Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:44

OzodDayjest: Уч йил аввал бузилган “Тоштурма” ўрнида ҳали ҳам хиёбон қурилмагани эътироз уйғотди


Уч йил аввал бузилган “Тоштурма” ўрнида ҳали ҳам хиёбон қурилмагани эътироз уйғотди. Молия вазири 2022 йилда вазирликларнинг харажатлари қаттиқ назоратга олинишини билдирди. Автобус бекатларининг катта қисми талабга жавоб бермаслиги маълум қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

----------------------------------------------

Молия вазири: 2022 йилда вазирликларнинг харажатлари қаттиқ назоратга олинади

2022 йилдан бошлаб барча вазирликлар учун давлат бюджети маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгиланади, дейди Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов (www.gazeta.uz, 2 ноябрь).

Вазирга кўра, 2021 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллиги 5,5-6% даражасида кутилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь кунги йиғилишда бюджет тизимида молиявий назоратни кучайтириш ва 2022 йилда дефицит кўрсаткичини 3 фоизгача камайтириш бўйича топшириқ берди.

“[Президент] зарур ҳолларда қонун билан бюджет тақчиллиги чегарасини 3 фоизгача белгилаш ва кейинги йилларда ундан ошмаслик бўйича қатъий топшириқ берди. Бу йўналишда бюджетнинг даромад қисмини ижро этиш билан бирга харажатларни ҳам қатъий назорат қилиш топширилди. Бу, асосан, вазирликларнинг харажатларига, жумладан, қурилиш ишларига, умуман, жорий харажатларга тааллуқлидир”, дейди Т.Ишметов.

Қайд этилишича, бюджет тизимида молиявий назоратни қатъийлаштириш мақсадида темир интизомни таъминлаш ва давлат харидлари тизимида ошкораликни кучайтириш режалаштирилмоқда.

“Келгуси йилдан бошлаб Молия вазирлиги давлат молиявий назорати, Ҳисоб палатаси билан биргаликда назорат механизмини ишга тушириб, унинг доирасида ажратилган маблағлар ҳақиқатан ҳам жойларга етиб боряптими, бу харажатлар эълон қилинган мақсадларга мос келадими-йўқми текширилади”, – дейди молия вазири.

Дастлаб жорий йилда бюджет тақчиллигининг максимал ҳажми ЯИМга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида режалаштирилган бўлса, июнь ойи охирида Сенат ушбу кўрсаткични ЯИМга нисбатан 5,5 фоизга (32,8 триллион сўм) оширишни маъқуллади. Камомаднинг ортиши Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан давлат дастурлари ва қарорларининг устувор вазифаларини молиялаштиришга 650 млрд сўм ажратилиши билан боғлиқ.

Уч йил аввал бузилган “Тоштурма” бугун чиқиндихонага айланган

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган, халқ орасида “Тоштурма” номи билан танилган 1-сонли ҳибсхона ўрни қаровсиз ҳолда қолмоқда (“Рост24”, 2 ноябрь).

2018 йил январь ойида Зангиота туманига кўчирилган қамоқхона ҳудуди Тошкент шаҳри ҳокимлиги ихтиёрига ўтказилганди. Ҳокимликка ҳибсхонани 3 ой ичида бузиш ва униг ўрнида замонавий хиёбон барпо этиш вазифаси юкланган эди. Аммо айни пайтда қамоқхона чиқиндихона ва харобазорга айланган, хиёбондан эса дарак йўқ.

130 йиллик тарихга эга тутқунхона 1891 йилда Чор Русияси амалдорлари буйруғига биноан тошдан барпо этилгани айтилади. Мазкур қамоқхонада жазо ўтиб чиққан собиқ маҳбус “Тоштурма”да ўз даврида ўлим жазолари ижро этилгани, яна айрим маҳбуслар қийноқ оқибатида вафот этганини ҳикоя қилади.

“Тоштурма” жуда катта тарихдан гувоҳ эди. Бу ер ёпилди, бузилди ҳам. Лекин ҳали-ҳануз бирон бир боғ қилиб қўйилмагани ачинарли ҳолат. Бу ерда неча-неча одамлар ёди ва ҳақи бор. Шаҳидлар мажмуасига ўхшаган жойга тенглаштирса ҳам бўлади, аслида”, дейди исми сир қолишини сўраган суҳбатдош.

Қамоқхона бузилишидан олдин кўплаб баҳсларга сабаб бўлган. Хусусан, бир гуруҳ жамоатчилик фаоллари “Тоштурма”ни Польшанинг Освенцими каби музей сифатида асл ҳолатда сақлаб қолишни таклиф этган.

Агентлик: Автобус бекатларининг катта қисми талабга жавоб бермайди

Ўзбекистондаги автобус бекатларининг умумий техник ҳолати талабларга жавоб бермайди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўрганишлар якунида шундай хулосага келди (“XXI аср”, 4 ноябрь). Агентлик мамлакатдаги юзлаб бекатлар ҳолатини тафтиш этган.

Тегишли ҳужжатга кўра, автобус бекатларида чиқиш ва тушиш майдончаси, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, тротуар ва пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди учун қутилар ва ёритиш ускуналари бўлиши керак. Бироқ аксар автобус бекатлари даромад олиш шохобчаларига айлантирилган. Бекатларнинг ҳажми кичиклиги ва уларнинг майдонларини дўкон ва хизмат кўрсатиш масканлари эгаллагани сабаб одамлар автобусларни асосан қуёш ёки ёмғир остида кутишга мажбур бўлмоқда.

Бекатларининг яна бир муҳим муаммоси – ногиронлар аравачаси учун пандусларнинг мавжуд эмаслиги. Аксар бекатларда ўриндиқлар ва чиқинди қутилари етишмайди. 850 та автобус бекатининг 62,9 % да чиқиндилар учун қутилар, 37,2 % да кутиш зали йўқлиги ойдинлашди. 31,6% бекатда йўловчилар ўриндиғи умуман йўқ.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўрганиш хулосаларини Транспорт вазирлиги ва ҳокимликларга юборганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG