Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:01

Водилда чегарачилар икки кишини отиб ўлдирди. Яқинлари ҳарбийларни жазога тортишни талаб қилмоқда


Водилликлар ҳамқишлоқликларининг чегарачилар томонидан ўлдирилганига норозилик билдирмоқда.
Водилликлар ҳамқишлоқликларининг чегарачилар томонидан ўлдирилганига норозилик билдирмоқда.

Шу йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари аскарлари Фарғона туманининг Қирғизистонга чегарадош Водил қишлоғи Бўстон маҳалласида икки қуролсиз маҳаллий аҳоли вакилини отиб ўлдирди.

Ҳодиса юзасидан тезкор тарқатилган расмий баёнотда “ҳуқуқбузарлар чегарачиларга нисбатан куч ишлатиб, тўсиқдан ўтиб кетишга урингани” таъкидланади. Аммо ўлдирилганлар яқинларининг гувоҳлиги расмий фараздан буткул фарқ қилади.

Чегарачилар томонидан отиб ўлдирилган Абдулҳай Муқаддасов ва Отабек Йўлдошевнинг оталари фарзандларининг қотиллари жазога тортилишини талаб қилмоқда.

Ҳодиса 16 октябрга ўтар кечаси Бўстон маҳалла пунктига ўзбекистонлик чегарачилар қўйган постда содир бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, ўша куни кечқурун қишлоқ яқинидаги, яъни Ўзбекистон ҳудудидаги чойхонада ўртоқларининг туғилган кунини нишонлаб автомобилда қайтаётган синфдошлар 30 яшар Абдулҳай Муқаддасов, Алишер Турсунов ва Сардорбек Собировларни чегарачилар постда тўхтатиб, маҳаллага ўтгани қўймаган. Орада жанжал чиққан.

Пoгонлиларнинг қоронғу қилмиши: Солиқчи ўлимида айбланган ИИБ ходимлари ҳибсга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:31 0:00

Бу жанжалда бошидан ўқ еб ҳалок бўлган иккинчи йигит 34 яшар Отабек Йўлдошевнинг отаси Баҳодир Йўлдошевнинг айтишича, ўғли постга тасодифан бориб қолиб, жанжалнинг устидан чиққан:

“Куни билан фермамизда отларга жой қилдик. Кечқурун мени уйга ташлаб қўйди, уйига кетди. Уйига келганда бир ўртоғи олдига келиб, "мени уйга ташлаб қўй" деган. Ўшани ташлаб қайтаётган бўлган. Ўша куни кичик ўғлим Сардорбек ҳам ўртоқлари билан ошдан қайтаётган бўлган. У Абдулҳайнинг ўртоғи. Ўша постга келганда қараса жанжал бўляпти. Ўғлимни бир солдат босиб олиб милтиқнинг қўндоғи билан башарасига ураётган бўлган. Ака жигар-да, бунга чидаб туролмай бориб аскарни урган. Ўша пайтда ҳарбий қисмдан группа етиб келган. Катта ўғлим Отабекни ўша ерда отиб қўйишади. Ўқ жағидан кириб миясидан чиққан”.

Озодликка юборилган видеолардан бирида ҳодиса гувоҳи Сардорбек Собиров акасининг жасади олиб кетилганидан сўнг, чегарачиларига юзланиб, "мана бу ака отди", деса, аскарлардан бири “яхши қипти, отади мана шундай”, деб жавоб беради.

Гувоҳларнинг айтишича, чегарачилар гўёки машинада контрабанда юк борлигини иддао қилишган. Лекин маҳалла одамлари олган видеода машина текширилганда ҳеч қандай юк топилмагани кўринади.

Марҳум Отабек Йўлдошевга тегишли бўлган автомобилдан ҳеч қандай контрабанда юки топилмаганини воқеа содир бўлган кечада олинган видео ҳам тасдиқлайди.

Баҳодир Йўлдошевнинг айтишича, қуролсиз йигитлар чегарачилар томонидан отиб ўлдирилганини кўрган гувоҳлар бор. Бундан ташқари, постда кеча-ю кундуз ишлайдиган камера бор ва у олиб кўрилганда ҳам воқеа қандай бўлгани юзага чиқади.

Водил аҳолиси ва чегарачилар ўртасидаги муносабат, водилликларнинг сўзларига кўра, сўнгги беш-олти йилда жуда ҳам таранглашган.

Водилликларнинг иддаосича, чегарачилар аҳолининг уйларига рухсатсиз бостириб кирмоқда, одамларнинг шахсий дахлсизлигига дахл қилмоқда.

Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларининг Телеграмдаги расмий каналида 16 октябрь куни ушбу воқеа ҳақида расмий баёнот берилди. 19 август куни эса бу каналда содир бўлган ҳодиса видеоси тарқатилди.

“Жорий йилнинг 16 октябрга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани “Водил” аҳоли пунктида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар А.М. ва О.Ю. исмли шахслар бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида мазкур автотранспорт воситасининг салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Чегара қўшинлари бўлинмасига бориш таклиф этилганида, фуқаролар А.М. ва О.Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари, спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишган.

Натижада ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмаганлиги боис, чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттирганлар.

Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланилиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий баёнотда.

Аммо отилган йигитларнинг яқинлари ушбу баёнот ва видеода бўлиб ўтган воқеа нотўғри талқин қилинганини иддао қиладилар.

Сув жанжали ортидан ўнлаб йигит қийноққа тутилгани иддао қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:35 0:00

Мана уларнинг расмийларга бераётган асосий саволлари:

Агар фарзандларимиз машинасидан ноқонуний олиб кирилган товар-моддий бойликлари топилган бўлса, нега ўша куни бу видеога олиб кўрсатилмади? Қани ўша моддий бойликлар?

Нега фарзандларимиз фақат боши ва юз қисмидан отилган? Уч кишига ўндан ортиқ чегарачининг кучи етмадими? Нега уларни ушлаб, кишанлаб, ички ишлар бўлимига топширилмади?

Баёнотда ўн нафарга яқин йиғилган шериклари дейиляпти? Қани видеода тўрт кишидан бошқа одам йўқ-ку?

Нега видеода фарзандларимиз қандай отилгани ҳолати кесиб ташланиб, кўрсатилди?

Агар улар ҳақ бўлса нега видеони тўлиқ шаклда жамоатчиликка кўрсатмайди?

Бу каби саволлар ҳозир нафақат отилган йигитлар ота-оналарини, балки ўзбекистонлик чегарачилар ҳуқуқбузарлигидан зада бўлган водилликларни ҳам қийнамоқда.

Ўттиз яшар Абдулҳай Муқаддасовнинг уч фарзанди етим қолди. Хотини тўртинчи фарзандга ҳомиладор. У деҳқончилик билан шуғулланган.

Ўттиз тўрт яшар Отабек Йўлдошевнинг эса бир нафар қизи бор. У боғбон ва чорвадор. Дадаси ва укалари билан “Водил комиссион" МЧЖни юритар эди.

Форум

XS
SM
MD
LG