Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:56

Ўзбекча хусусийлаштириш: Кластерлар ер тортиб олишни қонунийлаштирди-ҳисобот


Ўзбекистон, пахта кластери. Иллюстратив сурат.
Ўзбекистон, пахта кластери. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда уй қурувчилар ва давлат фермерлар ҳамда фуқароларнинг ер ва уй-жойларига даъво қилганда, қонун осонгина суиистеъмол қилиниши мумкин.

Британиядаги Олстер университети ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми ҳамкорликда тайёрлаган ҳисобот хулосаси ана шундай.

The Diplomat нашри ҳисоботнинг асосий нуқталарини шарҳлаган.

2019 йил 18 январь куни Наманган вилояти Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов тумандаги 450 га яқин фермерга туманнинг маданият марказида ўтказиладиган йиғилишда қатнашиш ҳақида буйруқ берди. У ерда фермерларга ерларини давлат захирасига қайтариш учун ижара шартномаларини ихтиёрий бекор қилишларини тасдиқловчи аризаларни имзолаш буюрилди. Йиғилишга келишдан бош тортган баъзи фермерларни тунда полиция мажбуран олиб келган. Фермерларнинг эътирозларига қарамай, уларга аризаларни имзоламасдан кетишига рухсат берилмаслиги, ўз ерлари ва тирикчилик манбаларидан воз кечишлари кераклиги айтилган.

Ўша кеча ҳамма фермерлар ҳам аризаларни имзоламаган. Баъзилари вазиятдан фойдаланиб, бўш қоғоз топширган, бошқалари эса ерларини йўқотмаслик умидида тушунарсиз матнни ёзиб, имзолаган. Ҳатто шу “аризалар” ҳам "ихтиёрий воз кечиш"ни таъминлаш учун ишлатилган ва ўз ерларини қайтариб олиш учун судга мурожаат қилган фермерлар ютқазган.

Мирзиёев кластерлари: “Чўкаётган кластер фермерни ҳам ўзи билан тортиб кетмоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:01 0:00

2019 йилда "қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш" учун фермер хўжаликлари ерларини "оптималлаштириш" тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинганидан бери бутун Ўзбекистон бўйлаб қишлоқ хўжалиги ерлари тортиб олинмоқда. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини оммавий олиб қўйиш ва қайта тақсимлаш сўнгги 11 йил ичида уч марта амалга оширилди, ҳар сафар ердан самарали фойдаланишни ошириш баҳонаси билан. Бироқ, ҳукумат ҳануз фойдаланувчиларни танлаш ва ердан самарали фойдаланишни таъминлаш учун ерни қайта тақсимлашнинг холисона ёки самарали механизмларини ишлаб чиқмаган. Бундан ташқари, 2019 йилдаги ҳукумат қарори ердан самарасиз фойдаланишни аниқлашга қаратилган бўлса-да, бир тумандаги деярли барча фермерларнинг ерларини бир вақтда тортиб олиш қонуний асоси мавжуд эмас, деб ёзади мақола муаллифи.

Поп туманидаги 1021 та фермер хўжалигининг 1005 таси нима сабабдан бир кун ичида ерларидан оммавий воз кечишга рози бўлганлигини ҳеч ким сўрамаган кўринади. Фермерлардан тортиб олинган 6 минг гектарга яқин ер ҳукумат қарори билан 2019 йил сентябрь ойида ташкил этилган Арт Софт Текс кластерига ўтказилган.

Ўзбекистонда барча қишлоқ хўжалиги ерлари давлат мулки ҳисобланади. Фермерлар ерларни кўп йиллик, одатда 49 йилгача бўлган муддатга ижарага олади. Хусусий мулк давлатнинг асоссиз аралашуви олдини олиш учун эҳтиёткор бўлиши шарт.

Яқин вақтгача фермерлар томонидан давлатдан ижарага олинган ерлар бозор фаолиятидан четлаштирилган ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас эди. Фақатгина 2024 йил март ойидан бошлаб қишлоқ хўжалиги ерлари ижарачилари ердан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсларга қисман ўтказиш имкониятига эга бўлди. Бироқ, ер ижарасининг ўзидан кредит учун гаров сифатида фойдаланиш мумкин эмас ва сублизингга чекловлар бор.

2017 йилдан бошлаб бир қатор ҳукумат ислоҳотлари натижасида пахта маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва кўпинча ишлаб чиқариш учун масъул бўлган вертикал интеграциялашган корхоналар – кластерлар ташкил этилди. Расмий манбаларга кўра, ҳозирда 96 га яқин пахта-тўқимачилик кластери мавжуд бўлиб, улар пахта етиштиришнинг монопол назоратини давлатдан ўз зиммаларига олган. Пахта ва ғалланинг асосий қисми ҳали ҳам ерларини бевосита давлатдан ижарага олган фермерлар томонидан етиштирилаётган бўлса-да, ҳукумат бир қатор қарорлар орқали 268 минг гектар ерни (пахта ва буғдой учун ажратилган) асосан ер ижарасини "ихтиёрий" бекор қилиш орқали кластерларга ўтказди.

Фермерлар: Кластер бизни қул қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:08 0:00

Қишлоқ хўжалиги ерлари тортиб олиниши ва фермерларнинг тирикчилик манбасидан маҳрум қилиниши инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари томонидан батафсил ҳужжатлаштирилган. Фермерлар жарима таҳдиди остида ер ижарасини бекор қилишга мажбурлангани, натижада компенсация ёки даромадсиз қолганлари ҳақида хабар беришган. Бунинг оқибатида қишлоқларда – фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишчилари орасида ишсизлик кескин ошган.

