Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:57

Термиз шаҳар ҳокими одамлар яшаб турган уйлар томини қўпортирмоқда (ВИДЕО)


Термиз марказидагим бузилишга тушган уйлар
Термиз марказидагим бузилишга тушган уйлар

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри марказидаги икки қаватли уйларнинг томи эгалари рухсатисиз қўпориб ташланмоқда. Бу уйларда яшаётганларнинг Озодликка айтишича, ҳокимлик шу усул билан бузилишга тушган уйлардан одамларни чиқишга мажбурламоқда. Шаҳар ҳокимлигиинг Озодлик боғланган расмийлари бу эътирозларга изоҳ беришдан ўзини олиб қочди.

Термиз шаҳар ҳокимининг шаҳарни реконструкция қилиш қарорига кўра, Ат-Термизий кўчасидаги икки қаватли 2,4,6,8-уйларнинг томи қўпориб ташланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилганларга кўра, ҳокимлик шу йўл билан одамларни уйидан ҳайдаб чиқармоқчи.

Термиз марказида уйлар бузилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:09 0:00

18 яшар Нигина Йўлдашева Озодлик билан суҳбатда томи қўпорилган уйлар ёзнинг жазирамасида жуда ҳам исиб кетаётгани боис уларда қолиб яшаш имконсиз бўлиб қолаётганини айтади:

- Сиз Термиздаги 50 даража иссиқни тасаввур қиласизми? Биз иккинчи қаватда турамиз. Томимизни олиб ташлади. Нафас олиш имконсиз бўлиб қолди. Бизга февраль ойида уйларни бузамиз, янги уй қуриш учун етарли компенсация берамиз, ёки шунақа уй топиб берамиз дейишганди. Энди эса, бир хонали, барча шароитлари бор уйимизга шаҳардан анча узоқ жойдан ер ва пластикка 43 миллион сўм товон пули тушириб берамиз¸ деб туришибди. Ахир бу пулга биздек камбағал оилалар уй қура олмайдику, дейди Нигина Юлдашева.

Бузилаётган уйлар
Бузилаётган уйлар

Шу уйларнинг бирида яшайдиган Роҳила исмли аёл ҳам, тўрт фарзанди билан қаерга боришни билмай қолганини айтади:

- Биз кам таъминланган оилалар рўйхатида турамиз. Хўжайиним 400 минг сўм ойлик олади. Бир хонали уйда турамиз, газ, свет бор. Лекин энди Ҳайратон кўприги яқинидан ер таклиф қилаяпти. Биз у ерда қандай қилиб 43 миллион сўмга уй қура оламиз? Болаларим шаҳардаги мактабда ўқийди. Бошим қотиб қолди, дейди Роҳила.

Онаси ҳам, ўзи ҳам фақат пенсия ҳисобига яшайдиган 58 яшар Диля опанинг айтишича, уйларни нархлашда бозор баҳоси ҳисобга олинмаган:

- Уйларимиз таваккал нархда баҳоланган. Биз онам иккимиз хусусийлаштирилган икки хонали уйда яшаймиз. Мана сенга 79 миллион сўм пластикка, ит топмас жойдан ер, бор қуриб ол, деяпти. Уй-жой тўғрисидаги Кодекс бўйича, ҳокимият бизнинг уйга тенг келадиган уй топиб бериши, ёки шундай икки хонали уй қуришга етадиган товон пули бериши керак. Лекин булар қонунга тупурган. Биз турган уй жуда яхши эди, парк қурилаётгани учун бузишаяпти. Энди унинг ўрнига умуман шароити йўқ, 2- 3 йилдан сўнг яна бузилишга тушадиган эски уйлардан таклиф қилишаяпти. Бу уйларга биз рози эмасмиз десак, ҳоким ана лопатка, бориб янги уй қуриб ол, дейди. 78 яшар онам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ходим, меҳнат ветерани. Ўзим ҳам собиқ врач бўлиб ишлаганман. Жамиятдаги қадримиз шу бўлдими, энди, дейди Диля опа.

Термиз шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов уйлари бузилаётган одамларнинг иддаоларини Озодлик мухбиридан диққат билан эшитди ва телефон номерини ёзиб олгач, “Яхши, мен каттага айтаман, сизга чиқади”, деб алоқани узиб қўйди.

Ўринбосар “катта” деб атаган шаҳар ҳокими Исроил Худойқулов Озодлик билан алоқага чиқмади ва 4 июль кун давомида ҳоким билан боғланишга бўлган ҳаракатлар натижа бермади.

Уйи бузилишга тушган фуқаронинг қандай қонуний ҳаққи бор?

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасида “Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар-жой билан таъминлаш” тартиби мана бундай белгилаб қўйилган:

“Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига биноан ва тарафлар келишувига кўра барча қулайликлари бўлган аввалгисига тенг қийматли уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги бошқа турар-жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар-жойнинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолда бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим”.

XS
SM
MD
LG