Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:48

ИИВ "тўхтатиш тақиқланган" UMO давлат рақами белгисининг Отабек Умаровга алоқадорлигини рад этди


Ўзбекистонда UMO давлат белгиси пайдо бўлгани ҳақида автомашиналар номерлари ҳақида ëзаëтган маҳаллий блогерлар хабар берган
Ўзбекистонда UMO давлат белгиси пайдо бўлгани ҳақида автомашиналар номерлари ҳақида ëзаëтган маҳаллий блогерлар хабар берган

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқаган UMO давлат рақами белгисининг президент кенжа куёви ва унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров билан алоқадорлигини рад этди.

Озодлик саволларига жавоб берган ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Муфиза Султонова ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни "ақл бовар қилмайдиган талқин" деб атади.

Унинг сўзларига кўра, UMO номерли машиналарни тўхтатиш мумкин эмаслиги ҳақида ўтган ҳафта Телеграм мессенжерида тарқаган маълумот ҳам "фейк".

Айни пайтда Озодлик сўровлари ортидан 6 ноябрь куни бу борада бир эмас, иккита хабар тарқатган ИИВ ЙҲХББ нинг расмий баёнотлари UMO давлат рақами белгиси атрофидаги аксар саволларга ойдинлик киритгани йўқ.

UMO давлат рақами белгиси ҳақидаги ички буйруқ?

ЙҲХ бошқармаси мулозимига тегишли экани ишонилаётган аудио Озодликка ўтган ҳафта Telegram мессенжеридан келди. 18 секундлик аудиода овоз эгаси "батальон командирлари"га UMO давлат рақами белгиси киритилгани ва бу серияли машиналарни тўхтатиш мумкин эмаслигини айтади.

Тўхтатиб юришмасин яна мана шу давлат рақам белгили UMO ¸уже камида иккитами учта машинага РЭО (регистрационно-экзаменационний отдел - Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг автотранспорт воситаларига давлат номери берувчи бўлими - таҳр.)дан берилган экан. Тўхтатиб юрилмасин бу транспорт воситалари. Батальон командирлари¸ жудаям жиддий назоратга олинглар¸ худди UZBга ўхшаган кучга эга бу давлат рақам белгиси - UMO"¸ дейилади бу аудиода.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:18 0:00
Бевосита линк

Озодлик бу аудиодаги шахснинг кимлиги¸ буйруқнинг қачон¸ қаерда¸ қайси шахсий таркибга берилгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумотга эга эмас.

Бу аудио билан бирга, Озодликка Тошкент марказий кўчаларидан бирининг четига тўхтатилган 01 088 UMO рақамли яшил Мерседес машинаси сурати ҳам юборилди.

4 ноябрь куни Озодлик Ўзбекистонда "тўхтатиш тақиқланган" махсус давлат белгиси киритилгани ҳақидаги хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги¸ шунингдек¸ вазирликка тегишли Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизматига мурожаат қилди.

Расмий баëнотлар

Озодликнинг Ўзбекистонда автомашиналар учун UMO давлат белгиси жорий этилган-этилмагани¸ шундай давлат белгиси киритилган бўлса¸ унинг кимларга берилаëтгани ҳақидаги 4 ноябрь кунги сўровига ИИВ Ахборот хизмати қисқа жавоб билан чекланди:

"UMO бу юридик шахсларга бериладиган рақам. 01 000 ААА тартибида бўлса бу юридик шахсларга тегишли ҳисобланади. 01 А 000 АА тартибида бўлса бу жисмоний шахсларга тегишли ҳисобланади".

Шу куннинг ўзида Озодлик ИИВ ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати билан ҳам боғланди.

Озодликнинг UMO давлат белгиси қачон¸ қандай мақсадда жорий қилингани ва кимларга берилгани ҳақидаги саволига Ахборот хизмати раҳбари подполковник Муфиза Султонова:

- UMO давлат белгиси бир вақтлар иккита берилган эди¸ лекин ҳозир фойдаланишда йўқ. Бу ҳозир олиб ташланган нарса. UMO давлат белгиси ҳозир умуман фойдаланишда йўқ. UMO номерли машиналарни тўхтатиш мумкинмас¸ деган Телеграмда тарқаган маълумот фейк. Бунақа номер ҳозир умуман йўқ¸ - деб жавоб берди.

Озодликнинг ушбу сўрови ортидан ЙҲХББ 5 ва 6 ноябрь кунлари ўз Телеграм каналида кетма-кет иккита баëнот берди.

