. Мана, бир йилнинг ўзида шахсий гигиена харажатлари, соғлиқни сақлаш учун харажатлар миқдори кескин ўсиб кетди. Шу билан бирга, озиқ-овқат харажатлари ҳам кескин ўсди. Чунки аҳоли тушундики, иммунитети кучли бўлмаса, бу касалликдан қутулишнинг имкони йўқ. Демакки, аҳоли юпунроқ кийинса ҳам, кўп харажатлардан воз кечса ҳам, дейлик, чет элга чиқиш харажатларидан, икки асосий харажатларидан кеча олмайди. Бу – соғлиқни сақлаш билан ва нормал овқатланиш билан боғлиқ харажатлар. Буларни ҳисобга олганда, тўлов паритети бутунлай ўзгариб кетади”, - дейди иқтисодчи.

Президент Мирзиёевнинг иқтисодий маслаҳатчиси сўзларидан нимадир англашилган бўлса, бу – Ўзбекистон ҳукуматида ҳанузгача камбағаллик ёки қашшоқликнинг миллий чегараси борасида ягона ёндашувнинг йўқлиги эди.

Пандемия даврида бюджет маблағларини талон-торож қилиш кучайди
Пандемия даврида бюджет маблағларини талон-торож қилиш кучайди

Аммо бу халқаро молия ташкилотлари учун Ўзбекистондаги камбағаллар сонини ҳисоблашда муаммо туғдирмайди. Жумладан, Жаҳон Банки 2019 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни дунёнинг энг қашшоқ 10 давлати рўйхатида ўнинчи ўринга қўйган эди. Осиё Тараққиёт Банкининг 2018 йилги ҳисоботида Ўзбекистонда 11,4 фоиз аҳоли қашшоқлик даражасидан паст кун кечираётгани айтилади. Бунга қўшимча ишлайдиганларнинг 19,7 фоизининг кунлик минимал харажатлари Жаҳон Банки белгилаган миқдор – 1,9 доллардан кам. Муқояса учун – Қозоғистонда 2019 йил ҳолатига кунига 1,9 доллардан кам харажат қиладиганлар умуман йўқ, камбағаллар эса 4,2 фоиз ёки Ўзбекистондагидан қарийб уч баробар камни ташкил этган.

Қозоғистондаги Евросиё университетининг иқтисод бўйича доценти Сапарбой Жубаевга кўра, ҳар бир давлат ўзининг ялпи ички маҳсулот ҳажми ва давлат бюджетига қараб камбағаллик чегарасини белгилайди. “Камбағаллик чегарасини белгилаш нима учун керак? Аҳоли даромадларини ҳисоблаш ва даромади камбағаллик чегарасидан паст бўлганларга давлат бюджетидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун. Камбағаллик чегараси эса, яшаш минимумидан кам бўлмаслиги керак. Шунинг учун бюджет танқис бўлган айрим давлатлар камбағаллик чегарасини аниқлашни кейинга қолдиради”, - дейди иқтисодчи олим. Ўзбекистонда 2018 йил 1 июлидан ҳисобланиши айтилган «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси» ҳам кейинга сурилмоқда. Президент Мирзиёев жорий йил бошида Ўзбекистонда 5 миллионга яқин аҳоли камбағалликда яшаётганини айтган эди. Бу тақрибан ҳар еттинчи ўзбекистонлик камбағал, дегани.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

Ташқи қарз

2020 йилда ўзбекистонликларда энг кўп савол ва ташвиш уйғотган рақамлардан яна бири, бу – мамлакатнинг ўсиб бораётган ташқи қарзи эди.

Марказий Банк ахборотига кўра, 2020 йил бошидан буён ташқи қарз қарийб 5 миллиард долларга ўсиб, 1 октябрь ҳолатига 29,3 миллиард долларни ташкил этган.

