Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Туркманистон: Бўсағадаги сайлов амалдаги режимнинг давоми бўладими?


2007 йилги президент сайлови арафасида олинган сурат.
2007 йилги президент сайлови арафасида олинган сурат.

Иқтидордаги Туркманистон демократик партияси 14 февралдаги қурултойида 12 мартга тайинланган муддатидан олдинги президент сайловида қатнашиши учун амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов номзодини илгари сурди.

Демократик партия расмий сайтида хабар қилинишича, президент лавозимига Сардор Бердимуҳамедов номзодини маъқуллаш қарори партиянинг навбатдан ташқари қурултойида бир овоздан қабул қилинган.

Хабарга кўра, бош вазир ўринбосари қурултойда сўзга чиқиб, олий давлат лавозимига номзод қилиб кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирган. У президентликка сайланган тақдирда “ота-боболарнинг маънавий мероси ва йўл-йўриқларига амал қилиш”ини, миллат лидерининг тарихий ишларини давом эттириш учун ғайрат билан меҳнат қилишини айтган.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси Сардор Бердимуҳамедов номзодини расман рўйхатга олганича йўқ. Бироқ сиёсий кузатувчилар, Туркманистонда ўтган бирон бир сайлов демократик деб тан олинмаганини назарда тутиб, кичик Бердимуҳамедовнинг ғалабаси ҳозирданоқ нақд қилиб қўйилганига шубҳа қилишмайди.

Кузатувчилар Туркманистонда биринчи президент Сапармурот Ниёзов ўрнатган репрессив идора усули Гурбангули Бердимуҳамедовнинг президентлик йилларида ҳам давом этганини урғулайдилар.

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари маълумотига кўра, мамлакатда энг муҳим фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, жумладан, сўз эркинлиги, ОАВлар эркинлиги, фикр эркинлиги, эътиқод эркинлиги чеклаб қўйилган. Сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашиб, аҳоли турмуш даражаси пасаймоқда.

Бўсағадаги президент сайлови Туркманистонда ҳокимият алмашувига олиб келадими ёки амалдаги режим давом этадими?

Спорт тадбирида президент Бердимуҳамедов эстафетани ўғли Сардорга бермоқда.
Спорт тадбирида президент Бердимуҳамедов эстафетани ўғли Сардорга бермоқда.

Озодлик туркман хизматининг бу саволига Глазго университети профессори Лука Анчески жавоб берди. Марказий Осиё бўйича эксперт айтадики, олдиндаги сайловдан мақсад – амалдаги режимнинг умрини узайиришни таъминлашдир.

“Юз бераётган воқеаларга иқтидордаги оила нуқтаи назаридан қаралса, Бердимуҳамедовлар кланининг ҳокимиятдаги, туркман элитаси ва туркман жамиятидаги мавқеи янада мустаҳкамланганини илғаш мумкин. Бердимуҳамедовни қуршаган элита нуқтаи назаридан қараганда, уларнинг ҳам ҳокимиятдаги нуфузи ортиб бораётир. Кўп йиллардан буён Бердимуҳамедовлар ёнида юрганлар, масалан, Мередов кабилар, агар фавқулодда бирон ҳодиса юз бермаса, ўз лавозимларида қолишади”, дейди эксперт.

Биринчи президент Сапармурот Ниёзов вафоти ортидан 2006 йил декабрда иқтидорга келган Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигининг илк йиллари жаҳон бозорида энергия ташувчилар нархлари ошган пайтга тўғри келди.

Туркманистоннинг асосий даромад манбаи эса табиий захиралар экспортидир, шу боис, кўпчилик фикрича, бошқарувининг дастлабки йилларида мамлакатда иқтисодий ўсиш манзарасини чизиш унга айтарли қийинчилик туғдирмаган.

Бироқ муддатидан олдин ўтказиладиган сайловда катта эҳтимол билан ғалаба қозонажак Сардор Бердимуҳамедовга отасидан чуқур иқтисодий таназзулдаги мамлакат мерос бўлиб қолмоқда.

Айрим кузатувчилар Туркманистонда ҳокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши жараёни январь ойида Қозоғистонда рўй берган оммавий намойишлардан сўнг тезлашганини айтадилар.

Аммо Москва Карнеги маркази илмий ходими Темур Умаров Қозоғистон воқеалари Туркманистонда муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилиш учун ҳал қилувчи омил бўлгани йўқ, чунки ҳокимиятни Сардор Бердимуҳамедовга топшириш жараёни бир неча йил бурун бошланган эди, деб ҳисоблайди.

Анчески ҳам муддатидан олдин ўтказиладиган президент сайловини қўшни Қозоғистонда бўлган воқеалар билан тўғридан-тўғри боғламайди. Унинг сўзича, мазкур жараён икки йилдан зиёд вақтдан бери давом этмоқда.

“Назаримда, бу икки воқеа (Қозоғистондаги ялпи норозилик ҳамда Туркманистондаги сайлов) бевосита алоқадор эмас. Сардорни президентликка тайёрлашаётгани аломатларини 2021 йилдан, балки ҳатто 2020 йилдан бери кузатяпмиз. Туркман элитаси рамзлар, ишораю аломатларга жиддий қарайди. Чунончи, кеча (14 февралда) Бердимуҳамедов иқтидорга келганига роппа-роса 15 йил бўлди. Президент ўз нутқида лавозимидан истеъфога чиқиш ниятида эканини эълон қилди. Шу боис мен Қозоғистон воқеаларини Туркманистонда ҳокимият транзитини жадаллатган омил ўлароқ кўриш керак деб ўйламайман”, дейди Анчески.

Эксперт айтадики, Сардор Бердимуҳамедов ҳокимият тепасига келиши муқаррарлиги сўнгги бир неча йил мобайнида жамоатчилик онггига сингдирилган. Унинг фикрича, шу пайтга қадар Туркманистонда ҳеч ким, ҳатто Авди Қулиев, Борис Шихмуродов каби ўтмишдаги таниқли арбоблар, шунингдек Рашид Мередов сингари ҳозирги нуфузли мулозимлар ҳам, Сардор Бердимуҳамедовдан фарқли ўлароқ, ҳокимият иерархиясида иккинчи ўринни эгаллай олишмаган.

Сардор охирги бир неча йилда хорижий сафарларда туркман делегациясига раҳбарлик қилди, бир неча қўшни мамлакат раҳбарлари билан учрашув ўтказди, Туркманистонда йирик лойиҳалар пойдеворига биринчи ғиштни қўйди, мамлакат ҳудудларини кезиб чиқди.

“Унинг от устида, отаси ёнида тушган сурати энг қисқа замонда олий давлат лавозимига минажагининг яққол белгиларидан бири бўлган эди”, дейди Глазго университети профессори.

Давлат ОАВлари ота, ўғил ва набира Бердимуҳамедовларни муттасил намойиш этади. Давлат телеканали репортажларидан бирида президентнинг ўғли Сардор “Мирас” (“Мерос”) лақабли от миниб, набираси Каримгули эса “Довамат” (“Давомийлик”) деган отда кўриниш беришди.

2018 йил февралда ўтказилган оммавий спорт тадбирида президент Бердимуҳамедов эстафетани ўғли Сардорга берди.

Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниер 14 февраль куни Озодликка берган интервьюсида президент Бердимуҳамедов, афтидан, Туркманистонда “сулолавий бошқарув”ни ярата олишига ишонишини урғулади.

“Фаҳмлашимча, Бердимуҳамедов оилавий, сулолавий бошқарувни ташкил қилса бўладиган фурсат келганига ростдан ҳам ишоняпти. У Бердимуҳамедовлар оиласи мамлакатни узоқ йиллар идора қила олишига ишонади”, дея фикр билдиради эксперт.

Бунга қадар, Туркманистон билан Каспий орқали чегараланувчи Озарбайжонда ҳокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши жараёни кечган эди. Сардор Бердимуҳамедов президентликка сайланса, бу постсовет Марказий Осиёда ҳокимият отадан ўғилга ўтган илк ҳолат бўлажак.

11 февраль куни Гурбангули Бердимуҳамедов Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари сессиясида “мамлакат тараққиётининг янги босқичида ёш раҳбарларга мамлакатни идора қилиш учун йўл бериш зарур”лигини айтаркан, ўғли Сардор аллақачон 40 га тўлганини, яъни президентликка номзодини қўйиш учун зарур ёшга етганини биларди, албатта.

Президент баёнотидан сўнг Туркманистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлис Туркманистон Конституциясининг 81-моддаси ҳамда Сайлов кодексининг 86-моддасига мувофиқ, муддатидан олдинги президент сайловини 12 мартга белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

13 февраль куни эса Туркманистон Марказий сайлов комиссияси сайлов мавсуми бошланганини эълон қилди.

Туркманистонда сиёсий ўзгача фикрлилик тақиқланган, биронта ҳам мухолиф партия йўқ. 2012 ва 2014 йилларда кўппартиялилик ҳаидаги ваъдалардан сўнг Саноатчи ва тадбиркорлар партияси ҳамда Аграр партия таъсис қилинди. Бироқ улар фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар чеклаб қўйилган мамлакатда сиёсий плюрализм пайдо бўлишига ёрдам бермади.

Туркманистондан ташқарида яшаётган баъзи сиёсий арбоблар онлайн шаклда муқобил президент сайлови ўтказишни таклиф қилишмоқда. Шу билан бирга, мухолифат вакиллари орасида сайловда иштирок этиш учун ўз номзодини таклиф қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Шу пайтга қадар Туркманистонда ўтказилган ҳеч бир сайлов халқаро кузатувчилар тарафидан “эркин ва ҳалол” деб тан олинмаган.

XS
SM
MD
LG