2018 йил 10 августдаги ҳукумат қарорига мувофиқ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) ва Жаҳон банкининг хусусий кредит тармоғи бўлган Халқаро молия корпорацияси (ХМК) томонидан молиялаштирилган "Indorama Agro" хусусий пахта етиштирувчи компаниясига 54 196 гектар ер майдони ажратилди. 2020-йилги турмуш даражасини тиклаш режасига кўра, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларидаги 1068 та фермер хўжалигида тахминан 4337 та доимий фермерлик иш ўрни ва 9000 та мавсумий иш ўрни ҳозир "Indorama Agro" назоратига ўтган. Ушбу ишчиларнинг баъзиларига компанияда иш билан таъминлаш имкониятлари таклиф қилинган. Ҳозирда мазкур компания ЙТТБнинг мустақил ҳисобдорлик механизми томонидан меҳнат ҳуқуқлари жиддий бузилишлари ва қарши гапирган ишчиларга нисбатан қасос чоралари кўрилгани бўйича текширилмоқда.

Мирзиёев “хабарсиз” қолган буз-буз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:46 0:00

Мижоз сифатида "Indorama Agro" ЙТТБ ва ХМКнинг иш самарадорлиги стандартлари ва ер сотиб олиш бўйича талабларига риоя қилиши шарт. Иккала банк ҳам "Indorama Agro"га ўтказишга имкон берган ер ижарасининг бекор қилиниши "ихтиёрий" бўлганини таъкидламоқда. Аслида эса, фермерларга танлаш имконияти берилмаган. Ер ижараси одатда маҳаллий ҳокимликлар билан тузилгани сабабли, фермерлар олдиндан имзоланган ижара шартномаларига бекор қилиш санаси қўйилишига тўсқинлик қила олмади. Кўпчилик фермерларда ҳатто ижара шартномаси нусхаси ҳам йўқ эди. Бундан ташқари, ХМКнинг ерни сотиб олиш бўйича кўрсатмаларида "мижозлар, ҳатто розиликсиз ерни сотиб олиш учун қонуний асосларга эга бўлсалар ҳам, ушбу Самарадорлик стандарти талабларига жавоб берадиган келишувлардан фойдаланишга ундалади" дейилган.

"Ўзбек форуми"га берган интервьюларида айрим фермерлар ўз далаларига етиб боргунларича ер ижаралари бекор қилингани ҳақида хабардор қилинмаганини ва "Indorama Agro" ёки кредиторлар билан ҳеч қандай маслаҳатлашувлар ўтказилмаганини айтишган.

Бир фермер шундай деди:

Оқолтин туманида Indorama иш бошлаганидан сўнг, 2017 йил июнь ойида ғалла йиғим-теримидан кейин қишлоқ хўжалиги ерлари шу кластерга ўтказилди. Менинг еримни тортиб олишлари ҳақида менга ҳеч қандай хабар берилмаган эди. Шунингдек, менга ҳеч қандай огоҳлантириш хати ҳам юборилмади. 2017-йилги ғалла йиғим-теримидан сўнг маъмурлар ерларим автоматик равишда Indorama кластерига ўтказилганини айтишди. Мен ерни бериш ҳақида ариза ёзмаганман, маҳаллий ҳокимнинг қарорини ҳам кўрмаганман.

Ерлари Indorama’га ўтказилмаган фермерлар ҳам компания учун маҳсулот етиштириши мажбурий эди. Хусусийлаштиришнинг дастлабки босқичида ҳар бир туманда фақат битта кластер ташкил этилгани сабабли, фермерлар пахтани қайси кластерга етказиб беришни танлай олмасди ва нархлар бўйича музокара олиб боролмасди, чунки нархлар 2023 йил декабригача давлат томонидан белгиланарди. Кейинги қонунчиликда бу масалалар назарий жиҳатдан ҳал қилинган бўлса-да, фермерлар амалда тадбиркорликка ўтиш жараёнидан четлатилди. Аксинча, улар хусусий субъектлар фойдасига барқарор ва кафолатланган арзон пахта етказиб беришни таъминлаши шарт бўлган ишлаб чиқарувчилар ролида қолди.

Суриштирув: Ери тортиб олинган фермер ва "қулдек ишлатилаётган" ўзбеклар. Indorama Agro "намунавий инвестор"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:54 0:00

Мутахассислар фикрича, сўнгги йилларда ташкил этилган бу кластерлар давлат-монополистик бошқарувининг самарасиз шакли бўлиб, фақат сунъий яратилган шароитларда ишлай олади. Тизим аграр ислоҳотларга тўсқинлик қилувчи тузилмаларга асосланган. Масалан, фермерларга қайси экинлар энг даромадли ва ўз ерларига энг мос эканлигини танлаш имкониятини бермайди, дейди The Diplomat мақоласи муаллифи.

Ўзбекистон пахта сектори хусусийлаштирилиши ўзбекистонлик фермерлар мустақиллиги йўқлиги ва уларнинг давлат назорати суиистеъмолидан ҳимояланмаганини яққол кўрсатди. Ҳукумат маҳаллий амалдорларнинг ҳокимиятни суиистеъмол қилишига қарши курашиш учун самарали чоралар кўриши лозим. Бундан ташқари, пахта ва ғалла экинларини мажбурий экишга чек қўйиш керак, бу фермерларга нимани ва қанча етиштиришни ўзлари танлаш имконини беради. Бу уларга хусусий ташкилотлар билан ҳақиқий тадбиркорлик муносабатларига киришиш, адолатли нархлар бўйича музокаралар олиб боришга йўл очади. Бундай асосий ислоҳотлар амалга оширилмагунча, фермерлар ўз меҳнатидан шафқатсизларча фойдаланадиган кластерлар ва давлат ихтиёрида қолаверади, дейди мақола муаллифи.

Форум

XS
SM
MD
LG