Бу ялпи ички маҳсулот ҳажмининг қарийб 40 фоизига тенг. Ўтган йил давомида Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари ташқи қарз борасида бир неча бор аҳолини тинчлантиришга уринди. Уларга кўра, ташқи қарзнинг ўсаётгани хавотирли эмас. Қайтага, бу халқаро молия ташкилотларининг Ўзбекистонга ишончи ортиб бораётганини кўрсатади.

Ўзбекистон ташқи қарзининг ўсиш суръати - Марказий Банк
Ўзбекистон ташқи қарзининг ўсиш суръати - Марказий Банк

Ўзбекистон пандемия даврида ташқи қарзи кескин ўсган ягона давлат эмас. Дунё бўйлаб ҳукуматлар пандемия оқибатларини бартараф этиш учун юзлаб миллиард доллар қарзларни олди. Минтақанинг ўзидаги бошқа айрим давлатларга солиштирганда, Ўзбекистон пандемияни нисбатан камроқ ташқи қарз билан бошлагани ва йирик олтин заҳиралари мамлакат иқтисодиётини бошқа айрим давлатлар юз тутган муаммолардан ҳимоя қилганини кўриш мумкин. Аммо хавотирга сабаб бўлаётган нарса, бу қарзларнинг қандай мақсадларга сарфланаётгани.

Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Абдуқодиров давлат ташқи қарзларининг ўсиш суръатларини жуда ташвишли, деб ҳисоблашини айтади.

“Ҳамма гап ишлатилаётган пулларнинг келажакдаги самараси ҳақида. Кўпинча ташқи қарз эвазига олинган пуллар, асосан, келажаги умуман аниқ бўлмаган ва молиявий инқирозга юз тутадиган газ қазиб олиш ва машинасозлик саноати лойиҳаларига ишлатиляпти. Биргина тозаланган метандан синтетик суюқ ёқилғи олиш (Шўртан ГКК да) лойиҳасига 2016-2019 йилларда 1 миллиард доллардан кўп маблағлар сарфланган. Лекин бу лойиҳага яқин 10 йил ичида етарли табиий газ миқдори борми, йўқми, деган саволга жавоб йўқ. Иккинчидан, шунча суюлтирилган газга (лойиҳа келаси 2021 йилда ишга тушиши керак) бизда тайёр истеъмолчилар борми? Ёки биз дунё бозорида бу соҳада етакчи бўлган Россия ва Корея билан рақобатлашмоқчимизми? Бу рақобат нима беради охир-оқибат? Энергетика соҳасида бундай тутуруқсиз ва жиддий молиявий маблағларни еб ётган лойиҳалар сони жуда кўп”, - дейди собиқ мулозим.

Унинг сўзларига кўра, самарасиз лойиҳаларнинг энг яхши мисоли – UzAutoMotorsдир. Ўзбекистон автомобил саноати монополиячиси 2020 йилда бир неча юз миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилган. “Лекин шу вақт ичида бир неча миллиард АҚШ доллари миқдорида умумий импорт қилган.Бундай лойиҳалар кўпайиб борган сайин Ўзбекистоннинг ташқи қарзи жуда катта суръатларда ўсиб бораверади”, - дейди Абдулла Абдуқодиров.

Камбағал оилалар яшайдиган ётоқхона учун ким жавобгар?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:07 0:00
Одамлар инқироз даврида ўзлари ва фақат ўз жамғармаларига ишониш мумкинлигига амин бўлдилар

Тошкентлик иқтисодчи Аҳмад Иброҳимнинг айтишича, пандемия даврида аҳоли, кичик ва ўрта бизнесга давлат ва ҳукумат томонидан тўғридан-тўғри молиявий кўмак берилмагани хуфёна иқтисодиётни қисқартиришга бўлган интилишларга зарба берган. “Одамлар инқироз даврида ўзлари ва фақатгина ўзларининг жамғармаларига ишониш мумкин эканлигига амин бўлдилар. Шу сабабдан, аҳолида АҚШ валютасига бўлган талаб кескин ошди. Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми камайиши, мамлакат умумий экспорти ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 6% га камайиши (биргина табиий газ экспорти 78 фоизга камайди) ўзбек сўмига салмоқли босим ўтказмоқда”,- дейди иқтисодчи.

Кузатувчилар фикрича, ҳукумат мамлакат олтин заҳираларини сотиш эвазига ҳозирча ўзбек сўмини буткул қулашдан асраб турибди. Ўзбекистон ушбу қимматбаҳо метал экспорти ҳажми бўйича 2020 дунёда етакчи ўринга чиқди - 6 млрд долларга яқин қийматда олтин сотди. Марказий Банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг 11 ойи мобайнида олтин мамлакат умумий эспортининг 46,5% ини ташкил этган.

Турғунлик

Мустақил иқтисодчилар фикрича, 2020 йилда Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнлари секинлашди ва ҳатто “турғунлик ҳолатига келди”. Давлат аксар иқтисодий тармоқларда ўз доминантлигини сақлаб қолди ва ҳукуматга яқинлиги айтилган монополист компанияларни кўллаб-қувватлашда давом этди.

Қаршилик 6 яшар Ëдгор: Мактабга борсам, онамни ким боқади?..
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:53 0:00

“Монополияга қарши курашиш муҳити яратилмади. Популистик ғоя ва таклифлар кучайгани кузатилди. Халқаро Савдо Ташкилотига (WTO) аъзо бўлиш учун музокаралар сустлашди. Йил ўртасида Коррупцияга Қарши Курашиш Агентлиги тузилганига қарамай, тендер ва аукцион жараёни шаффофлиги, очиқлиги ва рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган жиддий харакатлар кузатилгани йўқ. Ерни давлат мулкидан чиқариб хусусийлаштиришга қаратилган қарор яна кейинги муддатларга кечиктирилди. Банк сектори либераллаштирилмади ва давлат мамлакатдаги барча банкларнинг 80% доминант улушини сақлаб қолди”, - дейди тошкентлик иқтисодчи Аҳмад Иброҳим.

Таҳлилчиларга кўра, йил охирида Россия етакчилигидаги Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи сифатида аъзо бўлиш қарори иқтисодий эмас, балки кўпроқ сиёсий қарор бўлган.

"Бумеранг инвестициялар"

Айни пайтда пандемияга қарамасдан, 2020 йилда хусусийлаштириш жараёнлари тезлашди. Давлатнинг юзлаб йирик объектлари сотувга қўйилди. Аммо хусусийлаштириш ва хорижий инвестициялар борасида шаффофликнинг етишмаётгани жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам бутун бошли соҳалар кўпинча ҳокимиятга яқин алоҳида одамлар ёки кичик гуруҳлар қўлига ўтиб кетаётганидан хавотирлар

Маҳаллий бойлар ўз пулларини четга олиб чиқиб, кейин инвестиция қилгандек Ўзбекистонга қайтаришади. Бу - яширин муаммо”

кучаймоқда. Ўзбекистондаги айрим йирик лойиҳалар пул ювиш ўчоқларига айланаётгани борасида тадқиқотлар олиб борган Британиядаги Алстер университети профессори Кристиан Ласслеттга кўра, Ўзбекистондаги жараёнлар борган сайин Россияда 1990 – йилларда кечган хусусийлаштириш жараёнларини ёдга солмоқда.

“Биз Россияда 1990-йилларда юз берган хусусийлаштиришга ўхшаш жараёнларга гувоҳ бўляпмиз. Ҳукумат хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида мамлакатнинг позитив имиджини яратишга ҳаракат қилаётгани рост. Аммо амалда кўраётганимиз бутунлай бошқа нарса. Бу-бумеранг инвестиция. Маҳаллий олигархлар, тадбиркорлар ўз бойликларини четга - Швейцария, Британия ёки Россия сингари давлатлар, ё-да Кайман оролларига олиб чиқишади ва кейин уларни худди тўғридан-тўғри инвестиция киритаётгандек Ўзбекистонга олиб келишади. Бу - яширин муаммо”, - дейди Кристиан Ласслетт.

XS
SM
MD
LG