Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:21

Президент суратини қалқон қилган сариосиëлик аёл уйини болта билан ҳимоя қилди (ВИДЕО)


10 февралда Сариосиё туман, Гулобод маҳалла фуқаролар йиғинига туман ҳокимлигидан комиссия келди. Вазиятни ўрганди, ҳужжатларни кўрди. 10-15 кун ичида хулоса чиқарилади.

Бу маълумотни тилга олинган МФЙ раиси Абдуқосим Неъматуллаев ижтимоий тармоқларда 10 февралда тарқалган видео юзасидан Озодлик саволларига жавоб бераётиб билдирди.

Гулобод маҳалласидаги воқеа акс этган видеода кўксига президент Мирзиёев портретини осиб олган ёш аёл, қўлида болта билан, уйини бузишга келганларга таҳдид қилади.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги аёлнинг ҳуқуқлари бузилмагани тўғрисида баёнот берди.

"Болта кўтарган аёл" (видео мазмуни)

Кўксида президент портрети, ўнг қўлида телефон, сўл қўлида болта кўтариб олган ёш аёл “иккита боласи билан кўчада қолиб кетганини” айтар экан, “мен жойимни ҳеч кимга бермайман” дейди.

Аёл рўпарасида турганларни "болталаш" билан, ўз устига "бензин қуйиш" билан таҳдид қилади.

Аёлнинг овози эшитилар экан, унинг рўпарасида турган камида 10 одам кўринади. Улар орасида ИИБ формасидаги тўрт киши ҳам бор. Аёл уйини аукциондан сотиб олганини, бир қадам жилмаслигини айтади.

Бироздан сўнг бу можарони узоқдан томоша қилиб турган яна 20 чоғли одам кўринади.

Аёл рўпарасида турганларга “президент Мирзиёевдан қарор олиб келсаларинг, чиқиб кетаман, бўлмаса йўқ”, дейди ва видео узилади.

Видеога илова гап

“Болта кўтарган аёл” видеосини ижтимоий тармоққа жойлаштирган блогер видеога илова қилган матнда мана бу гап бор (таҳрирсиз келтирамиз):

“Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани "Гулобод" маҳалласида қирқ хўжалик яшайдиган уйларни вилоят ҳокими Тўра Боболов ва Сариосиё туман ҳокими Ўктам Тўраев буйруқлари билан бузишмоқда.

Икки боласи бор аёл бу адолатсизликка чидолмай, қўлига болта олволиб "Уйимни бузганни болталиман" деди”.

Маҳалла раисининг гапи

Гулобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуқосим Неъматуллаевнинг 10 февралда Озодликка айтишича, видеода акс этган воқеа “кеча бўлган”, воқеа давомида ҳеч қайси томон куч ишлатмаган:

“Мелисалар ҳам ҳеч нарса қилмаган, аёл ҳам болта кўтариб, ўзича ваҳима қилди, холос”.

Раис “қирқ хўжалик яшайдиган уйлар” бузилаётганини инкор этди:

“Деҳқон хўжаликлари атрофи бетон билан ўралмаслиги керак, очиқ туриши керак, ўшани тозалайман, деб келишган. Биронтаям уй бузилгани йўқ, иккита деҳқон хўжалиги атрофидаги бетонни олиб ташлашди, тамом”.

Маҳалла раиси болта кўтарган аёлнинг норозилиги сабабини тушунтиришни истамади. Унинг айтишича, аёлнинг ҳужжатлари туман прокуратурасига тақдим этилган.

Раиснинг айтишича, болта кўтарган аёл блок ғиштдан бир хонали уй қуриб кўчиб келган, иккита боласи бор, исми Лола Доноева.

Лола Доноеванинг ўзи билан ҳам, Сариосиё туман ҳокимлиги билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.

Видеода ИИБнинг камида тўрт ходими ҳам кўрингани учун Озодлик туман ички ишлар бўлими билан боғланди. ИИБ навбатчиси Гулобод маҳалласида кеча юз берган воқеадан хабарсизлигини билдириш билан чекланди.

Вилоят ҳокимлиги баёноти

Воқеани ўрганиш жараёнида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 9 февралда Доноева ишига оид баёнот эълон қилгани Озодликка маълум бўлди.

Гулободлик аёл Донаева Холбиби эканлиги, унга “тегишли турар жой биноси бузилмагани” билдирилган ҳокимлик баёноти аёл “8 февраль куни эълон қилган “Сурхондарё вилоятида яна снос ишлари давом этмоқда” сарлавҳали видео мурожаат”га жавобдир.

Афтидан, ҳокимлик айтаётган видеомурожаат 10 февралда пайдо бўлган “Болта кўтарган аёл” видеосидан айридир.

Ҳокимлик “Расмий муносабат”ининг қисқа мазмуни будир:

Сариосиё туман ҳокимининг .2019 йил, 10 апрелдаги қарори билан . Донаева Холбибига туманнинг “Гулобод” маҳалласи, Чорбоғ қишлоғида уй-жой қуриш учун 1000 кв.м ер майдони ажратилган.

Ҳокимлик прокуратура протестига жавобан ўз қарорини 2019 йилнинг 6 ноябрида бекор қилган ва Донаева Холбибига қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони таклиф этилган.

“Ўрганиш давомида, Донаева Холбибига тегишли турар жой биноси ва пиёз экин майдони бузилмаганлиги, бироқ, ҳозирда қонунга зид равишда ажратилган ер майдонида қурилган ушбу турар-жой масаласида судга даъво аризаси тайёрланаётганлиги, суд қарори асосида бу масалага ойдинлик киритилиши аниқланди” дейилган баёнотда.

Ҳокимлик ўз баёнотида Донаева Холбибининг Шарғун шаҳридаги уйи бузилганини, бузилган уй эвазига шу шаҳарнинг ўзидан 4 сўтихли ер ва компенсация пули берилганини эслатиб ўтган.

Вилоят ҳокимлиги расмий муносабатининг 3- бандини айнан келтирамиз:

"Фуқаро Х.Донаеванинг онаси Донаева Турсунойнинг уй-жойи мавжудлиги масаласида:

Шарғун шаҳар ҳокимининг 29.06.1993 йилдаги 78/51-сонли қарори билан Шарғун шаҳар, Шахтёр кўчасидаги 45-уй, 9-хонадон (2 хонадан иборат, умумий майдони 66,5 кв.м) фуқаро Донаева Турсунойнинг шахсий мулки эканлиги тасдиқланган. Мазкур манзилда ҳеч ким яшамаётганлиги маълум бўлди".

Маҳаллий журналистнинг таажжуби

Ҳокимлик баёнотнинг айнан келтирганимиз сўнгги банди юзасидан маҳаллий журналист Шуҳрат Шокиржонов бундай деб ёзди:

“Мазкур манзилда айни пайтда ҳеч ким яшамаётганлигини маълум қилаётган туман ҳокимлиги бу уйнинг фуқаро Х.Донаевага қандай алоқаси борлигига ойдинлик киритмаган.

Айтайлик, бу квартира Х.Донаевага мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан ўтганми? Ё онаси томонидан ҳадя қилинганми? Унда бу квартиранинг мазкур масалага қандай дахли бор? Уни тилга олиб ўтишдан мурод не? «Яшайман деса шунча уйи бор, бу аёл ўзи тўймайди», (таъкид Шокиржоновники) деган хулоса ҳосил қилишми?

Ўринли савол туғилади: нега сувли ердан ер участкасининг белгиланган қонунчилик нормаларига зид тарзда ажратиб, қарорни имзолаган туман ҳокими ва ҳужжатни тайёрлаган масъулларга ҳеч қачон чора кўрилмайди? Қачонгача масъулларнинг масъулиятсизлигидан оддий фуқаро жабр чекиши керак?

Аслида, ҳаммага мана шу саволларнинг жавоби қизиқ эди. Х.Донаеванинг онасининг номида қанақа турар жой борлиги эмас…

Алоқадор

XS
SM
MD
LG