Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:56

Фермернинг "ўз буғдойини ўзи ўғирламаслиги учун" ўқитувчи ва банк ходимлари қоровул қилиб қўйилди


Ўзбекистонда буғдой ўримига бюджет ташкилотлари ходимларини назоратчи қилиб қўйиш Ислом Каримов президентлиги даврида ҳам бор эди.
Ўзбекистонда буғдой ўримига бюджет ташкилотлари ходимларини назоратчи қилиб қўйиш Ислом Каримов президентлиги даврида ҳам бор эди.

Қашқадарё вилояти Косон туманида ўқитувчилар, банк ва солиқ инспекцияси ходимлари буғдой ўримига қоровул қилиб қўйилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар юборган ўқитувчининг айтишича, туман ҳокими ўринбосари карантин даврида олган ойликни “оқлаш” учун фермерларнинг ўз буғдойини ўзи ўғирламаслигини назорат қилишни топширган.

Озодлик гаплашган фермерларга кўра¸ ҳокимлик мулозимлари дала бошида туриб, режадан ортган буғдойни ҳам мажбуран ўриб олиб кетмоқда.

Туман ҳокими ўринбосари Убайдулло Очилов ўқитувчи ва банк ходимларининг буғдой қоровуллигига қўйилганини инкор қилди.

Туман ҳокими Асрол Бойқараев Озодлик мухбири телефон қилаётганини билганидан сўнг, “мен бошқа одамман” деб алоқани узиб қўйди.

Хавфсизлиги боис исми сир қолишини сўраган Косон туманидаги мактаблардан бири директори ҳоким ўринбосари Убайдулло Очилов барча ўқитувчиларни фермерларнинг буғдой ўримига қоровуллик қилишга мажбурлаëтганини маълум қилди.

Мен ҳам ҳамма эркак ўқитувчиларимни далага чиқаришга мажбур бўлдим.


“Икки ой карантин даврида биз уйдан туриб ишладик, ўқувчилар билан онлайн дарслар ўтказдик. Энди туман ҳокимининг ўринбосари Убайдулло Очилов ўтган ойда бўлган мажлисда ҳокимнинг топшириғи деб ҳаммамизни далага чиқариб юборди. Унинг айтишича, биз икки ой ишламай, давлатнинг ойлигини текин олган эканмиз ва шунинг ўрнига буғдойнинг талон-торож бўлмаслиги учун қоровуллик қилиб бериш керак экан. Мен ҳам ҳамма эркак ўқитувчиларимни далага чиқаришга мажбур бўлдим. Ўзим ҳам чиққанман. Фермер буғдой ўрса¸ биз тепасида қараб турамиз. Биздан бошқа банк, солиқ ходимлари ҳам қоровулликка қўйилган”.

Мактаб директори бу қоровулликдан ўзлари ҳам жуда ўнғайсиз ҳолатга тушаётганини айтади:

Бунақа ахмоқгарчилик Мирзиёев Бош вазир бўлганда ҳам бор эди, ҳозир ҳам давом этяпти.


“Бизнинг вазифамиз фермер ўзи етиштирган буғдойни ўзига олиб қолмаслигини назорат қилиш экан. Бўлмаса у ерда милиция, Миллий гвардия ходимлари ҳам бор. Биз қўшимча назоратчи эканмиз. Фермерларга қараб туриб, одамнинг виждони қийналади. Меҳнатни қилган улар, ишчилари, лекин биз уларнинг бошида қоровул. Яна ҳар куни бечора фермер ўша ерда биз каби йиғилган ўнга яқин текинтомоқ “катта”ларга икки маҳал иссиқ овқат ҳам ташкил қилади. Бунақа ахмоқгарчилик Мирзиёев Бош вазир бўлганда ҳам бор эди, ҳозир ҳам давом этяпти”.

Директорнинг айтишича, қайси фермер ўз ҳуқуқини қаттиқ ҳимоя қила олса¸ унинг режадан ортган буғдойи ташлаб кетиляпти, бўш-баёв фермерларнинг буғдойи эса, планни тўлдирган бўлса ҳам, сўнгги бошоғигача ўриб олиняпти.

Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган профилактика инспекторларидан бири Озодлик билан мулоқотда буғдой ўримига назоратчи қилиниши ортидан улар қиладиган асосий иш қолиб кетаëтганини таъкидлади:

Буғдойда эдим десам,"шикоятларни текширишга ҳам вақт топ" дейди.


“Мен бир нарсага тушунмайман, фермернинг дон комбинати билан шартномаси бор, шартномани бажармаса қонуний чора кўрсин. Нима қилади, ИИБ ходимларини уларнинг бошига қоровул қилиб қўйиб. Масалан, мен битта МФЙда профилактика нозириман. Менга урушли, жанжалли шикоят аризалари тушган. Лекин уларни бориб суриштиргани вақт йўқ. Аҳоли аризамни участковой кўрмаяпти деб, вилоятга ёки республикага шикоят қилади. У ёқдан яна калтак мени бошимда синади. Буғдойда эдим десам, "шикоятларни текширишга ҳам вақт топ" дейди. Хуллас¸ ҳар ким ўз ишини қилсин.”

Косон тумани Қорабайир ҳудуди раҳбари Мегли Ҳасанов фермерларнинг ҳамма буғдойи ўриб кетилганини инкор қилар экан, қоровулликка банк ходимларининг чиқарилганини тасдиқлади.

“Мелисалар бор, банк ходимлари бор, назорат қилишяпти ўримни. Лекин режадан ортиб қолган буғдойини ўриб олганимиз йўқ”.

Косон тумани ҳокими ўринбосари Убайдулло Очилов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини буғдой қоровуллигига сафарбар қилинганини инкор қилди:

- Мен ўқитувчиларни карантиндан олдин кўрган эдим. Уларга буғдойга қоровуллик қилиш ҳақида ҳеч қандай топшириқ берганим йўқ.

Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев телефон суҳбати бошида ўзининг ҳоким эканини тасдиқлади, аммо Озодлик сўзини эшитиши билан “мен бошқа одамман” деб алоқани узиб қўйди.

9 март куни президент Шавкат Мирзиëевнинг “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори расмий матбуотда элон қилинган эди.

6 март куни имзоланган қарорга мувофиқ¸ 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади; 2021 йил ҳосилидан бошлаб эса¸ давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади; давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналарнинг ўз маҳсулотини эркин нархларда сотишига рухсат берилади.

Президент қарори чиққан бўлса-да, лекин Қашқадарё вилоятида ғаллакорлар отрядлари сафига киритилган банкирлар фермернинг ортиқча буғдойини ўзига олиб қолмаслигини назорат қилишга сафарбар этилгани ҳақида Озодлик 2 июнь куни ҳам хабар берган эди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳали ғалла ўрими энди бошланяпти. Шу сабаб бошқа жойларда ғалла кампанияси қандай ўтаётгани ҳозирча Озодликка номаълум.

Ғалла ўримининг ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан қаттиқ назорат қилиниши Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган даврда ҳам бор эди.

Маҳаллий ҳокимлар ғалла режаси бажарилиши учун фермерларнинг режадан ортган ғалласини ҳам мажбуран ўриб олгани ҳақида Озодлик давомли тарзда хабар берган.

XS
SM
MD
LG