Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Жиззахда ЁИ етакчиларига ҳашаротларни ўлдирадиган ускунага харидор топиш мажбурияти юкланди


Ёшлар Иттифоқининг Жиззах вилояти кенгаши шу бинода жойлашган.
Ёшлар Иттифоқининг Жиззах вилояти кенгаши шу бинода жойлашган.

Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туманидаги Ёшлар Иттифоқи етакчиларига ташкилотнинг вилоят кенгаши раҳбарияти томонидан зарарли ҳашаротларга дори сепадиган, нархи 700 минг сўмлик аппаратни сотиш ёки сотиб олиш мажбурияти юклатилди.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ЁИ етакчиларга кўра, улар ўз маҳалласидан кимнидир топиб, бу аппаратни сотиб олишга кўндириши ёки ўзи унинг пулини тўлаши шарт.

Ёшлар Иттифоқининг туман ва вилоят кенгашлари раҳбарлари бу тадбир ёшларни иш билан таъминлаш учун амалга оширилаётганини айтди.

Жиззахда ЁИ етакчиларига ҳашаротларни ўлдирадиган ускунага харидор топиш мажбурияти юкланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Шароф Рашидов туманидаги Ёшлар Иттифоқи етакчиларидан Озодликка келган мактубда бундай дейилган:

“Туманимизда Ёшлар Иттифоқи етакчиларига қишлоқ хўжалигига оид ускуналар мажбурлаб, 700 минг сўмдан сотилмоқда. Ё оладиган бола топ ёки ўзинг оласан, дейишмоқда”

Мактубга Учтепа қишлоқ хўжалиги коллежи ҳовлисида олинган видео ҳам илова қилинган.

Фирма мутхассиси ёшлар етакчиларига дори сепиш ускунасини қандай ишлатишни ўргатмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:28 0:00

Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган етакчилардан бирининг айтишича, видеода ускунани сотаётган фирма мутахассисларидан бири, етакчиларга аппаратнинг қандай ишлашини коллеж ҳовлисида ўргатаётгани акс этган:

“11 апрель куни бу мутахассис бизга унинг қандай ишлашини ўргатганидан кейин Ёшлар Иттифоқининг туман кенгаши раиси бундай аппаратдан 48 та олиб келингани ва ҳар бир мактаб етакчиси маҳалладан бирортасини топиб, унга сотишни, агар сотолмасак ўзимизнинг маошимиздан ушлаб қолинишини айтди”.

Етакчининг айтишича, бу ускунага харидор топиш қийин бўляпти:

“Маҳалламизда ҳақиқатан ҳам ишсиз ёшлар жуда кўп. Лекин ҳеч ким бу аппаратни 700 минг сўмга сотиб олишга унамаяпти. Йигитлар, “кимнинг эшигига бориб, экинингни дорилаб берай деймиз. Кейин биз агроном бўлмасак, қанақа дори ишлатилишини қаердан биламиз. Заҳарли дорининг хавфсизлик чораларини биз қаердан биламиз, бошқа дори сепиб қўйиб бировнинг экинини қуритиб қўйсак, нима бўлади”, каби саволлар бермоқдаки, унга бизнинг жавобимиз йўқ. Бу томондан эса кенгаш раиси одам топ, топмасанг ўзинг ол, деб мажбур қилмоқда”.

Ёшлар Иттифоқининг Шароф Рашидов туман кенгаши раиси Ҳасан Маҳаммадиев дори сепадиган ускуналар ўзларининг ташаббуси билан олиб келинганини айтди:

“Аппарат 48 та маҳаллага сотилган, сотилмаган, у ҳам бўлиб-бўлиб бериш шарти билан берилган. Етакчиларимизга шу маҳаллалардан номзод топиб келиш айтилган. Бизлар ўзимиз ташаббус билан чиққанмиз, 48 та маҳалладан кам таъминланган оила аъзоси бўлган бола ўша аппаратни олса, унинг бандлиги таъминланади. Ўзининг маҳалласида бир-икки сўм пул ишлаб топсин, деган мақсадда қилинган”.

Аммо, исми сир қолишини сўраган ЁИ етакчиларидан бирига кўра, бу тадбир кимнингдир сотилмай қолган молларини Ёшлар Иттифоқи орқали ўтказиш учун қилинмоқда:

“Бу аппаратлар Шароф Рашидов туманига келитирилишидан аввал Бахмал туманидаги Ёшлар Иттифоқига олиб келинган эди. У ерда ўтказа олишмади, шекилли, энди бизнинг туманга олиб келиб ташлашди. Ёшлар Иттифоқи заҳарли дорилар билан ишлаш курсларида ўқимаган болаларнинг саломатлиги ҳам хавф остида қолаётганини тушунмаяпти, шекилли”.

Ёшлар Иттифоқининг Жиззах вилоят кенгаши раиси Дилмурод Худойшукуров, бу ускуналар кимнингдир буйруғи билан келтирилганини инкор қилди:

“Бу - “Ёш фермерлар” кенгашимиз билан бирга қилинган лойиҳа. Бирор кишининг буйруғи билан қилинмаган. Мақсад - иш билан таъминлаш. Аграр университетдан домла келиб, талабгорларга уч кун дарс ўтди. Помидорга қандай дори сепилади, бодирингга қандай? Агар бу тадбир ўзини оқласа? бошқа туманларга ҳам таклиф қиламиз”.

"Ёшлар Иттифоқи етакчиси" ташкилотнинг мактаблардаги бошланғич ташкилоти раҳбаридир.

XS
SM
MD
LG