Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Андижонликлар боласини масжидга жўнатмасликка кафолат бермоқда


Андижон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчиларнинг ота-оналаридан ёзги таътил вақтида болаларини "масжид, ноқонуний ҳужралар, playstation, Internet"га юбормаслик, "тиланчилик, машина ювиш, бензин сотиш" каби ишларга машғул қилмасликка кафолат бермоқдалар. Озодликка йўлланган кафолат хатида бу талаблар Ўзбекистонда "Таълим тўғрисида"ги қонуннинг 30-моддаси асосида қилинаётгани айтилган.

Озодликка йўлланган хабарга кафолат хатининг нусхаси илова қилинди. Унда "Андижон ХТМФМТ ва ТЭ шаҳар бўлимига қарашли 30-умумий ўрта таълим мактаби" номи битилган.

Тилхатда "Таълим тўғрисида"ги қонуннинг 30-моддаси асосида қўйилган илк талаб намоз ва масжидга оид.

Ота-оналар ўз боласининг масжидга бормаслигига кафолат бермоқда
Ота-оналар ўз боласининг масжидга бормаслигига кафолат бермоқда

"Мен фарзандимни ёзги таътил давомида тартибли бўлиб юришга, ОДОБ-АҲЛОҚ НОРМАЛАРИга тўла риоя қилишга, Таълим тўғрисидаги қонуннинг 30-моддасини бажаришга, намоз ўқиш учун масжидга бормаслигига, ноқонуний ҳужраларда таҳсил олмаслигига, турли диний оқимларга қўшилмаслигига, бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланмаслигига, тиланчилик, аравакашлик, машина ювиш, бензин сотиш каби ўқувчига хос бўлмаган ишлар билан шуғулланмаслигига, йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилишга, боламнинг ҳаёти учун хавфли бўлган нарсаларни истемол қилмаслигига, дайдилик билан шуғулланмаслигига, тиғли воситалар олиб юрмаслигига, таътил вақтида хориж давлатига олиб чиқиб кетмасликка, кечки соат 18:00 дан кейин кўчага чиқармасликка, ИНТЕРНЕТ, GAME CLUB, PLAYSTATIONларга бормасликка, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, анҳорлар, каналлар, дарё ва кўлда чўмилмаслигига, кафолат бераман... Агар юқорида келтирилган талабларга жавоб бермасам мен учун амалдаги қонун ҳужжатларига асосан чора кўришингизга розиман".

Кафолат хати матнида талабни бажармаган ота-оналарга нима чора кўрилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Ўтган ҳафтада шаҳардаги мактаблардан бирининг 3-синфида ўқийдиган фарзанди учун ана шундай тилхатни имзолаган андижонлик уй бекаси талабларни бажаролмаган ҳолда унга қандай чора кўрилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмаганини айтмоқда.

Унга кўра, ўқитувчи уйига келиб, кафолат хатига имзо чектириб кетган:

- Ўтган ҳафта уйимизга келди боламнинг ўқитувчиси, шу кафолат хатига қўл қўйиб бердим. Биз аслида ҳар чоракда қўл қўямиз шунақа тилхатларга. Ўткир тиғли нарсаларни қўлига бермаймиз, кўл, каналларда чўмилишга юбормаймиз, бозорда савдо қилдирмаймиз, ҳужрага қўймаймиз, деган гаплар бўлади доим, - деди исмини ошкор этмаётганимиз уй бекаси.

У май ойи охирига қадар умумий ўрта таълим мактабининг 5-, 7-синфларида ўқиётган яна икки боласи учун ҳам кафолат хатига имзо чекиши кераклигини айтди.

Унинг айтишича, ўқувчиларининг ота-оналаридан бундай кафолат хати олиш амалиёти кейини 3 йилдан буён кузатилмоқда ва бу кафолатнинг бажарилишини ўқитувчилар мунтазам кузатиб бориши керак:

- Масалан, болаларни масжидга киритишмайди. Жума, Ҳайит намозларигаям милиционерлар, участковойлар масжидга умуман қадам бостиришмайди. Менинг болаларим ҳали кичкина, боришмайди шундоғам. Пахта пайтида ҳам шунақа биз билан гаплашиб, имзолатишади. Энди ота-оналар ҳам ўйлайдику боласини. Энди бизни огоҳлантириб қўйишяпти, тушунтириш берилади-да. Энди ўқитувчиларга ҳам буйруқ берилади-да, уларни касби ҳам осонмас-ку, - деди кафолат хатини имзолашга эътирози йўқлигини илова қилган уй бекаси.

Озодликнинг ижтимоий тармоқлардаги муштарийларидан бири шундай кафолат хатига имзо чектиришганига Фарғона шаҳрида гувоҳ бўлганини ёзди. Унга кўра, бу ерда ҳам мактабнинг 3-синфида ўқийдиган ўқувчининг ота-онаси шу мазмундаги кафолат хатига имзо чеккан.

Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни 30-моддасида эса шундай белгиланган:

"30-модда. Ота-оналар ёки қонуний вакилларнинг вазифалари

Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар".

Ҳозирча Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ва Республика Халқ таълими вазирлигидан қонуннинг ушбу аниқ-лўнда моддасини асос қилиб олиб, қўйилаётган талабларнинг аксарияти болалар ва уларнинг ота-оналари ҳақлари, манфаатларини ҳимоя қилиш эмас, балки чеклаётганига оид саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG