Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:36

"Ўлганини охиригача яширишди". Фарғоналик она ўғлининг ўлими билан боғлиқ саволларига жавоб изламоқда


Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш маркази.
Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш маркази.

Шу йилнинг 16 октябрида ўғриликда гумонланиб ушланган ва Фарғона вилояти Қўқон шаҳар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган 14 яшар Равшанбек Абдусатторовнинг ўлими юзасидан хизмат текшируви якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизматига кўра, дастлабки текширувлар даврида ўсмирга тан жароҳатлари етказиб, ўлимига сабаб бўлган марказнинг икки нафар тарбияланувчиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси (Баданга оғир тан жароҳати етказиш) да айбланиб, процессуал тартибда қамоққа олинди ва уларга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган.

Равшанбек 15 ёшга тўлишидан бир ой аввал жон берди. Унинг ўлимига сабаб бўлган ҳамма тафсилотлар ҳозиргача очиқланмаган.

Равшанбек 16 октябрь куни, яқинларининг айтишича, "болалик қилиб" дўкондан битта "Пепси кола" ва бир дона қурутни пулини тўламасдан олиб чиққан. Дўкон қоровуллари ушлаб олиб, ички ишлар ходимларига топширган, улар эса боланинг онасига ҳам хабар бермай Қўқон шаҳар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирган.

Эртаси куни эса марказда, расмий фаразга кўра, "бошқа болалар томонидан" шафқатсизларча дўппосланган Равшанбек, "тез ёрдам"да жон берган.

"Боламни ўгай ота қўлига солмай деб бошқа турмуш қурмадим"

Равшанбекнинг онаси Зайнабхон 42 ёшда. Ўғли чақалоқлиги пайтида оилавий келишмовчилик сабаб эридан ажрашиб, ота уйига қайтиб келган. Зайнабхон ёлғизгина боласини ўзи ва тоғалари ёрдамида катта қилган, бошқа турмуш қурмаган.

Равшанбек Абдусатторов онаси (чапда) билан.
Равшанбек Абдусатторов онаси (чапда) билан.

Озодлик билан суҳбатда, у боласини кўз қорачиғидек асраб, катта қилганини айтади:

"Ўғлимни ўгай отанинг қўлига солмай деб, бошқа турмуш қилмадим. Ўзим, тоғалари бирга катта қилдик. Ўзи заифгина бола эди. Ўртоқларига, ҳаммага меҳрибон, ювош бола эди. Мактабда ҳам ўртача ўқирди. 9-синфда ўқирди. Дарсдан сўнг дурадгор устага шогирд тушиб касб ўрганаётган эди. Менинг суянчиғим, кўзимнинг қораси эди. Ўзим педколлежни тугатганман, илгари мактабда тарбиячи бўлиб ҳам ишлаганман. Болам катта бўлиб қолди, ишимга қайтсамми, деб ўйлаб юргандим. Энди эса мактабга боролмайман, боламнинг ўртоқларини кўриб қандай чидайман?"

Зайнабхон туни билан ухлолмай чиқаётгани, боласининг сурати кўз ўнгидан кетмаётгани ҳақида гапирар экан, унинг биров билан урушмайдиган нимжонгина ўғлининг ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар ҳамон қоронғулигича қолаётганини айтади:

“Марказ ходимлари ўғлимнинг ўлганини охиригача яширишди. Мен шуларнинг ҳам қўли бор деб ўйлайман. Болам ўлгунча дўппосланадию, дод-вой дейдию, ҳеч ким эшитмадими? Иккита бола ҳеч қачон уриб ўлдириб қўйиш даражасигача етказиши мумкин эмас. Бу воқеа кечаси ҳам бўлмаган, кундузи бўлган. Мени олиб бориб, ичкарига киргизишмади. Яна энг таажжубланарли жойи, биринчи чақирганда “Болангизнинг қанақадир касаллиги бормиди”, деб сўрашди? Нега ундай деб сўрайди, бирор нарсани айтсам, ўша касалдан ўлди деб делони ёпиш учунми? Жавобсиз саволлар жуда кўп”.