ЙҲХББ 5 ноябрь кунги баëнотига тармоқларда тарқаган суратни илова қилди.
ЙҲХББ 5 ноябрь кунги баëнотига тармоқларда тарқаган суратни илова қилди.

Уларнинг бирида¸ UMO давлат белгиси ҳукуматнинг 2017 йилги 683-сонли қарори асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараварини (жорий ҳисобга кўра¸ 33 миллион 450 минг сўм) тўлаган буюртмачига берилгани тасдиқланди.

"UMO серияли харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари ҳам шу тартибда белгиланган тўловлар (базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари) асосида буюртмага мувофиқ ўрнатилган тартибда транспорт воситаларига расмийлаштириб берилган"¸ дейилади жумладан ЙҲХББ баëнотида.

6 ноябрь куни ЙҲХББ биринчи баëнотга илова қилинган суратнинг "фейк" экани ҳақида алоҳида баëнот берди.

ЙҲХББ 6 ноябрь куни чиқарган баëнотда суратнинг "фейк" эканини билдирди.
ЙҲХББ 6 ноябрь куни чиқарган баëнотда суратнинг "фейк" эканини билдирди.

Бу баëнотда¸ UMO давлат белгили машиналарни тўхтатиш мумкин эмас¸ дейилган аудио соҳибининг ЙҲХ тизимига алоқадорлиги ҳақида "асосли маълумот йўқлиги" айтилди.

UMO давлат белгиси Отабек Умаровнинг "хос" белгисими?

UMO давлат белгиси атрофидаги жамоатчилик қизиқиш ва эътирозлари унинг президент оиласи¸ хусусан¸ кенжа куëв Отабек Умаров учун махсус жорий этилгани ҳақидаги тахминлар билан боғлиқ.

Бу тахминлар тасдиқланса¸ дунëнинг энг қиммат автомобилларини коллекция қилиш ва автопойгага ўчлиги билан танилган президент куëвининг шахсий машиналарига қонунда кўзда тутилмаган мутлақ дахлсизлик берилганини англатади.

4 ва 6 ноябрь кунлари Озодлик билан суҳбатда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати раҳбари бу тахминларни қатъиян рад этди.

- UMO талқини умуман нотўғри¸ ақл бовар қилмайдиган изоҳ. Кимдир шунақа талқин қилаëтган бўлса¸ бу унинг субъектив фикри. Бир хиллар У ни Улуғбек дейиши мумкин¸ М ни Мансур дейиши мумкин. UMO номерларининг кимга берилгани ҳақида маълумот беролмаймиз¸ бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Лекин бу номерлар қайтариб олинган ва ҳозирда муомалада бундай давлат белгиси умуман йўқ"¸ - деди подполковник Муфиза Султонова.

Айни пайтда ИИВ мулозими UMO давлат белгиси қачон¸ қайси асосда берилдию¸қачон¸ нима учун бекор қилингани ҳақидаги Озодлик саволларини ҳозирча жавобсиз қолдирди.

UMO давлат белгиси туғдирган фикрлар

Ўзбекистонда "давлат хизматлари намояндалари учун UMO серияли янги номерлар пайдо бўлгани ҳақида дастлаб Instagramдаги autonumbersuz каналида биринчи марта 27 май куни хабар қилинган.

01 721 UMO давлат белгиси қўйилган Мерседес машинаси суратига қуйидаги пост илова қилинди:

"Менимча¸ бу ҳарфларнинг расшифровкаси мана бундай: Umarov Muhammadaliyevich Otabek. @oper_uz бунинг давлат хизматлари намояндалари учун янги партия номерлари эканини айтмоқда.Авваллари ААА эди¸ кейин UZB бўлди¸ энди эса UMO. Кейинги сафар нима бўларкан? Фикрларингизни шарҳга ëзинг"¸ дейилган эди бу постда.

Исми сир тутилиши шарти билан Озодлик мухбири саволларига жавоб берган ички ишлар тизимининг айрим мулозимлари UMO идентификация белгили машиналар биринчи оила аъзоларига қарашли экани ҳақидаги тахминларнинг асосли эканини иддао қилди.

ИИВ мулозими иддаосича¸ UMO давлат белгиси берилган махсус машиналар орасида Отабек Умаровники экани айтиладиган Mercedes Brabus ҳам бор.
ИИВ мулозими иддаосича¸ UMO давлат белгиси берилган махсус машиналар орасида Отабек Умаровники экани айтиладиган Mercedes Brabus ҳам бор.

Хусусан¸ Ўзбекистон ИИВ тизимида ишловчи мулозимлардан бири Озодликка ҳозиргача UMO давлат белгиси берилган машиналарнинг "кенжа куëвга қарашли" эканини билдирди.

UMO ҳақиқатан Отабекнинг номери. Туғилган кунига Германиядан махсус 600 минг долларлик Mercedes Brabus келган. Шу машинага 01 777 UMO белгиси қўйилган¸ шунда ишга бориб-келган. Иккинчиси UMO хотини Шаҳноза юрадиган машинада эди”¸ - деди шахси очиқланмаслигини сўраган ИИВ мулозими.

Президент оиласи машиналарига махсус белги берилиши қонунийми?

Озодлик гаплашган ИИВ мулозимлари¸ бошқа давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам нафақат президент¸ балки унинг оила-аъзолари махсус қўриқланиши¸ уларнинг махсус имтиëзларга эга эканини таъкидлади.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида президент оиласи ҳам махсус давлат белгиси бор машиналарда сопровождение билан юради. Бир манзилдан иккинчисига боргунча рация орқали инспекторлар огоҳлантирилади. Бу олдиндан бор. Қонун бўйича UZB, PPP, PAA давлат белгиси бор машиналар президент ва оиласи¸ қолаверса¸ ҳукумат¸ парламент ва суд раисларига хизмат қилади. Уларни¸ яна дипломатик машиналар¸ депутатларни тўхтатиш мумкин эмас. Агар бу белгили машиналар йўл ҳаракати қоидасини бузса¸ инспектор ўз бошлиғига билдирги ëзиб беради. Бу МВДга чиқиб¸ энг катта даражада ҳал қилинади”¸ деди ИИВ мулозими.

2003 йили Ислом Каримов “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА” деб номланган қонунни имзолаган. Унинг “Уй-жой, алоқа ва транспорт таъминоти. Тиббий ва санаторий-курорт таъминоти” деб номланган 5-моддасига кўра:

Ўзбекистон Республикаси Президентига махсус мақсаддаги автотранспорт, шунингдек мамлакат ичкарисидаги ва чет элларга қилинадиган сафарлар учун махсус жиҳозланган самолёт ва вертолёт берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг оила аъзоларига ҳам хизмат автотранспортидан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Айни пайтда¸ мавжуд қонунчиликда Ўзбекистон президентлигига келган ҳар бир оиланинг ўзи фойдаланадиган автотранспорт воситалари учун ўз исми-шарифига боғланган янги давлат белгиси киритишига рухсат бериш кўзда тутилмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходими Озодликка Ислом Каримов даврида биринчи оила аъзоларининг кўзга ташланадиган давлат белгили машиналардан фойдаланишдан тийилгани¸ аммо Каримовнинг кенжа куëви бундан қисман мустасно бўлганини айтади.

Мен ишлаган пайтимда Гулноранинг ҳайдовчиси бор эди, номерлари оддий эди, частний рақамли машинаси ҳам, давлат рақамли машинаси ҳам бор эди. Лекин ҳар доим сопровождениеда юрар эди. Лола кўпинча оддий шахсий номерда сопровождениеда¸ лекин ўзи рулда юрар эди. Тимур қора Hummerда юрарди, номери эсимда йўқ. Ҳарфлари Тимур Тиллаевдан олинган ТТ эди. Лекин Каримовнинг қиз ва куëвлари фақат ўзлари учун махсус давлат белгиси киритганидан хабарим йўқ ”.

“Бугунга келиб Тимур Ўзбекистонга келмайдиган одамга айланди¸ TT белгиси эса ҳозир таксичиларга берилган”¸ дейди бу суҳбатдош.

Куëвлар машинасига “тўхтатиб бўлмайдиган давлат белгиси” берилишига эътирозлар

Озодлик гаплашган ИИВ мулозимлари президент оиласи¸ хусусан¸ "автопойгага ўч куëвлар"нинг “тўхтатиш тақиқланган” давлат белгили машиналарда юриши уларни "қонундан устун шахслар"га айлантиришидан хавотир билдирди.

Ким бўлишидан қатъи назар¸ ҳамма йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун ўрнатилган қоидаларга буйсуниши керак. Бундан фақат оператив хизматлар машинасигина¸ хизмат вазифасини бажараëтганда мустасно¸ холос. Ҳоким ва вазирларнинг боласи¸ ГАИ ўзини тўхтатмаслигини билиб, қанча одам умрига зомин бўлганини биламиз. Ичиб ҳайдаш¸ тезликни ҳаддан зиëд ошириш¸ қизил чироқда ўтиб кетиш¸ одам уриш кўпинча шундайларнинг айби билан содир бўлади. Ўтган йили президентнинг куëви ҳайдайдиган русумдаги машина авария қилган эди. Бости-бости қилишди. Энди куëвлар шахсий машиналарига мутлақ дахлсизлик берилса¸ улар қонунга бўйсунмайдиган тоифага айланади-ку!”¸ деди мулозимлардан бири.

Қиммат машиналар ва пойгага ўч кенжа куëв

Президентнинг кенжа куëви¸ биринчи хоним Зироат Мирзиëевага қариндош экани айтиладиган Отабек Умаров қайнотаси президент бўлганидан кейин ўзининг қиммат машиналар¸ тунги пойга ва дрифтингга ўчлигини намойиш қилди.

Отабек Умаров автопаркида Tesla машинаси ҳам борлиги тунги пойга видеоси ортидан жамоатчиликка маълум бўлганди.
Отабек Умаров автопаркида Tesla машинаси ҳам борлиги тунги пойга видеоси ортидан жамоатчиликка маълум бўлганди.

Instagram тармоғида otabek_muhammadalievich номи билан очилган каналида Умаров ўзининг 7 рақамига ишқибозлигини ҳам кўрсатиб улгурди. Ўтган йили Озодлик намойиш қилган тунги пойга ҳақидаги инстасторисида Отабек Умаровнинг телефон рақами 7777 рақамлари билан кодлангани кўрилган эди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига яқин мулозимнинг айтишича¸ кетма-кет келадиган 7 рақамлари Умаровнинг “хос коди”га айланган - Умаров ўз исми ва фамилияси ëнига 7 рақами қўшилган OU7 белгисини ўз "бренди"га айлантиргани шунинг исботи сифатида кўрилади.

Россиялик автоблогерларга Қўқондаги тест -драйв учун берилган бу эксклюзив машиналарнинг ҳам Отабек Умаровники экани айтилади.
Россиялик автоблогерларга Қўқондаги тест -драйв учун берилган бу эксклюзив машиналарнинг ҳам Отабек Умаровники экани айтилади.

Қайнотаси президентликка келгунга қадар Отабек Умаров автосаноат тизимида ишлаган¸ расмий биографиясига кўра¸ «УзАвто Корея» компанияси вице-президенти лавозимида фаолият олиб борган.

Умаровни билганларга кўра¸ президент кенжа куëви Ўзбекистондаги энг қиммат хориж машиналари коллекционеридир.

Ўтган йили Отабек Умаров таклифи билан Ўзбекистон¸ хусусан¸ Умаровнинг она шаҳри Қўқонга келган россиялик автоблогер Эрик Давидич дунëнинг қиммат машиналарида тест-драйв ўтказган эди.

Эрик Давидич бу машиналарни ўзига тақдим қилгани учун Отабек Умаровга миннатдорчилик билдирган эди.
Эрик Давидич бу машиналарни ўзига тақдим қилгани учун Отабек Умаровга миннатдорчилик билдирган эди.

Ўз Instagram саҳифасида Давидич бу машиналарни Отабек Умаров тақдим қилганини айтиб¸ унга миннатдорчилик билдирганди.

Озодлик гаплашган Умаров ҳаëт тарзидан хабардор ўзбекистонликлар ҳар бири юзлаб минг доллар турадиган бу ноëб машиналар эгаси давлатнинг юқори мартабали хизматчиси бўлган Отабек Умаров эканини иддао қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати подполковниги бўлган Отабек Умаровга тегишли экани иддао қилинадиган бу қимматбаҳо машиналарнинг қайси даромадга олингани ҳақида ҳозиргача бирор изоҳ берилмаган. Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тартиби ҳалигача мавжуд эмас.

Аҳолисининг камида учдан бир қисми расман қашшоқликда яшайдиган Ўзбекистонда президент куёвининг ўз ҳашаматли ҳаëт тарзини тармоқларда кўз-кўз қилиши жиддий эътирозларга сабаб бўлган эди.

Бу эътирозлар ортидан Умаров ижтимоий тармоқлар¸ хусусан¸ Instagramдаги фаоллигини кескин камайтирди ва асосан, расмий хабарлар билан чекланишга ўтди.

2019 йил июлида Озодлик мақоласи ва ижтимоий тармоқларда билдирилган норозиликлар ортидан Отабек Умаров ўзининг Tesla автомобилида тезликни оширгани учун 1,8 млн сўм миқдорида жарима тўлаганди.

XS
SM
MD
LG