Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:57

Сангиновлар ва Сардобадан кейин қўрқиб қолган одамлар. Тўпаланг ГЭС директори билан суҳбат


Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангинов билан Сардоба сув омборидаги ҳалокатдан сўнг. Сирдарё, май, 2020
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангинов билан Сардоба сув омборидаги ҳалокатдан сўнг. Сирдарё, май, 2020

Сурхондарё вилоят, Сариосиё туманидаги Тўпаланг ГЭСда 22 июнь куни содир бўлган авария ҳали ҳам бартараф этилмади.

ГЭС электр энергия беришни тўхтатган, сув уриб чиққан жойи ҳали ёпилмаган. Тўпаланг ГЭС да “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдураҳмоновга тегишли бўлган МЧЖ модернизация ишларини амалга ошираётган бир паллада содир бўлган авария билан боғлиқ қатор саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Озодлик суҳбатлашган экспертлар, хусусан, модернизация учун ажратилган маблағларнинг қанчалик мақсадли сарфланаётгани ва лойиҳаларда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ саволларни кўтаришганди.

Озодлик бу ва бошқа саволларни Тўпаланг ГЭС унитар корхонаси директори Асрор Улуғовга берди:

- Тўпаланг ГЭСида 22 июнь куни содир бўлган техноген фалокатнинг асл сабаби нима?

- Мен сал олдинроқдан бошлай. Бу йил ГЭСда модернизация ишлари амалга ошириляпти. 15 мегаватлик иккита агрегатимиз ишлаб турган. Унинг ёнида 2000 йилда лойиҳалаштирилган иккита агрегат бор эди, лекин ҳали ишламаган эди. Охирги 2-3 йилда ўша ишлар жадаллашиб, жиҳозлар Россияда заказ қилиниб шу йилга тўғри келган эди. Ўшанинг монтаж жараёни бораётган эди.

Биз 21 июнь куни модернизация жараёнидаги трубаларнинг таг қисмини юқори босимдаги синов ишларини бошлаган эдик. Бундан олдин иккита-учта синовлардан яхши ўтган. 2006 йилдан бошлаб ишлаган, шу йилнинг 13 майигача. 13 майда модернизация бошлангандан кейин биз иккита кичик агрегатни тўхтатиб қўйганмиз.

Биз трубани устки кўринишини кўриб чиқдик, кейин асбоблар ёрдамида текширдик. Ҳаммаси яхши бўлганидан кейин босим бериш жараёнида бу авария содир бўлди.

Тўпаланг ГЭС унитар корхонаси директори Асрор Улуғов.
Тўпаланг ГЭС унитар корхонаси директори Асрор Улуғов.

- Яъни нима бўлди, сув тўсадиган шлюз уриб кетдими ёки сиз айтаётган темир тўсиқ?

- Биз шу пайтгача фойдаланиб келган қувур билан янги қувурни орасидаги шлюз, пробка дейилади, метал девор дейлик, ўша кетган.

- Озодлик гаплашган “Ўзбекгидроэнерго” мулозимининг айтишича, ГЭСга ўрнатилган шлюз, яъни сув тўсиш деворлари сифатсиз бўлган, арзон нархда Хитойдан олинган, шундайми?

- Тўпаланг ГЭСи собиқ СССР давридаги проект. Бу ердаги қурилмалар ҳаммаси Россиядан олиб келинган, Хитойдан олинган эмас.

Сардобадан бир йил ўтиб: Сув остида қолган сирлар. Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:21 0:00

- Ўша машинний цехда қандай агрегатлар бор эди?

- ГЭС 2019 йилда модернизацияга тушди. Битта бинони ичида тўртта агрегат бўлиши керак бўлган, 2006 йилда иккита агрегати ишга тушган. Иккитасининг жойи бўш турарди. Мдоенизаицяда бу иккита агрегатнинг қайсидир қисмлариалмашиши керак эди. Иккита бўш турган жойга янги агрегат қўйилиши кера кэди. Ишлаб турган иккита кичкина агрегат ҳам Россиянинг “Электросила” заводиники эди, янги қўйиладигани ҳам ўшаларники.

- Демак, ҳали янги агрегатлар қўйилмаган?

- Йўқ, йўқ, янги агрегатларни қўйиш учун фақат бетон ишлари бажарилган, уларни сув босмаган.

- Қанча зарар кўрилди, ҳозирча тахминий бўлса ҳам ҳисоб-китоб қилиб кўрилдими?

- Ҳозир Вазирлар Маҳкамасидан комиссия ишлаяпти, ҳали текширув охирига етмаган.

- Яна “Ўзбекгидроэнерго”нинг бошқа бир мулозимининг айтишича, сув омбори 300 миллион кубометр сувга мўжаллаб қурилган ва шунча сув босимига дош бера оладиган тўғон ва ГЭС қурилган. Кейин сув омборини 500 миллион кубометрга етказиш ишлари бошланди ва сув ҳажми 378 миллион кубометрга етганда ўша сиз айтган сув деворлари бу босимга дош беролмади ва оқибатда бу авария содир бўлган. Бунга нима дейсиз?

- Бу сув омбори бошидан 500 миллион кубометр сувга мўлжалланган. Лекин этап билан қурилган. 100 миллионда биринчи этап, 120 миллионда иккинчи этап, 380 миллионда бўлган ва бу йил 500 миллионлик этапининг охирги ишлари бажариляпти. Бу 300 миллионга мўлжаллангани чидамади деган версияни ҳам ҳозир ўрганяпмиз. Балки темирнинг ичидаги қоришмасида қанақадир камчилик бўлгандир ёки сувнинг ичида бўлган темир вақт ўтганда ўшанинг таъсирида чидамлилиги сусайгандир. Лекин лойиҳа бўлгандан бошида 500 миллион кубометрга мўлжалланган.

- Балки ўша сиз айтган темирлар сифати паст бўлгандир, балки яхши синовдан ўтказилмагандир?

- Боя айтиб ўтдим, биз синовнинг учинчи этапига келган эдик. Биринчи этап кўз билан кўриш, яъни визуалний этапидан яхши ўтган. Сварка қилинган темирнинг бир-бирига пайвандланган жойлари асбоб билан текширилганда ҳам экспертиза қилиниб, яхши ўтган эди. Учинчисида босим билан берганда шундай бўлди. Балки экспертиза асбобларимиз кучсизлик қилдими, деб ўзимча ўйлаяпман. Ҳали охиригача ўрганганимиз йўқ.

- Тўпаланг ГЭСи ва тўғони қурувчилари Сангиновлар, шундайми?

- Шундай.

- Сангиновлар қурган Сардоба сув омборидаги фожиадан хабарингиз бор. Бу воқеадан икки йил ўтиб Сангиновлар қурган ва модернизация қилаётган Тўпаланг сув омбори ва ГЭСидаги бу авария тасодифми ёки қонуният?

- Бу саволингиз билан дирекция шуғулланади. Биз эксплутация – фойдаланувчи ташкилотмиз. Биласизми, Тўпаланг сув омбори нечанчи йилдан бери қуриб келиняпти. СССР даврига бориб тақалади, албатта ҳужжатлар асосида бириктирилган бўлиши керак. Бу саволингизга юз фоиз жавоб беролмайман.

- Сардоба фожиасидан сўнг Ўзбекистондаги барча тўғон ва Гэсларни экспертизадан ўтказиш ҳақида ҳукумат қарори чиққан эди. Тўпаланг ГЭСи ҳам экспертизадан ўтказилганми? Бирор ҳужжат борми ўтказилгани ҳақида?

- Албатта Тўпаланг сув омбори, ГЭСи, унинг гидротехник иншоотлари, босим остида ишловчи қувурлари ҳаммаси текширилган. Сардоба воқеасидан кейин яна кучайтирилди. Айтдимку, икки этапда текширгандик деб, афсуски учинчи этапга бардош бермади. Ҳеч ким бунақа бўлади деб ўйламаган эди. 200 метр босимга мўлжалланган жой эди. Биз хато қилдикми ёки бошқами, охиригача кўриб чиқамиз, кейин маълум бўлади.

- Ҳукумат комиссияси ишлаяпти экан, бирор бир дастлабки версиялар борми авария сабаблари ҳақида?

- Комиссия ишлаяпти, ҳали хулосаси охирига етмаган.

- Отаси ўғлининг қурган иншоотини текширса, Сангиновларни назарда тутяпман, у сизнинг ҳам раҳбарингиз, қандай холис экспертиза ҳақида гап бўлиши мумкин?

- Экспертизада бошқа ташкилотлар қатнашяпти. Госкомтехнадзор, ёнғин хавфсизлиги, яна пайвандлаш ишларини, қувурларнинг чидамлилигини, кранларини текширадиган махсус ташкилотлар бор. Биздан фақат иккита мутахассис олишган, қолганлари ўзларидан.

Сардоба: “Бу ерлар олдин жаннат эди” – омон қолганлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00

- Тўпаланг сув омбори ва ГЭСи модернизацияси тендерсиз Сангиновларга берилгани айтилади. Сангиновлар қурган Сардоба фалокатидан сўнг, ГЭС директори сифатида, бу сизда хавотир уйғотмайдими? Сиз ҳам қамалиб кетишдан қўрқмайсизми?

- Мен 2001 йилда институтни битирганимдан кейин Тўпаланг сув омборида ишлайман. Аввал қурилиш ташкилотида ишладим, кейин ГЭСга ўтдим. Тўғонимиздан қўрқмайман, чунки у мустаҳкам. ГЭСда бўлган ҳолат ҳозиргача тасаввуримга сиғмаяпти. Бунақа бўлиши мумкин эмас эди. Нимадан бўлди, энди экспертизадан кейин аниқлаштирамиз.

- Тўпаланг сув омбори халқаро экспертизадан ўтказилганми?

- Сардоба воқеасидан сўнг бизда ҳам халқаро экспертлар бўлишди, Америкадан, Франциядан, Россиядан келиб текшириб кетишди.

- Ҳозир Тўпаланг сув омбори ва ГЭСи модернизациясини қайси компания олиб боряпти?

- Қурилиш ва монтаж ишларини “To’palang HPD Platinium” олиб боряпти.

- Бу Сангиновлар компаниясими?

- Шундай.

- Қурилиш ишларига қанча маблағ ажратилган?

- Айтдимку, бизда дирекция бор, ўшалар бизга топширгандан кейин биламиз, ҳозирча маблағ ҳақида маълумотим йўқ.

- Тўпаланг сув омборидаги сув бу йил Сурхондарё вилоятидаги 1,7 миллион аҳолини сув билан таъминлайди, деган лойиҳа президентга тақдим этилган эди. Энди нима бўлади?

- У лойиҳа бўйича биз кўряпмиз, амалга ошириляпти. У лойиҳага бу аварияни ёки Тўпаланг сув омборининг сувини таъсири бўлмайди.

- Нега таъсири бўлмайди, ҳозир сувни омборда камайтириш учун мақсадсиз ҳайдаяпсизлар, бу қишлоқ хўжалиги ва иррригацияга салбий таъсир қилмайдими?

- Шундайу, лекин биз ҳозир қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассислари билан келишган ҳолда ишлаяпмиз. Сув омборининг ўзини талаблари бор, сувни тушириш, кўтариш талаблари бор. Ўшани бузмаган ҳолда қишлоқ хўжалигига пахта очилгунча сув етказиб беришни режалаштирганмиз. Кейин ўша пайтда охирги ишларимизни бажариб оламиз.

- Ўзини эвакуация қилган аҳоли уйларига қайтдими? Энди ҳеч қандай хавф йўқми?

- Ўша кунлари ҳам хавф йўқ эди. Ҳаммага ваҳима қилманглар, ҳеч қандай хавф йўқ, деб айтдик. Лекин Сардоба воқеасидан кейин одамлар қўрқиб қолганми, бироз ваҳима бўлди, одамлар уйларини ташлаб кетди. Кимдир беш кундан кейин, кимдир уч кундан кейин уйига келган. Аммо ишонтириб айтаманки, ҳеч қандай хавф йўқ, тўғонимиз мустаҳкам.

XS
SM
MD
LG