Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Вазир дарсдан ташқари ишларга ўқитувчилар жалб қилинаётганини олқишлади


Наманганлик ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 2017 йил, 23 октябрь
Наманганлик ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 2017 йил, 23 октябрь

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ўқитувчиларни фақат дарсга кириб таълим бермасдан, бошқа жамоатчилик ишларини ҳам бажаришга даъват этди.

Вазир олиб борилаётган ислоҳотларни уйма-уй юриб маҳаллага тушунтириб боришни муаллимларнинг фидойилиги, деди.

Вазирнинг бу гапидан энсаси қотган ўқитувчилар эса, Улуғбек Иноятов уларнинг аҳволидан умуман бехабарлиги ҳақида айтмоқдалар.

Вазир дарсдан ташқари ишларга ўқитувчилар жалб қилинаётганини олқишлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов 5 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик қилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Хабаr.uz нашрининг хабарига кўра, Улуғбек Иноятов ўқитувчиларнинг дарсдан бошқа ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани ҳақидаги саволга бундай деб жавоб берган:

- Ўқитувчи зиёли, тарғиботчидир. У фақат дарсга кириб, таълим бериши керак эмас. Педагог ўз маҳалласининг фаоли бўлиши жоиз. Маҳалла аҳли ва фаоллари ўртасида жамиятдаги ислоҳотларни тарғиб қилсин. Керак бўлса, уйма-уй юриб, тушунтириши лозим. Шундай фидойи ўқитувчиларимиз борлиги учун жамиятда ривожланиш кузатиляпти. Бу каби ишлар мажбурий эмас, лекин ўқитувчиларимиз ўзининг шижоати билан ихтиёрий амалга оширишса, биз фақат хурсанд бўламиз, - деган Халқ таълими вазири.

Вазирнинг ўқитувчиларни дарсдан ташқари ишларга жалб қилинишини олқишлаши ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсни уйғотди.

Ижтимоий тармоқ фойдланувчилари, вазир шундай ҳам маҳаллий ҳокимиятнинг мардикорига айланиб қолган ўқитувчиларни ҳимоя қилиши, уларни бошқа ишлардан бутунлай озод қилиб, вақтини фақат таълимга бағишлаши кераклиги ҳақида гапириши лозим эди, деган фикрни билмоқда.

“Мен ўз ишини ташлаб бозорларда ишлаётган жуда кўп ўқитувчини биламан. Улар ўзларига уй қурмоқда, машина оляпти, нормальний одам сифатида ҳаёт кечиряпти. Бизнинг раҳбарлар 25 йилдан буён уларнинг инжиқликларига дош бериб чидаб қилаётганига шукр қилсин”, деб ёзади Фейсбукнинг Амин Алиев исмли фойдаланувчиси.

Озодлик Улуғбек Иноятовнинг ўқитувчилар ҳақида нега бундай деганига муносабат олиш учун, вазирликнинг матбуот хизмати билан боғланди.

Ўзини ҳатто таништиришни истамаган матбуот хизмати ходими ёки раҳбари, суҳбатдошининг Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётганини эшитганидан сўнг, гўшакни шарақлатиб жойига қўйди ва бошқа қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Вазир ва ўринбосарларининг иш телефонлари эса жавоб бермади.

Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида 38 йилдан буён ўқитувчилик қилиб келаётган Абдуманноб Эгамовнинг Озодликка айтишича, вазир ҳеч қачон оддий ўқитувчиларнинг ҳақиқий аҳволидан хабар олмаган:

“Тўғри, ўқитувчининг фаоллиги бўлиши керак. Лекин бу фаоллик дарсдан ташқари ишларга эмас, таълимга қаратилиши керак. Нега, ўқитувчи ўз иши қолиб кўча супуриши, пахта териши керак? Ахир бошқа биров келиб, ўқитувчи ишини қилиб бермайдику. Бу вазир таълимнинг одами эмас. Мен икки марта учрашганман, таълим муаммолари хусусида. Икки марта ҳам алдаб жўнатган. Бирор марта вазирнинг ўзи мактабларга бориб, бир соат дарсда ўтириб кўрдими ёки бирор ўқитувчидан ҳолинг қандай деб сўрадими? Бунақасини эшитмаганман. Вазир, ўқитувчиларни ҳимоя қилиш ўрнига, уларни ҳокимларга "ма ол, ишлат" деб, қурбон қиляпти”, дейди Абдуманноб Эгамов.

Тошкент вилоятида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири, вазирнинг бу гаплари ўтган асрнинг 20 йилларини эслатиб юборганини айтади:

“Ўтган асрнинг 20 йилларида ўқитувчилар ва саводи чиққан одамларни ҳукумат ана шундай тарғибот ишларига сафарбар қилар эди. Орадан юз йил ўтди, лекин ҳали ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Вазир аслида, ўқитувчиларни маҳаллий ҳокимлар зуғумидан ҳимоя қилиши керак эди. Чунки, ҳокимлар ҳозир ўқитувчини одам ўрнида ҳам кўрмай қўйдику. Сайхунобод ҳокимининг пахтага кам одам чиқардинг деб, директорни қарсиллатиб урганидан вазирнинг хабари йўқми? Андижон ҳокимининг ўқитувчиларни “ифлос, шакал, тварь” деб ҳақорат қилганидан хабари йўқми? Мана, Ўзбекистон ТВси ҳам ўқитувчиларнинг мажбурий ишларга жалб қилинаётгани ҳақида бир неча кўрсатув берди. Вазирнинг бундан хабари йўқми? Биз, ўқитувчилар гоҳ пахтада, гоҳ чопиқда, гоҳ кўча супуриб юрганимиздан ҳурматли вазирнинг хабари йўқми? Хабари ҳам бор, билади ҳам. Лекин бу вазир ҳақ сўзни айтишдан қўрқади, чунки эски команданинг одами. Шундай одамлар раҳбар бўлиб тургани учун ҳам халқ таълимининг дабдаласи чиқиб ётибди”, дейди ўқитувчи.

Айни пайтда, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларга уй-жой ажратиб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича махсус лойиҳа ишлаб чиқмоқда.

ЎзА хабарига кўра, лойиҳада устоз-мураббийларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини қонуний ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилаяпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб ободонлаштириш ва дала ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўтган йили пахта мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилояти ҳокимлари ҳам пахта мавсумида ўқитувчиларни теримга чиқармаслик ҳақида ваъда берган бўлса-да, лекин тез орада бу ваъдаларини бузган ва ўқитувчилар пахта тергани жўнатилган эди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг йил давомида ободончилик ишларига ҳам жалб қилинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG