Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Нега кўпчилик руслар Украина урушидан уялмайди?


Молдовада Россиянинг Украина босқинига қарши намойиш. Кишинёв, 24 февраль, 2023
Молдовада Россиянинг Украина босқинига қарши намойиш. Кишинёв, 24 февраль, 2023

Украинага қарши уруш бошланганидан бери “Левада-центр” вақти-вақти билан россияликларга: “Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари сизда қандай ҳислар уйғотмоқда?” деган савол билан мурожаат қилади. Сўровлар натижаларига кўра, давлати учун уялаётганлар улуши бирон марта ҳам 8 фоиздан ошмаган – ушбу максимум 2023 йил июнда қайд этилганди. Уруш бошларида 5 фоиз россиялик уят ҳиссини туйган бўлса, 2024 йил июнга бориб бу рақам 4 фоизга тушди.

Айни чоғда, Надеждин президентликка номзодини қўймоқчи бўлганида россияликлар уни қўллаб имзо чекиш учун адоқсиз навбатларга туришди: ўшанда улар “бизни бу ерга уят ҳисси бошлаб келди”, дейишганди.

Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси Ҳюстон университети доценти, тарихчи Алексей Голубев билан бир қисм россияликлардаги уят ҳисси нега урушга қарши оммавий ҳаракатга асос бўла олмагани ҳақида суҳбатлашди.

– Алексей Валерьевич, бирон тахминингиз борми, нега аксар россияликлар Россия Украинага чинакам уруш очгани учун уялмаяпти?

Россия ҳақида империя категорияларида ўйласак ва Украинага қарши урушни империалистик уруш терминларида тушунадиган бўлсак, тарихда шунақа урушлар олиб борган ҳеч бир империя йўқки, аҳолиси бунинг учун уялган бўлса.

Украинага босқин: 942-кун | Россия Украина бўйича тинчлик саммитига қатнашмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:26 0:00

Британия улкан мустамлакачи империя ўлароқ бутун дунёда империалистик урушлар олиб борган. Аммо британияликлар бу урушлар учун уяладими? Йўқ. Ҳатто юқори маданий капиталга эга инсонлар ҳам уялишмайди. Улар жавобгарлик ҳиссини туйишлари мумкин, лекин уятни эмас.

Масалан, Франция Вьетнамдан чиқиб кетиши билан 1954 йилда Жазоирда уруш бошлаб юборди. Француз тарихчиларига кўра, ўша урушда ярим миллион одам ўлган, Жазоир томони эса қурбонлар 1–1,5 млн бўлган, дейди. Яъни Франция камида 20 жазоирликдан бирининг ўлимида жавобгар. Лекин французлар ўз ҳукуматларининг Жазоирдаги қилмишлари учун уялишдими? Йўқ. Ҳозир уялишяптими? Яна йўқ.

– Украинадаги урушни соф империалистик уруш деб атаб, уят ҳисси йўқлигини шу билан изоҳлаш мумкинми? Ахир бу уруш XXI асрда, мутлақо бошқа ахборот маконида бўлмоқда, Россия ядровий шантаж қиляпти, боз устига у урушдан мақсадини ҳанузгача жамиятга жўялироқ тушунтирган эмас. Наҳот бу уруш ўтмишнинг империалистик урушларига ўхшаса?

– Контекст, албатта, доим ўзгаради. XIX асрдаги Жазоир истилоси билан XX асрда Жазоирнинг мустақиллик учун уруши орасида фарқ бор. Униси ҳам, буниси ҳам Украинада бўлаётган урушдан бошқача. Аммо тамал структуравий омиллар ўша-ўша: Россия қўшинлари миллий таркибидан тортиб ҳарбий блоклар ўртасида таъсир доираларини бўлиб олиш масаласию ташқи ўйинчилар (АҚШ, ЕИ, Хитой) иштироки ҳамда Екатерина II нинг Қрим ва Шарқий Украинага босқинчилик юришини эсга олишларгача. Тарихчи сифатида мен учун бу империалистик уруш маркерларидир.

– Ҳар ҳолда Буча ва Мариуполда бўлган воқеаларни Жазоирдаги империалистик урушлар билан таққослаш тўғрими? Ахир Украинадаги уруш – қардош халқ устига босқин-ку...

– “Қардош халқ” бу термин эмас, романтик национализм давридан қолган ва тил, умумий дин, бир давлатда ёнма-ён яшаганлик каби принциплар билан боғланган инсонлар гуруҳларининг қариндошлигини англатувчи метафорадир. Айни нуқтаи назардан у манипуляциядан бошқа нарса эмас, буни мазкур метафорани Россиянинг рус бўлмаган халқларига нисбатан қўллаб кўриш орқали оппа-осон текширса бўлади. Хўш, украинлар билан ёқутлар қардошми? Руслар билан ёқутлар-чи? Украинлар, руслар ва татарлар-чи? Эътиборлиси, Украина бу метафорани ишлатмайди, қачондир ишлатиши ҳам даргумон.

– Яхши, империя халқлари уялмаса уялмасин. Аммо Россия жамиятининг уятга муносабатини белгилаб берувчи ўз спецификаси бордек туюлмайдими сизга? Россияликларда уят ҳиссини ўлдириш устида ўнлаб йиллар иш олиб борилмадими? Бир асрлик қашшоқ коммунал ҳаёт, қатағонлар, зўрлик ва чақимчилик совет ва постсовет кишисининг уятини еб битирмадими?

– Ҳокимият ҳеч қачон уят ҳиссини ўлдиришга уринмаган. Аксинча, ижтимоий назорат мақсадида уят атай рағбатлантирилган. Совет фуқароларининг, айниқса аёлларнинг жинсий жозибадорлиги қандай назорат қилинганини эсланг. Игор Кин бу ҳақда “Оқ қайиндаги қулупнай” номли китоб ёзган. Умуман, СССРдаги аёллар тарихини ўрганган барча муаллифлар совет олимлари ва докторлар никоҳдан ташқари алоқалар ва ҳомиладорликдан уялиш ҳиссисини ўсдирганини қайд этганлар.

Давлат зўравонлиги билан уят маданияти ўртасида боғлиқлик бор, лекин у сабаб-оқибат боғланиши эмас, ушбу вектор ҳеч қачон утни ўлдиришга қаратилмаган эди. Чет элликлар халққа “боди, қуруқ” кўрсатилганини ёдга олайлик. Буларнинг бари совет ҳаётининг номатлуб тарафларини кўрсатиш миллий шармандаликка айланиб кетишини ўйлаб, қилинган. Шунинг учун ҳам хорижга сафарлар олдидан одамларни чақириб, зинҳор совет кишисининг маънавий қиёфасини шарманда қилма, деб қаттиқ тайинлаганлар. Бу жумла шу қадар советчаки, инглизчага ўгириш деярли имконсиз. Хуллас, совет даврида уят ҳисси атрофия бўлган деб айтиш қийин.

– Постсовет даврида-чи? Путин ҳукумати йиллар давомида жамиятни бузди, ҳамма нарса сотиш ва сотиб олиш мумкин, деб одамларнинг қулоғига қуйди ва буни исботлади ҳам. Бу бузилиш уят ҳиссига таъсир қилмадими? Балки шунинг оқибатида бугун ҳеч ким ўғли ёки эрини урушга юбориш учун давлатга сотишга уялмаётгандир? Қўрқитиш сиёсати, пропаганда ҳам қўрқувни йўқотишга хизмат қилмайдими? Дейлик, ҳозир Россияда телевизорлар ўчирилиб, “тобут пули” тўлаш ва эркакларни урушга ҳайдаш тўхтатилса, эҳтимол, ҳамма империя учун урушишни эсидан чиқарарди...

– Вазият мураккаброқ деб қўрқаман. Саволингиз уятни ҳис этиш табиий туйғулигини назарда тутади, ростдан ҳам шундай, аммо фақат индивидуал вазиятлар учун. Агар биз жамоавий ҳис ҳақида гапирадиган бўлсак, – миллат учун уялиш айнан жамоавий ҳис саналади, – у доимо тарихий маҳсулот бўлган. Миллий уят фақат XIX асрнинг романтик миллатчилиги билан бирга пайдо бўлади. На антик даврда, на ўрта асрларда ва на ҳатто Янги даврда миллат учун уялганлар, чунки миллатларнинг ўзи бўлмаган.

Бирон эмоция, айниқса уят каби комплекс эмоция ижтимоий кўламда таъсир қила бошлаши учун катта тайёргарлик ишлари зарур. У стихийли тарзда, яъни ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Тарихда уят стихияли пайдо бўлганига мисоллар йўқ. Миллий уят бу констукцияси кўпсонли фаоллар томонидан яратиладиган ҳиссиётдир. Одатда улар бу ишни публицистик матнлар ва нутқлар чиқариш орқали амалга оширадилар, шу йўл билан – олдида уялиш мумкин бўлган муайян ташқи фигура ёки аудитория шакллантирилади. Бу халқаро ҳамжамият, “келажак авлодлар” ёки бошқа ахлоқий авторитет бўлиши мумкин.

Миллий уят мустамлакачилик сиёсатига сезиларли аффектив реакция бўлганига оид атиги иккита ҳолат бор. Биринчиси 1990-йиллар охири – 2000-йиллар бошида Австралияда кузатилган. Консерватив ҳукумат геноцид учун аборигенлар олдида узр сўрашдан бош тортганди. Шунда сўл партияларга мансуб фаоллар “узр китоблари”ни нашр қила бошлашади. Ижтимоий сафарбарлик учун уят ҳиссидан фойдаланадилар, олдида уялиш керак бўлган референт қилиб халқаро ҳамжамият танланади – ва улар ўз мақсадларига эришадилар: 2008 йилда лейбористлар ҳукумати Австралиянинг туб аҳолисидан расман кечирим сўрайди.

Мигрантофобия - Россиянинг янги сиёсатими?!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:31 0:00

Иккинчи ҳолат 10 йилча муқаддам Канадада бўлди. Ушбу ҳолатда уят ҳисси тарихий ҳақиқат ва ярашув комиссияси тузилишида муҳим омил бўлган эди. Комиссия Канада ҳукумати мамлакатнинг туб аҳолисибилан қилган ишлар геноциднинг бир кўриниши бўлганини тан олди. Мен айнан уят ҳисси жамиятни у ёки бу вазиятга қарши сафарбар қилганига бошқа мисолим йўқ.

– Унда нега Россия ҳукумати, масалан, Курскдаги воқеалар манзарасида уят ҳиссидан жамиятни ҳарбий мақсадларга сафарбар қилиш учун фойдаланмаяпти?

– Ҳарбий мухбирлар “1941 йил тажрибасига қайтиш керак, халқ лашкари ва ўзини мудофаа қилиш отрядларини тузиш керак” деб қачонлардан бери жаврайди. Яъни миллий сафарбарлик учун янада кучлироқ аффектив режим яатиш истаги мавжуд.

Давлат ростдан ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилиб: “Мана силарга қурол, кўнгилли аскарликка ёзилинглар”, дейиши мумкин эди. Уруш бошланганида Украина шундай қилди-ку. Бироқ Россия ҳукумати ижтимоий кайфият жиловини қўлдан чиқаришдан чўчийди. Кўнгиллилар қўлидаги қурол бир кун келиб Кремлга қаратилишидан қўрқади. Назаримда, мана шу, кучли аффектларни назорат қила олишига ишончсизлиги туфайли Россия раҳбарияти жамиятни сафарбар қилишнинг самарали усулларини қўллаш тугул, урушни уруш деб атай олмай келмоқда. Айни шу сабабга кўра, давлат ҳануз “ҳаммаси жойида, айтарли ҳеч нима бўлгани йўқ”, деб талмовсираб турибди. Сиёсат ҳар қандай ижтимоий силкинишга йўл қўймасликка йўналтирилган. Ҳукумат ҳиссиётларнинг сафарбарлик салоҳиятини билади.

– Шундай бўлса ҳам, лоақал истиқболда уят Россияда урушга қарши ҳаракатга асос бўлиши мумкинми?

