Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:51

“Россиянинг фикри мутлақо қизиқ эмас”. Ҳаагада Путинни суд қилиш учун махсус трибунал тузилмоқда


Тбилисидаги парламент биноси олдида намойиш. Грузия, 10 октябрь, 2022
Тбилисидаги парламент биноси олдида намойиш. Грузия, 10 октябрь, 2022

Украинанинг сўрови билан Ҳаагада Путинни ва Россиянинг бутун сиёсий раҳбариятини суд қилиш учун энг яхши халқаро юристлар иштирокида махсус трибунал ташкил қилинмоқда.

Россия раҳбарлари Украинага қарши агрессия жиноятини содир этгани учун маҳкамага тортилади. Трибунал тузишни ҳозирча 11 мамлакат маъқуллаган. Суд тахминан бир йилдан сўнг иш бошлаши мумкин.

Махсус трибунал ташкил қилиш бўйича Украина ишчи гуруҳи аъзоси Олег Гавриш “Настояшчее время” эфирида шу ҳақда сўзлаб берди.

– Тузилаётган трибуналда Россия пропагандачилари ҳам суд қилиниши мумкинми?

– Бу анчагина мушкул масала. Биз ҳозир агрессия жинояти бўйича маҳкама ташкил қилиш билан шуғулланяпмиз. Пропаганда – тасаввур қилиш мумкин бўлган жиноятлар орасида энг мураккабларидан бири. Тарихда пропаганда жинояти халқаро судларда кўрилган икки ҳолат мавжуд. Биринчиси – Нюрнберг процесси: унда Учинчи рейхнинг пропаганда вазири нацист ҳарбий жиноятчиларга билан бирга қора курсига ўтқизилган эди. Иккинчи ҳолатда эса тутси халқи (Руанда) геноциди айбдорларидан бири бўлмиш “Минг тепалик радиоси” ходимлари суд қилинган.

Олег Гавриш.
Олег Гавриш.

Россия пропагандачилари учун алоҳида маҳкама ташкил этишни муҳокама қиляпмиз. Биринчидан, Украина ички қонунчилигида уруш чиқарганлик учун жиноий муддат назарда тутилган. Қолаверса, уни узайтириш режамиз бор. Яъни, нима бўлган тақдирда ҳам бу пропагандачилар Украина судида жавоб беришади ва, катта эҳтимол билан, урушни тарғиб қилишгани учун оғир жазога мустаҳиқ этиладилар. Улар устидан халқаро трибунал ўтказишга келсак, масала муҳокама қилиняпти, лекин иш ҳали илк босқичда. Путин ва Россия Хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари устидан халқаро суд ташкил қилиш бўйича ишлар эса анча силжиган. Трибунал тузиш ҳақидаги шартнома деярли нақд, ҳужжатга қўшилишга тайёр дастлабки мамлакатлар бор. Яъни, кўп нарса шай, ишни маромига етказиш учун яна бир оз вақт керак, холос.

– Олег, сизнинг-ча, Владимир Путин “қора курси”га ўтқизиладими, бу қачон бўлади?

– Вазиятни бундай. Биринчидан, Ҳаагадаги халқаро криминал суд ёки Ҳаага халқаро трибунали одатда ҳарбий жиноятлар – одам ўлдириш, жинсий зўрлаш, мародёрлик учун суд қилади. Агрессия жиноятини ҳам кўриши мумкин, аммо бунинг учун айбланувчи мамлакат Рим уставига аъзо бўлган бўлиши керак. Россия эса ушбу халқаро ҳужжатни тасдиқламаган, тасдиқлаш нияти ҳам йўқ. Шу боис Владимир Путин ва Россия олий сиёсий раҳбариятининг жиноятини Халқаро криминал суд кўра олмайди.

Агрессия халқаро ҳуқуқда барча жиноятларнинг онаси ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ бу ишга қўл урганларни суд қилиш учун етарли асос бўла олади. Мазкур ҳолатда “махсус ҳарбий амалиёт” номи билан хаспўшланаётган кенг кўламли ҳарбий босқинни Путин, Шойгу, Лавров, Патрушев, Бортников, Медведев ва бошқалардан иборат Россия Хавфсизлик кенгаши маъқуллаган. Санаб ўтилган кимсалар – агрессия учун жазоланиши лозим бўлган дастлабки номзодлардир.

Буча қирғини гувоҳлари: 5 март куни снайпер келиб кўчада ким кўринса ота бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:46 0:00

Ҳаага суди бу ишни кўра олмаслиги сабабли Украина махсус халқаро трибунал ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди. Маҳкама умумий шартнома йўли билан тузилмоқда. Шартномани тайёрлашда бизга халқаро юристлар, хусусан Филипп Сэндс кўмаклашяпти. Ушбу машҳур юрист илгари халқаро криминал суд фаолияти механизмини ишлаб чиққан. Яна бир кўмакчимиз – Франция ҳуқуқ мактаби раҳбари Антуан Гарапон. У президент Макронга ҳуқуқдан дарс берган. Бу иккисидан ташқари, бир пайтлар Слободан Милошевични суд қилган прокурор Жеффри Найс, Халқаро юристлар ассоциацияси раиси Марк Эллис ҳам бизнинг жамоада. Қисқаси, трибунал ташкил қилишга энг сара, нуфузли ва тажрибали юристларни жалб этганмиз. Таъсис шартномаси ёзилган, ҳозирча ўн бир мамлакат уни имзолашга тайёр, улар орасида дунёнинг пешқадам давлатлари ҳам бор.

– Яъни, судни шу мамлакатлар ташкил қиляпти?

– Тўппа-тўғри. Трибунал халқаро шартнома тузиш йўли билан ташкил қилинмоқда.

– Ташаббусни қайси мамлакатлар қўллаяпти?

– Учала Болтиқ мамлакатлари, Польша, Буюк Британия, Чехия, Словакия, Руминия розилик берган. Қолаверса, Швейцария, Исландия, Ирландия ва Канада ҳам хайрихоҳлик билдирмоқда. Кўриб турганингиздек, яхшигина таркиб шаклланди. Бироқ биз бутун Европа Иттифоқини, Қўшма Штатларни, Япония ва Австралияни ҳам бу ишга тортишга ҳаракат қиляпмиз. У ёғига очиқ шартнома бўлади ва хоҳлаган мамлакат унга қўшилиши мумкин бўлади. Трибунал бир йилдан сўнг иш бошлашга тўлиқ тайёр бўлади, деб ўйлайман.

– Демак, бир йилдан сўнг трибунал шаклланиб бўлади. Путинни қачон ва қандай қилиб “қора курси”га ўтқизиш мумкин?

– У ёғи жуда оддий. Трибунал иш бошлагач, Россия олий раҳбарияти агрессия жиноятида айбдор ёки айбдор эмаслиги хусусида қарор қабул қилади. Уларни гумонланувчилар деб топишларига ва ҳибсга олиш учун ордер берилишига аминман. Улар жисмонан қатнашмаса, суд бўлмайди. Лекин ҳибсга олиш ордери берилгач, Путин, Лавров ва умуман Россия Хафсизлик кенгашидан исталган одам ушбу трибуналга қўшилган бирон мамлакатга боргудек бўлса, дарҳол ушланиб, судга келтирилади. Ҳозирча маҳкамани Ҳолландияда, Ҳаага шаҳрида ўтказишни мўлжаллаяпмиз. Маҳбуслар эса Ҳаагадаги БМТ авахтасида сақланади.

Улар ҳибсдан қутулиб қолиб, ўз ажаллари билан ўлган тақдирда ҳам адолат тантана қилиши шарт. Маданий дунё уларни ҳарбий жиноятчилар деб эътироф этиши лозим. Улар билан ҳеч ким саломлашмайди, ҳеч ким учрашмайди, гаплашмайди. Хитой ёки Туркияга борганларида ҳам Интерпол инспекторлари уларни қидиради ва шахсан қўлларига ёки қўриқчиларига ҳибсга олиш ордерини топшириб, буни видео билан қайд этади.

Айблари исботланган тақдирда улар камида 30 йил, кўпи билан умрбод озодликдан маҳрум этиладилар. Уруш бошлаганларга халқаро қонунчиликда шунақа жазо белгиланган.

– Тўғри тушунган бўлсам, трибунал ташкил қилиш учун Россия унга қўшилиши ёки розилик бериши шарт эмас?

– Мутлақо. Бу ерда Россиянинг фикри умуман муҳим эмас. Агар трибунал тузилса, юқоридаги давлатлар бу шартномани қабул қилса, у ҳолда биз Россиянинг хоҳиш-иродасидан қатъи назар унинг раҳбарларини суд қила оламиз. Россия сиёсий раҳбариятидан бирон киши трибуналга қўшилган мамлакатга боргудек бўлса, қамоққа олинади ва суд қилинади.

Форум

XS
SM
MD
LG