Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Яна бир сиёсий партия. "Шоввозсой"ни фош қилган фаол сиёсатга кирмоқда


Алексей Гаршин.
Алексей Гаршин.

Ўзбекистонлик таниқли блогер, “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган Алексей Гаршин “Озод Ватан” партияси таъсис қурултойига ҳозирлик кўрилаётганини маълум қилди.

Фаол YouTube каналида эълон қилган видеода, буни Ўзбекистонда халқ партиясига айлантириш истагини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда блогер, партия тузишни 1 йил аввал ният қилгани ва шу кунда 20дан ортиқ аъзоси бўлган ташкилий қўмита шаклланганини айтди.

Аввалроқ таниқли драматург Санжарали Имомов “Озод Ватан” партиясини тузиш ҳаракати бошланганини билдирган эди.

Блогер Алексей Гаршиннинг айтишича, 20 га яқин зиёли ва фаоллардан иборат ташкилий қўмита тез орада партиянинг илк қурултойини ўтказишни режаламоқда.

“Қонун бўйича биз ташкилий қўмита учун камида 50 киши тўплашимиз керак. Бизда озми-кўпми, синалган кишилардан иборат 20 кишилик гуруҳ шаклланди. Лекин ҳозирги кунда жамоа тузиш осон эмас, ўзаро мунозаралар бор. Аммо буларни ҳал қиляпмиз ва бошқа кечиктириб ўтирмасдан, ҳаракатга киришишга қарор қилдик”, дейди Гаршин.

Ўзбекистонда 1996 йилда қабул қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга биноан, партия тузиш учун ташаббускорлар камида 50 киши бўлиши лозим.

Улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузади.

Қўмита тузилганидан кейинги 7 кундан кечиктирмай Адлия вазирлигига таркиби, раҳбари, манзили ҳамда таъсис съезди ёки конференцияси чақириладиган санани ёзма равишда хабар қилиши керак.

Қонунга биноан бу қўмита 3 ой ишлаши мумкин. Сиёсий партия эса қўмита чақирадиган таъсис қурултойида тузилади.

Компьютер устаси бўлган 51 яшар Алексей Гаршин фикрича, Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган сиёсий партия тузиш шартлари оғир ва сафдошлари билан тузишга киришган янги партия шу йил октябрь ойида кутилаётган президент сайловида қатнашишга улгурмайди:

“Ҳар қандай ҳолатда ҳам улгурмаймиз. Биринчидан, ишимизнинг силлиқ кетиши даргумон. Иккинчидан, партия президентликка илгари сурадиган номзод мамлакатдаги жами сайловчиларнинг 1 фоизи миқдорида тарафдор йиғиши керак - бу талабни бажариш имконсиз. Шунга қарамасдан, айнан ҳозир партия тузишдан мақсад шуки, Ўзбекистондаги бугунги вазиятдан чиқишнинг ягона қонуний йўли том маънода халқ партиясини тузишдир. Қанча тез тузсак, шунча яхши бўлади, муаммоларни шунчалик тез ва оғриқсиз ҳал қилишимиз имкони ортади”.

Алексей Гаршиннинг таъкидлашича, шундай партия тузиш ниятини бир йил аввал кўнглига туккан.

“Мен турли ташкилотларга югура-югура бир натижага эришмагач, бир йил муқаддам ҳаммасини тушунгандим - Ўзбекистондаги вазиятдан чиқишнинг ягона қонуний йўли халқ партиясини тузишдир. Ўшандаёқ жамоа йиғишга ҳаракат бошлагандим”, дейди Гаршин.

Ўзбекистонда президент сайловлари шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ҳозирга қадар, икки мухолиф гуруҳ - “Эрк” демократик партияси ва янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал демократик партияси бу сайловда ўз номзодини илгари суришини билдирди.

Аммо, ҳар икки партиянинг расмий рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги мурожаати Адлия вазирлиги томонидан рад этилди.

Натижада, рўйхатдан ўтмаган “Эрк” Демократик партияси номидан президентликка номзод қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов президентлик пойгасидан чиқиб кетганини эълон қилди.

“Ота-онамнинг ҳар куни йиғлаб ўтириши менга қимматга тушяпти”, деб изоҳ берди Отажонов.

Термиз университетининг собиқ ректори Хидирназар Аллақулов ташкил қилган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси тарафдор ва фаолларига нисбатан ҳам босимлар давом этмоқда.

Алексей Гаршин ўзи ва сафдошлари тузишга киришган “Озод Ватан” партияси ҳам расман рўйхатдан ўтказилмаслиги мумкинлигини эътиборда тутган ҳолда ҳаракатдан тўхтамаслигини айтди:

“Мен тушундимки, Х. Аллақулов охиригача боради. Биз ҳам ҳаракат қиламиз. Ҳозир ўйланиб ўтиришнинг нима кераги бор?! Ҳозир атрофимизга тарафдор, халқни тўплашимиз керак, унинг ишончини оқлашимиз керак. Ҳаракат қилишимиз керак! Бошқа йўлимиз йўқ!”

Тошкентлик компьютер устаси бўлган Алексей Гаршин тармоқларни титратган махфий “Шоввозсой” қароргоҳи ҳақида биринчи бўлиб хабар қилган.

Кейинчалик Озодлик олиб борган махсус суриштирув, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги Угам-Чотқол тоғ тизмалари бағрига яширилган бу қароргоҳ, президент Мирзиёев учун махсус қурилгани, сунъий сув омборини ҳам ичига олган улкан мажмуа эканини ўртага чиқарди.

Ана шу хабардан сўнг, у жуда қисқа муддатда - YouTube тармоғига видеоларни жойлаб, катта-кичик муаммоларни кўтариб келаётган тошкентлик влогер сифатида кенг жамоатчиликка танилди.

Алексей Гаршин: Шоввозсой - халқни очиқчасига талаш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00

Ҳозирча, Гаршин сафига қўшилган янги сиёсий гуруҳ ва бошқа мухолиф гуруҳлар Адлия вазирлиги томонидан сиёсий партия ўлароқ рўйхатга олинадими, сўнгра Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси уларни сайловга қўядими - бу номаълум.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган, мухолифат “ичкаридан чиқиши керак”, деганди.

Қонунга биноан, сайловолди кампанияси сайловлар санасидан камида 3 ой олдин бошланиши керак. Ҳозирга қадар на президент Мирзиёев ва на сиёсий партиялар ўз номзодини илгари сургани йўқ.

Мамлакат ичкариси ва ташқарисида шу йил октябридаги сайловларда Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга қайта сайланишига кўпчилик шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG