Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:47

Туркиядан қочқинлик сўраган ўзбекистонлик муҳожир Тошкентга юборилишидан қўрқмоқда


Баҳриддин Худойназаров
Баҳриддин Худойназаров

Шу ой бошида Туркиянинг Сурияга чегарадош Ғозиантеп шаҳрида "мамлакат учун хавфли шахс" сифатида қўлга олинган ва ҳозирда муҳожирлик бўлимида ушлаб турилган 48 яшар Баҳриддин Худойназаров яқинларининг Озодликка айтишича¸ Туркияда қочқинлик изловчи шахс мақомида яшаб келган муҳожир ўзининг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи борлиги ҳақида тутқунликдан хат чиқарган.

Ғозиантепдаги муҳожирлар бўлимида уч ҳафтадан буён ҳибсда ушлаб турилган Худойназаров Туркияда 2008 йилдан буён қочқин изловчи мақомида яшаб келган.

У қамоқдан чиқарган хатида Ўзбекистонга бериб юборилган тақдирда ўзининг қамалиши ва ўлдирилиши мумкинлигини ёзган.

Бу мактуб ортидан унинг яқинлари Анқара ҳукуматидан Худойназаровни чиқариб юбормасликни сўрамоқда:

- Туркия ҳукуматидан уни топширмасликни сўраймиз. Айби бўлса Туркияда суд қилишсин, - дейди Баҳриддин Худойназаровнинг исмини айтмасликни сўраган қариндошларидан бири.

Туркия Миграция хизматининг Озодлик боғланган мулозими умумиятла қочқинлар¸ хусусан Худойназаровнинг экстрадиция қилиниш-қилинмаслиги ҳақида маълумот бера олмаслигини айтди.

Таниқли андижонлик имом Абдували қори Мирзаевнинг шогирди деб кўриладиган Баҳриддин Худойназаров Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилганликда гумонланиб, қидирилаётганлар рўйхатидадир.

Баҳриддин Ҳудойназаров Ўзбекистонда қидирилаётганлар рўйхатида
Баҳриддин Ҳудойназаров Ўзбекистонда қидирилаётганлар рўйхатида

Навоийнинг Кармана туманидан бўлган Баҳриддин Худойназаров 2000- йиллар бошида Ўзбекистондан Россияга чиқиб кетган.

Яқинларининг Озодликка айтишича, 2002 йилда у Россиядан Сурияга борган ва Дамашқдаги “Фатҳ” исломий билимлар университетида таҳсил олган.

2008 йилда Худойназаров Туркияга кўчиб ўтган. Ўшандан бери у рафиқаси ва икки фарзанди билан Ғозиантепда яшаб келган.

Худойназаровнинг Ўзбекистонда яшаётган 85 ёшли отаси Наим Худойназаров Озодлик билан суҳбатда ўғлининг террорчи гуруҳларга алоқаси йўқлигига ишонишини айтади:

- Ўғлим айбсиз. Келсин Ўзбекистонга, у душман эмас. Керак бўлса, Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонасига кираман, Туркия элчихонасига кираман. Айби бўлса¸ исботлашсин. Исботлаб беришса¸ милтиқ беришсин, ўзим отиб ташлайман уни, исботламаса эркин юрсинда, деди Наим Худойназаров.

Туркия хавфсизлик тизимлари 22 июнь куни ўзбекистонлик икки қочқинни хуфёна тарзда Ўзбекистонга топшириши ортидан ҳибсдаги бошқа муҳожирларнинг Тошкентга топширилиши борасида хавотирлар кучайди.

"Турк ҳаво йўллари" учоғи билан Тошкентга юборилган Эркин Авазов ва Абдулла Эрматовлар янги йил оқшомида Истанбулдаги Рейна тунги клубига уюштирилган ҳужум ортидан ўзбек ва бошқа марказий осиёлик муҳожирларга нисбатан бошланиб кетган амалиётлар доирасида апрель ойида Истанбулнинг Пендик мавзесида ушланган эди.

Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адам Чевик турк ҳукуматини ўзи имзолаган халқаро ҳужжатларни ҳурмат қилмасликда айблади:

- Туркия қонунга зид тарзда қочқинларни бериб юбораяпти. Туркия Европа парламенти ва БМТ доирасида олган мажбуриятларига кўра¸ қочқинлар ва қочқинлик изловчи сифатида қайд этилганларни ватанига қайтариши мумкин эмас. БМТ ҳужжатларида Ўзбекистонда қийноқлар систематик экани айтилган. Бундай давлатга қочқинларни бериш уларнинг қийноққа солиниши ёки ўлдирилишига шерик бўлиш билан баробардир. Биз Туркия ҳукуматидан ўзи имзолаган битимларга амал қилишни талаб қилаяпмиз, - деди Адам Чевик.

Чевикнинг айтишича, ҳозирда Туркиянинг муҳожирлик марказларида юзга яқин ўзбек ҳибсда қолмоқда.

Уларнинг аксари ўтган йилдан буён Туркияда олиб борилаётган террорга қарши амалиётлар доирасида ҳибсга олинган.

1 январь куни Истанбулдаги Рейна тунги клубида "Исломий давлат" экстремист гуруҳининг ўзбекистонлик аъзоси Абдулқодир Машарипов томонидан уюштирилган қирғин оқибатида 39 одам нобуд бўлган эди.

XS
SM
MD
LG