Зайнабхоннинг жавобсиз саволларига ҳали тергов тўлиқ жавоб берганича йўқ. Бу фожиа қарийб бир ойдан сўнг ошкор бўлганидан сўнг, расмий идоралар ишга тушиб кетди.

Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи ишдан олинди. 2 нафар ходим ИИО хизматидан бўшатилиб, қамоққа олинди. Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланди. 4 нафар ходимнинг эса, лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланди.

Шу билан гўё гуноҳкорлар жазоланди, баданга оғир тан жароҳати етказишда айбланган болалар иши эса терговда.

Аммо, боланинг онаси ҳам, тоғаси ҳам уни марказдаги бошқа болалар уриб ўлдириб қўйганига шубҳа қилишмоқда. Уларнинг иддаосича, болани ички ишлар ходимлари уриб ўлдириб қўйган ва бу ишни енгил кўчириш учун қарийб бир сутка онасига хабар бермай, боланинг ўлими ҳақида бошқа "сабаб"ларни тўқишга улгуришган.

Ушбу хабар чиққанидан сўнг марказга кириш, у ердаги шароитлар билан танишиш учун бирорта ОАВга ёки блогерга рухсат берилмади. Нима бўлган бўлса, ўша ёпиқ эшиклар ичида бўлди ва аслида воқеа қандай юз бергани шу пайтгача очиқланмаган.

Исми сир қолишини сўраган қўқонлик давлат хизматчиларидан бирининг марказда аввал ишлаб кетган танишининг гапига таяниб айтишича, болаларни калтаклаш оддий ҳол бўлиб қолган:

“Ҳозир ҳеч ким у болани бошқа болалар уриб ўлдириб қўйибди, деган гапга ишонмаяпти. Танишимнинг айтишича, марказда болаларни қаттиқ уришар экан. Ўзим ҳам урганман, уларни калтакламасдан тинчитишнинг иложи йўқ, дейди. Ўша эски тизим, эски муносабат, ҳеч нарса ўзгармаган”.

Жавобсиз саволлар кўп

Мамлакатда қийноқлар йўқлиги, унинг тизим томонидан тўлиқ бартараф қилингани ҳақида такрорий баёнотлар бериб келаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилнинг ўринбосари – Болалар Омбудсмани Алия Юнусованинг ҳодисани ўрганиш учун Қўқонга боргани хусусида хабар қилинди.

Озодлик билан суҳбатда Алия Юнусова ўсмир калтакланган вояга етмаганларга ёрдам кўрстаиш марказида бўлгани, бу иш холис текширилиши учун ички ишлар ва прокуратурага тавсиялар берганини айтди:

“Ўша куни бордик, масалани ўргандик, ички ишларга, прокуратурага керакли тавсияларни бердик. Калтаклашда гумонланган иккита бола қамоққа олинган, ўша ердаги ўнтача бола билан гаплашдик. Ўз вазифасига лоқайд бўлган ходимларга нисбатан иш қўзғатилди. Ҳозир тергов бўляпти, биз бу масалани назоратга олдик”.

Озодлик: - Иккита бола қамоққа олинган деяпсиз, ўша болаларни кўрдингизми? Балки, уларнинг умуман гуноҳи йўқдир, балки уларнинг ҳам айтадиган гапи бордир?

Алия Юнусова: - Шундай ҳам бўлиши мумкин. Мен бу масалани алоҳида миллий комиссяининг раҳбари билан алоҳида гаплашдик. Шу масала менинг олдимда ҳам турибди. Бу болалар билан мен эртага алоҳида гаплашаман ва яна учрашамиз”.

Ички ишлар вазирининг истеъфосига чақириқлар

Ўсмирнинг ўлими ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида йирик виртуал норозилик тўлиқинини юзага келтирди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти ўсмирнинг ўлимида ички ишлар идораларини айблаб, унинг қийноқлардан ўлганини иддао қилишди.

Ижтимоий тармоқлардаги норозилик қарийб бир ойдан бери муҳокама нишонида бўлган қийноқлар масаласидаги норозиликка уланиб кетди.

Сирдарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларидаги тергов изоляторларида қийноққа олинган фуқароларга оид иддолар Фарғона вилоятидаги колониядан икки маҳкумнинг ўлими қайд қилиниши билан оловланди.

Тармоқ фойдаланувчилари сўнгги пайтларда қийноқ фактларининг кўпайганини иддао қилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилишди.

Тармоқ фаоллари ички ишлар ходимларини зўравонликда айблашди.

Кун.уз нашрига интервью берган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев бундай ҳодиса мамлакат фуқаролар онгида қўрқув уйғотишини айтиб, нафақат ички ишлар вазири, балки барча куч ишлатар тизимлар раҳбарларининг истеъфо бериши лозимлигини урғулади.

Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича Республикаси комиссияси аъзоси Абдураҳмон Ташановга кўра, истеъфоларнинг ўзи етарсиз, ҳукумат тизимни ўзгартириш чораларини кўриши керак.

Орадан икки кун ўтиб, 15 ноябрда ижтимоий тармоқ ва маҳаллий интернет нашрларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг ишдан олингани, унинг ўрнига Миллий гвардик қўмондони Рустам Жўраевнинг вазир этиб тайинланганига оид хабарлар пайдо бўлди.

Бироқ Ички ишлар вазири истеъфосига доир хабарлар ҳалигача расман тасдиқлангани йўқ.

Жавобгарликка тортилган мутасаддилар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига кўра, ўсмирнинг ўлими юзасидан ички ишлар ходимларига нисбатан олиб борилган хизмат текширувлари натижасида Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг икки нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ходимлар процессуал тартибда қамоққа олинди.

Шунингдек, 3 нафар ички ишлар ходими лавозимларида қолиши учун аттестация тайинланди. 4 нафар раҳбар ходимларга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги махсус комиссияси томонидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳолат юзасидан бир қанча раҳбарий кўрсатмалар берилди.

Қийноқ иддаолари тўхтамаяпти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 мартида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашида сўзлаган нутқида мамлакатда қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаслиги борасида давлат дастури ишга туширилгани таъкидланганди.

2021 йилнинг 6 июнь куни Халқаро қийноқларга қарши кураш куни мунсабати билан чиқарилган Президент қарорида мамлакатда қийноқларга қарши кураш бўйича миллий превентив механизмлар жорий қилингани таъкидланади.

Ўзбекистон Респубилкаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова мазкур гуруҳ раҳбари ўлароқ, тероов изолятоорлари ва қамоқхоналарда мунтазам жамоатчилик назорати йўлга қўйилгани ва қийноқларнинг буткул тугатилганини таъкидлайди.

Шунга қарамай мамлакатда мустақил инсон ҳуқуқлари фоллари ва журналистлар қийноқларнинг давом этаётгани, расмийлар бу ҳолатларни яшираётганини иддао қилишмоқда.

Фаоллар шу йилнинг август ойида Жиззах вилоятининг Зомин туманида ИИБ ходимлари томонидан А. Бердимуродовга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилгани, бу ҳолат юзасидан ИИО ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилганини таъкидлайди.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ИИБ ходимлари томонидан фуқаро Тошпўлатовнинг қийноққа солингани ва мазкур ҳолат юзасидан текширувлар кетаётгани айтилади.

Ўтган йилларда Қашқадарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида қийноқ ва зўравонликлар одамлар ўлимига сабаб бўлганини мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ҳам эътироф этган.

Форум

XS
SM
MD
LG