Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

"Визаран": Қирғизистонга келин бўлган ўзбек аёллари янги муаммога дуч келишмоқда


Қирғиз-ўзбек чегараси. Қирғизистон, Ўш.
Қирғиз-ўзбек чегараси. Қирғизистон, Ўш.

Қирғизистонда “визаран” бекор қилингач, қирғиз фуқаролари билан турмуш қурган ўзбекистонлик аёллар янги қийинчиликлар билан тўқнашишди.

Озодлик қирғиз хизматининг ёзишича, ўзбекистонлик келинлар ўз оилалари ёнида бўлишлари учун кафолат сифатида картада 50 минг сом сақлаш талаб қилинаётганидан шикоят қилишмоқда. Бироқ Қирғизистон ТИВ иддаосича, Ўзбекистон фуқароси бўлган аёллар визани соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин.

“Ҳамма пул излаб қолди”

Жалолободлик тадбиркор Лутсия Эралиева Озодлик билан суҳбатда чегара қишлоқларида яшовчи Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш аёллар янги муаммога дуч келишгани ҳақида сўзлаб берди.

У яшайдиган қишлоқда сўнгги кунларда деярли барча ўзбекистонлик аёллар қарзга пул қидириб қолишган. Маълум бўлишича, бунинг сабаби чет элликларнинг Қирғизистонда бўлиши қоидалари ўзгарганида экан.

“Мен ўзим Қирғизистон фуқаросиман, аммо қишлоғимизда Ўзбекистондан келин бўлиб тушганлар жуда кўп. Сўнгги кунларга кўплаб аёллар мендан 50 минг сом қарз сўрашди. Ўзбекистон фуқаролари бир йил муддатга регистрация олиши керак, деган қонун чиққанмиш. Лекин уларнинг карталарида 50 минг сом бўлиши шарт экан. Ҳукумат бу пулларни олиб қўймайди, аммо картада турсин деб талаб қиляпти.

Қонун борлигини тушунамиз, лекин нега бунақа шарт қўйиляпти? Аёллар 50 минг сом излаб сарсон бўлишмоқда, кўпчилик қарз оляпти, кредит олаётганлар ҳам бор. Ахир кредитни фоизлари билан тўлаш керак, ҳужжат йиғиш лозим. Зарурмиди шу? Қишлоқда яшайдиганлар учун 50 минг озмунча пул эмас, ҳар кимда ҳам топилавермайди. Нега бундай қилишаётганини барибир тушунмадим, чунки қишлоқликларга қийин қилиб қўйишди”, дейди Эралиева.

Унинг сўзларини исми сир қолишини истаган жалолободлик бошқа аёл тасдиқлади. Аёл Ўзбекистон фуқароси бўлиб, кўп йиллардан бери Қирғизистонда яшайди.

“Соғинганда йиғлаб оламиз”. Ўзбекистоннинг Аравонга келин бўлган қизлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:35 0:00

Озодлик суҳбатдоши у каби Қирғизистон фуқароларига турмушга чиққан кўплаб аёллар жорий йил бошидан шу муаммога дуч келганини айтади.

“Биз учун бу янгилик бўлди. Қирғизистон фуқароларига эрга теккан ўзбекистонлик аёллар бир йиллик виза очиши, бунинг учун ҳужжат йиғиши ва пулини кўрсатиши керак, дейишди. Буларнинг барини электрон шаклда бажариш керак экан. Оддий одамларга бу осон эмас. Ўзбекистондан икки-учталаб келин олган оилалар бор. Уларга 50 минг эмас, 100-150 минг сом пул керак. Битта оилага бу оғирлик қилади.

Бизга шу пайтгача “Ўзбекистон билан чегара очиқ, муаммо бўлмайди”, деб келишди, аммо бюрократик тўсиқлар, кўриб турганингиздек, кўпаймоқда. Бу ерда оилаларимиз билан яшаётган эканмиз, визанинг нима ҳожати бор, нега қирғиз паспортини бериш мумкин эмас? Ҳозир ҳамма ёқда навбат, одамлар ҳужжат тўплашяпти, пул излашяпти. Илгари икки ойда бир чиқиб келиш керак бўлса, энди бир йилга узайтиришди, лекин виза жорий қилинди. Оддий халқ учун ортиқча дахмаза бу. Ҳукуматдан бу тартиб-таомилларни соддалаштиришни сўраймиз”, дейди аёл.