– Империалистик уруш шароитида юқори маданий капитал ва ижтимоий фикрни шакллантириш қобилиятига эга шахслардан бошқа ҳеч ким жамиятни жавоб қайтаришга даъват қила олмайди. ОАВлар эса ҳукуматнинг назоратида, улар ҳукуматга ёқмайдиган аффектив реакциялар пайдо бўлишига халал беради. Масалан, “Зимняя вишня”да фожиа рўй берганида ёнғин ҳақидаги лавҳа барча федерал каналларда айлантирилди ва халқ уни кўриб даҳшатга тушди. Ана шу нарса керак. ОАВлар кўмагисиз ҳеч қанақа оммавий аффектив реакция бўлиши мумкин эмас.

– Россия раҳбари ОАВларни назорат қилибгина қолмай, ҳар қанақа муқобил фикр ташувчиларига “хоин” ва “чет эл агенти” тамғасини босади. Бу ҳам аффектив реакциядан қочишми?

– Албатта. Менимча, аффектив суверенитетга ўхшаган бир нарсани яратишмоқчи. Яъни РФ чегаралари доирасида кенг социал аффектлар қўзғатиладиган бўлса, фақат давлат назоратидаги арбоблар ва ахборот манбалари қўзғатсин. Улардан бошқа миллий ёки ҳудудий кўламда аффект реакциясини келтириб чиқарадиганлар эса давлатдан иҳота қилинади.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: Украинага босқиндан сўнг Ғарб дарҳол ўзини Россиядан четга олди. Яъни узоқ вақт Россияда кўпчилик эҳтиром қилган ташқи кузатувчи, олдида уялиш мумкин бўлган субъект, ўз хатти-ҳаракатлари билан Россия фуқароларига “энди сизларни кўришни хоҳламайман” деди. Бир одам сизни кўришни истама, унинг олдида уят ҳиссини туясизми? Йўқ, албатта.

Дам олиш кунлари Франция ёки Германияга учишга одатланган кўп россияликлар ўзларини Ғарб жамиятининг бир қисми деб биларди. Ҳамма йўллар тўсилгач, қанақа уят ҳақида гапириш мумкин? Такрор айтаман: миллий уят ҳиссини шакллантириш учун олдида уялиш мумкин бўлган одам керак. Барча илмий тадқиқотлар ушбу эмоциянинг визуал табиатини яққол кўрсатиб турибди. Агарда ташқи кузатувчи юз ўгирса, уят ҳисси пайдо бўлиши учун зарур рамзий визуал контакт йўқолади.

– Россия буткул яккалаб қўйилган эмас, одамлар чет элга чиқишда давом этишяпти. Улардан кўпчилиги россияликман дейишга ор қилишини тан олади. Демак, кўплаб ватандошларимиз уялишар экан-да, ҳарқалай?

– Мазкур ҳолатда уят – ғайриихтиёрий реакция. Тўлақонли уруш бошланганидан кейин ҳам Россияда пинак бузмай яшаб юрган ва давлатининг ишларидан ор қилмаган киши хорижга чиққач, ўз миллий ёки фуқаровий мансубиятини очиқлаши керак бўлган пайтда уятни ҳис этиши мумкин. Россияда эса, ҳатто чет элга чиқиш паспорти йўқ минглаб юртдошларинг орасида аффектдан қочиш жуда осон. Сени миллатинг учун уялишга чақираётганларни чет эл агенти деб эълон қиласан, вассалом – уят ҳисси сенга йўламайди.

Миллатни уялишга чақириш учун юқори маданий капитал эгаси бўлишнинг ўзи етарли эмас. Ушбу капитал жамият томонидан тан олинган бўлиши керак. Уни тан олишмаса, сени хоин ёки чет эл агенти деб эълон қилишса, у ҳолда уятнинг сафарбарлик функциясини қўллаб бўлмайди. Давлат ҳам буни сезади, шу боис у нафақат ОАВларни назорат қилиш билан бирга, жамиятни сафарбар қилишнинг аффектив шаклларидан фойдаланиши мумкин бўлган кишиларни ёмонотлиқ қилишга интилмоқда.

– Аммо ахборотни бутунлай бўғишнинг имкони йўқ-ку барибир. Россия армияси Украинанинг онкологик хаста болалар ётган шифохонасига бомба ташлагани маълум бўлганида бу лаоқал оз-моз виждони бор одамларда уят ҳиссини уйғотиши керак-ку?

