Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Яна она ва бола ўлими. Бу гал Ангренда (ВИДЕО)


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Андижон вилоят, Балиқчи туман туғруқхонасида 36 ёшли аёл ва унинг қорнидаги ҳомиласи ўлгани ҳақида Озодлик хабар берганидан бир кун ўтиб Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри касалхонасида ҳам ой бошида шундай фожиа рўй бергани маълум бўлди.

Бу Ўзбекистон туғруқхоналарида оналар ва гўдаклар ўлими билан боғлиқ шу ойнинг ўзида Озодлик аниқлаган учинчи ҳолатдир.

12 ноябрда Жиззах вилоятида тўртинчи фарзандини дунёга келтириш учун Зафаробод туман Марказий касалхонасининг Туғруқ бўлимига ётган аёлнинг боласи вафот этган эди.

Яна она ва бола ўлими. Бу гал Ангренда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

5 ноябрь куни 29 ёшли аёл М.М. учинчи фарзандини туғиш учун Ангрен шаҳар марказий шифохонаси туғруқхонасига ётқизилган. Аёлнинг қайнонаси Жамила Маматқулованинг иддао қилишича, шифокорлар унинг ва қорнидаги боланинг ҳаётини сақлаб қололмаганлар.

Жамила Маматқулова Озодлик билан суҳбатда келини ўлими ҳақида айтиб берди:

- Шифокор чиқиб "келинингиз ўлди" деди. Юракка қон ҳайдовчи томир тромби ёрилиб кетган дейишди. Кирсам келинимни қорнидаги бола типирчилаб ётибди. 10 минутни ичида бир минут қараса бўлардику?! Ўғлим докторларга тиз чўкди, "машинамни бераман, болани ҳаётини сақлаб қолинглар", деди. Кейин бола ҳам ўлди. Қорнидаги уч кило саккиз юз, бўйи 58 (сантимер) бола ўлик чиқди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:11 0:00
Бевосита линк

Озодлик суҳбатлашган Ангрен шаҳар марказий шифохонаси врачлари мазкур ҳолат юзасидан текширув якунланмаганлиги сабабли ҳеч нарса гапиролмасликларини айтишди.

- Ҳозир бу бўйича суриштирув давом этяпти, шаҳар прокуратураси шуғулланяпти. Биз бу ҳақда ҳеч нарса айта олмаймиз, - деди жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган Ангрен касалхонаси шифокори.

Бир кун аввал Озодлик Андижон вилоятининг Балиқчи тумани туғруқхонасида она ва ҳомиласи нобуд бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Балиқчи туғруқхонасида ўлган аёлнинг Озодлик билан суҳбатлашган қариндоши "тамагир врачларнинг бепарволиги боис, оила нобуд бўлди", деб даъво қилган эди.

Ангренлик марҳум келиннинг қайнонаси Жамила Маматқулова ҳам “тамагир шифокорлар” сабаб келини ва набираси нобуд бўлганини айтди.

- Туғруқхонадагилар безрайиб қўлингизга қараб туради. Ўша куни бирон миллион сўм олиб борганимда балки келиним ҳам, набирам ҳам ўлмаган бўлар эди. Булар пулга ўрганган-да. Президентимиз жавраб ётибди оғзи йиртилгудай бўлиб порахўрликка чора кўрилади, деб. Ҳеч қандай чора йўқ. Улар ўқишни ҳам пулга ўқиган врачлар-да, - деди Жамила Маматқулова.

Жамила Маматқулованинг икки набираси етим қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:51 0:00
Бевосита линк

Озодлик шу ойнинг ўзида Ўзбекистон туғруқхоналаридаги оналар ва гўдаклар ўлими билан боғлиқ учта ҳолатни аниқлади.

12 ноябрда Жиззах вилоятида тўртинчи фарзандини дунёга келтириш учун Зафаробод туман Марказий касалхонасининг Туғруқ бўлимига ётган аёлнинг боласи вафот этган эди.

Айни пайтда, Бош прокуратура матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, Жиззахнинг Зафарободида қайд этилган гўдак ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда шу йилнинг ўзида оналар ўлими билан боғлиқ 59 та, болалар ўлими билан боғлиқ эса, 2.706та ҳолат қайд этилган.

"Save The Children" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтиши айтилган.

Дунёга келганидан сўнгги 30 кун мобайнида рўй берадиган болалар ўлими ҳоллари эса Ўзбекистонда ҳар минг болага 15тани ташкил этади.

XS
SM
MD
LG