“Визаран” бекор бўлди

Ўтган йилнинг октябридаёқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги чет эл фуқаролари учун визасиз режимни қўллаш тартиби ўзгартирилишини маълум қилган эди.

“Қирғиз Республикаси умуман олганда жуда либерал виза тизимини олиб бормоқда, кўп мамлакатлар билан визасиз режим жорий қилинган. Бироқ ўтган йилнинг октябригача чет давлатларнинг айрим фуқаролари ушбу либерал виза режимини суиистеъмол қилишди, яъни чегарадан чиқиш ва дарҳол қайтиб кириш билан мамлакатимизда бўлиш даврини нуллаштириб юришди. Янги қоидалар амалга киритилган ўтган йилнинг октябр ойидан бери жуда кўпсонли чет элликлар Қирғизистон давлат органлари кўз остидан ғойиб бўлганини кўрдик. Ҳозирда чет мамлакат фуқароси Қирғизистонга визасиз тартибда белгиланган муддатга келиши мумкин, аммо энди чегарадан чиқиб дарҳол қайтиб кириш йўли билан мамлакатимизда бўлиш даврини нуллаштира олмайди. Узоқроқ муддатга қолиш учун у тегишли тоифадаги виза ёки ишлаш учун рухсатнома расмийлаштирмоғи лозим. Октябрда бошланган 60 кунлик муддат январ ойига келиб тугади, шу боис фуқаролар бизга ҳам мурожаат қила бошлашди”, дея изоҳ берди Озодликка Қирғизистон ТИВ консуллик департаменти ходими Азамат Калисбеков.

Айни чоғда ТИВ вакили Қирғизистон фуқароларининг оила аъзолари бўлмиш шахслар виза олиш учун ўз карталарида 50 минг сом сақлаши кераклиги ҳақидаги маълумотни рад этди.

Калисбековга кўра, Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш аёллар виза олиш учун ҚР фуқароси билан никоҳдан ўтгани ҳақидаги гувоҳномани, турмуш ўртоғининг ID-картасини ва тўлов қобилиятини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиб, шахсан ариза ёзиб беришлари керак.

“Аммо бизда “ҳисобида 50 минг сом пули ёки муайян иш ҳақи бўлсин” деган талаб йўқ. Қирғизистон фуқароси расман ишламаган тақдирда, бошқа йўли бор: у ўз меҳмони, рафиқаси – Ўзбекистон фуқаросининг моддий харажатларини кафолатлаши ҳақида ариза ёзиб, нотариусдан тасдиқлатиши мумкин. Шу ҳужжат кифоя бизга. Фуқаро пенсия ёки иш ҳақи олса ҳам шу ҳужжатни бизга кўрсатади, вассалом. Визанинг ўзи эса 20 доллар туради. Бу айнан қирғиз фуқароларининг оила аъзолари учун соддалаштирилган виза, яқин қариндошлар келиб-кетиши учун махсус ишлаб чиқилган. Мазкур фуқаролар виза билан Қирғизистон ҳудудида бир йилгача муддатга бўлишлари, кейин эса визани узайтиришлари ёки 3 йиллик вақтинча яшаш рухсатномаси олиш учун ҳужжат топширишлари мумкин. Хуллас, муқобил имкониятлар бор”, тушунтиради ТИВ ходими.

“Анкетани ҳатто саводли одам ҳам тўлдириши қийин”

“Фарғона водийси чегара билмас юристлари” жамоат фонди кўп йиллардан бири чегара ҳудудлар аҳолисига ҳужжатлар олиш, жумладан қўшни мамлакатлар фуқаролари учун виза расмийлаштириш масалаларида кўмаклашиб келади.

Фонд юристи Алмазбек Козубаев январ ойида янги қоидаларга тушунмай, фонддан ёрдам сўраган Ўзбекистон фуқаролари сони ортганини таъкидлайди. Мутахассисга кўра, илгари ўзбекистонликлар ҳар 60 кунда Қирғизистондан чиқиши ва дарҳол қайтиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда 60 кун ўтганидан сўнг 60 кунга мамлакатни тарк этишлари керак ва шу муддатдан кейин қайтиб келишлари мумкин.

Ўшда очилган Ўзбек тили ва маданияти маркази нима иш қилади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:24 0:00

Юристнинг айтишича, бунақа қоидалар қирғизистонликларга турмушга чиққан ўзбекистонлик аёлларга салбий таъсир қилади.

“Ўзбекистон фуқароси бўлмиш аёллар Қирғизистонда 60 кун бўлганидан сўнг мамлакатда яна қолишни истасалар қариндош визасини олишлари лозим. Виза Қирғизистонда бир йил бўлиш ҳуқуқини беради. Уни олиш учун таклиф қилувчи томон визага талабгорни бир йил таъминлаш мажбуриятини олади. Масалан, эр Қирғизистонга таклиф қилаётган хотинини таъминлай олишини нотариал тасдиқлатиши, яъни кафил бўлиши керак. Бу кафил даромади борлигини кўрсатиши талаб қилинади, яъни ишхонадан маълумотнома, патент, ер участкаси ёки чорва моллари борлиги ҳақида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этади. Булар бўлмаган тақдирда эса у банкдаги ҳисобида пули борлигини тасдиқловчи маълумотнома келтириши лозим. Агар одамда ҳеч вақо бўлмаса, у виза ололмайди ва 60 кунга оиласидан узоқда яшашига тўғри келади. Муаммони ҳал этиш учун ТИВ Қирғизистон фуқароларига эрга теккан ва Қирғизистонда доимий яшайдиган ўзбекистонлик аёлларга енгиллик берувчи ўзгартишлар киритиши керак. Кафилликка доир норма қолаверсин, лекин у ўз даромадларини кўрсатсин, деган банд ортиқча. Шунда фуқароларга бирмунча енгил бўлади. Кўпчилик даромадини кўрсата олмайди, чунки қишлоқларда жуда кам одам расман ишлайди”, дейди Козубаев.

У қўшимча қилишича, айрим ҳолларда ўзбекистонлик аёллар турмушга чиққандан сўнг Қирғизистон фуқаролигига киришмоқда ва шундан сўнг уларнинг виза олишларига ҳожат қолмаяпти. Бироқ олдин қирғиз паспортини никоҳ қайд этилганидан кейиноқ олиш мумкин бўлган бўлса, 2023 йилдан бошлаб аёллар никоҳга киргандан сўнг Қирғизистон ҳудудида уч йил доимий яшагандан сўнггина фуқароликка қабул қилишни сўраб ариза беришлари мумкин.

Козубаев масаланинг молиявий томонидан ташқари, виза олиш учун ариза тўлдириш билан боғлиқ муаммолар ҳам борлигини айтади.

“Виза олиш учун ариза фақат электрон шаклда берилади. Бунинг учун эса одамларда компьютер, интернет бўлиши керак. Анкета тўлдириш саводли одамларга ҳам осон эмас, қишлоқда ҳамма ҳам бу ишни мустақил бажара олмайди. Анкета нотўғри тўлдирилган бўлса, табиийки, виза берилмайди. Унда кераксиз бандлар кўп, масалан, қайрилман мақомига доир бандни олайлик. Тизим зарур ҳужжат илова қилинишини талаб қилади, лекин агар одам қайрилман бўлмаса, у нимани илова қилиши керак? Ҳолбуки бу тўлдириш шарт бўлган банд ҳисобланади.

Шунингдек, виза олиш учун давлат божи (20 доллар) тўлаш ҳам муаммо. Чунки тўлов масофадан ва албатта Visa картаси орқали амалга оширилиши керак. Бизга мурожаат қилганлардан ҳеч бирида бунақа карта йўқлиги маълум бўлди. Электрон ҳамёнлар ёки терминаллар орқали тўлаб бўлмайди. Мана шу жиҳатлар виза олиш тартиб-таомилларини янада қийинлаштиради. Никоҳ гувоҳномаси бор аёллар учун соддалаштирилган тартиб жорий этишса яхши бўларди”, дейди Козубаев.

Қирғизистон чегара қишлоқларида Ўзбекистондан келин олган оилалар кўп. Очиқ маълумотларда аниқ статистика бўлмаса-да, қишлоқликлар деярли ҳар иккинчи оилада ўзбекистонлик келинлар борлигини айтишади. Бунақа оилалар икки давлат ўртасида чегаралар ёпилганида ёки миграция қоидалари ўзгарганида турли муаммоларга йўлиқадилар

Форум

XS
SM
MD
LG