– Кимдадир – ҳа, кимдадир – йўқ. Биласизми, бу ерда уятни индивидуал эмоция ва жамоавий эмоция сифатида фарқлаш жоиз. Индивидуал эмоция шаклидаги уят муҳим субъектив таъсир кўрсатади, аммо у сиёсий ҳаракатга айлана олмайди.

Уят сиёсий ҳаракатга эврилиши учун эса ижтимоий тузилма, масалан, партия зарур. Ҳар қандай сиёсий эмоция зарур структура бўлганидагина ташкилий кучга айланади. Нега Австралияда уят социал сафарбарлик шакли бўла олди? Чунки у ерда лейбористлар партияси ушбу эмоцияни инструментлаштирди. Канадада эса туб халқларга муносабат бўйича тарихий сиёсатнинг геноцид деб тан олишида либераллар ва социал-демократлар муҳим рол ўйнадилар. Мамлакатда зарур сиёсий тузилма йўқ экан, уят “ишламайди”, чунки уятнинг индивидуал реакциясини “ўрайдиган” восита бўлмайди. Уйингизда хоҳлаганча уялишингиз мумкин, лекин кўчага чиққанингизда аввалги ҳаётга қайтасиз. Бу мухолифатни изчиллик билан қуритган Россия давлатининг “шарофати”.

Бу ерда Россия мухолифатининг ҳам айби бор. Рус мухолифати Россияга империя деб қарамайди. Украинада уруш бошлангунича мухолифат ОАВларида, масалан, Россиянинг Марказий Осиё муносабатлари проблематикаси ёритилган биронта матнни кўрганим йўқ. Аксинча, “буюк давлатчилик шовинизми” ҳиди келиб турган мақолалар чиқарди нуқул. Ғарб Россиядан қанчалик кучли бўлса, Россия ҳам Марказий Осиё мамлакатларидан шунча устун, деган қараш Россия мухолифати сиёсий тафаккурига чуқур сингган.

– Биз “релокант” деб атайдиган одамларнинг аксари Украинага қарши уруш бошланганидан сўнг айнан уят ҳисси сабабли Россияни тарк этганларини айтишади...

– Тўғри, аммо бу одамлар аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Жуда кам. Релокантлар жуда кичик ижтимоий гуруҳ. Кетганларнинг асосий қисми юқори маданий капиталга ва алоқаларга эга, тилларни биладиган одамлар эди. Уларнинг кўпи Россияда яхши яшарди. Мамлакатдан кетгач, карьера, пул ва қатор неъматлардан маҳрум бўлишди. Улар бегона мамлакатда Россиядагидек фаровон яшай олмасликларини тушунардилар... Лекин барибир кетишди, бошқача бўлиши мумкин эмасди. Нега? Чунки бу аффект. Сен аффектни эмас, аффект сени назорат қилади. Айнан шунинг учун ҳамма ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишга интилади.

Россия маданиятининг француз, британ ёки америка маданиятидан фарқи шундаки, узоқ йиллардан бери “сизлар цивилизация жиҳатидан қолоқсиз, баркамол эмасиз, шу боис Ғарбдан улги олишингиз керак”, деб россияликларнинг қулоғига қуйиб келишди. Бу нарса исталган россияликнинг онгостида бор, ҳатто ўз давлатининг хатти-ҳаракатларидан уялмайдиганларда ҳам. Назарий жиҳатдан бу сиёсий сафарбар қилувчи эмоцияга айланиши мумкин. Шунинг учун Россия давлати ҳиссиётни уйғотишга қодир одамлар ва тузилмаларни ёмонотлиқ қилиш билан бирга, Ғарб олдида уялиш ҳиссини тубдан қирқишга зўр бериб ҳаракат қилмоқда.

Бугунги кунда Россияда Европа мамлакатлари ҳам, АҚШ ҳам кўплаб босқинчилик урушларини олиб боргани ҳақда роса гапиришади. Ростдан ҳам шундай. Ғарбда қўли тирсагигача, ҳатто елкасигача қонга ботмаган давлат йўқ ҳисоби. Бу кашфиёт эмас, тарихий маълумот. Бу гаплардан мақсад эса Ғарбнинг цивилизация ўлароқ ўрнак – намуна экани ҳақидаги ғояни парчалашдир.

Форум

XS
SM
MD
LG