Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:46

Сенат тўйлар ҳақидаги қарорни 15 июндан кейин қабул қилади


Олий Мажлис Сенатининг 29-30 март кунлари бўлиб ўтган 14- ялпи мажлисида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” ҳозирланган қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

regulation.gov.uz сайтида 15 мартдан 25 мартгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳаси¸ дастлабки режага мувофиқ¸ 14- сессияда кўриб чиқилиб¸ кучга кириши кутилаëтган эди.

Аммо Сенат матбуот котиби Муҳаммаджон Исомовнинг 4 апрель куни Озодликка билдиришича¸ бу масаланинг ижтимоий аҳамияти¸ лойиҳа ҳақида билдирилган жиддий эътирозлардан келиб чиқиб¸ лойиҳа муҳокамасига ажратилган муҳлатни узайтиришга қарор қилинган:

- Муҳокамалардан кейин янги қарор қабул қилинди. Унга кўра¸ яна икки ой бу масала халқимиз орасида муҳокама қилинадиган бўлди. Ҳамма вилоятларимиздан¸ ҳамма маҳалла¸ ҳамма туманларимиздан яна шу масалани яна жиддий муҳокама қилиб халқ ўртасида¸ қишлоқдан бошлаб тумангача¸ тумандан вилоятгача шу таклифларни биз 15 июнгача умумлаштириб¸ кейин муҳокамага қўядиган бўлдик. Лойиҳа яна бойитилади¸ конкрет аниқлаштирилади¸ деди Олий мажлис Сенати матбуот котиби.

Исомовга кўра¸ тўй-ҳашамлар ва бошқа маърака-маросимлар деярли ҳар бир ўзбекистонлик ҳаëтига тааллуқли бўлгани боис¸ ўсмирлардан тортиб то кексaларгача бўлган турли ижтимоий қатлам вакиллари¸ урф-одатлари фарқланувчи ҳар бир вилоят ва туманлар фикрлари ўрганилади¸ улар инобатга олиниб¸ умумлаштирилиб¸ янги таклифлар берилади.

Сенаторлар қарор лойиҳасини ҳозирлаш бўйича қарор чиқарди

14- ялпи мажлисда сенаторлар “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” қарор меъёрларини жамоатчилик фикрини ўрганиб, ишлаб чиқиш учун Республика ишчи гуруҳи тузилгани ҳақда Озодлик аввал хабар қилган эди.

Сенат расмийсига кўра¸ 3 апрель куни Ишчи гуруҳнинг биринчи мажлиси ўтказилган ва унда санъаткорлар¸ солиқчилар ва диний хизматчилар иштирок этган ва улар лойиҳа бўйича ўз эътирозлари ва аниқламаларини таклиф қилган.

“Бу фикрлар¸ қолаверса¸ ўзбекистонликлар орасида сўров ўтказилиб¸ тўй-маъракаларни қандай тартибга солишга оид якуний қарор ҳозирланади. Бу халқимиз келажаги учун жуда муҳим бўлгани учун¸ шошма-шошарликка йўл қўйилмасликка қарор қилинди”¸- дейди Сенат расмийси.

“Ижтимоий фикр” жорий ой мамлакат бўйлаб сўров ўтказади

Ўзбекистондаги етакчи сўров маркази “Ижтимоий фикр” марказининг етакчи тадқиқотчиси Марат Ҳожимуҳаммедовнинг Озодликка айтишича¸ апрель ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг бутун вилоятлари ва Қорақалпоғистонда одамларнинг тўй-маъракаларни тартибга солишга оид фикр-мулоҳазалари ўрганилади:

- Бу юзма-юз суҳбатлар бўлади¸ унда жамиятнинг барча қатламларини қамраб олишга ҳаракат қиламиз. Бугунги ўзбек жамияти олдингидан фарқли¸ мураккаб жамият ва ундаги қатламлар ҳам турлича. Ўзбекистон кўп миллатлик¸ кўп конфессиялик давлат. Миллий-диний урф одат деган умумий гаплар билан қарор қабул қилиб бўлмайди. Ана шу қатламларнинг барчасини бу масалага муносабатини ўрганиб¸ уларни умумлаштириб¸ хулоса чиқариш осон иш эмас. Бунга вақт керак. Шунинг учун ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик ҳаëтига бевосита тегишли бўладиган бунақа қарор чиқаришга шошилиш керак эмас¸ дейди Ҳожимуҳаммедов.

Айни пайтда бу социолог¸ кўп миллатли ва кўп конфессиялик¸ турли ижтимоий-иқтисодий қатламларга бўлинган мураккаб жамиятларда ҳам ҳаммага бирдек татбиқ этиладиган қоидаларни ишлаб чиқиш мумкинлигини таъкидлайди.

Эътирозлар

15-25 март кунлари ҳукумат расмий сайтида муҳокама қўйилган Сенат қарори лойиҳасига 10 кун ичида 152 та шарҳ ëзилган. Бу шарҳлар орасида тўй-маъракаларда спиртли ичимликларни бутунлай тақиқлашу тўй қилишдан олдин шаръий никоҳдан ўтишдан тортиб¸ тўйхоналарга видеокамера қўйиб¸ меҳмонларни сановчи комиссиялар тузишни талаб қилишгача бўлган таклифлар бор.

Айни пайтда¸ қарор лойиҳасига ҳуқуқий баҳо берган жиддий таклиф ва талаблар ҳам бор.

Бунақа қонун конституцияга хилоф эмасми? Конституциянинг 54- моддасида "Мулкдор ўз мулкига хоҳишича эгалик қилади, тассарруф этади ва фойдаланади дейилган." Агар бир киши ҳалол-покиза иш билан яхши пул орттирган бўлса, унга бу пулни ўз қариндошларига зиёфат бериш учун ишлатишига қаршилик қилиш учун бизнинг нима ҳақимиз бор? Бундан ташқари, Ўзбекистонда бошқа дин вакиллари хам яшайди, уларга ўз қоидаларимизни мажбурлаб ўтказиш туғри эмас.

Амалдорларга нисбатан чекловлар жорий этилишига тўлиқ қўшиламан, лекин тижорат изидан пул ишлаб, солиқларни тўлаган кишиларга нисбатан айни ноинсофликку бу? Саллани деса, каллани олиш керак эмас. Тўйларни кичикроқ қилиб ўтказишга ТАРҒИБ қилиш керак, таъқиқлаш эмас.

Бу қонун қабул қилинса, дунёга шарманда бўламиз, хар бир ишни ақл билан қилиш керак. Кимга ёқади тўйига формадаги посбон келиб, қариндошларингизни санаши? Айнан коррупцияни хосил қилмайдими бунақа қонун?

Мен шахсан дабдабабозлик тарафдори эмасман, лекин яна қайтараман, бу ишни тарғибот-ташвиқот орқали қилиш керак, болта билан эмас. Шунинг учун мен бу қонунга 100% ҚАРШИМАН. Агар у қабул қилинса, Ўзбекистон ривожига ва жамият соғлигига салбий таъсир қилади деб ишонаман ва уни рад этишларини илтимос қиламан”¸ деб ëзган лойиҳага муносабат билдирган Абдулла Бақоев.

Ўзбекистонда тўй-маъракаларни тартибга солиш уринишлари мустақилликдан сўнг бошланганига қарамай¸ ҳозирга қадар қилинган расмий уринишлар¸ қабул қилинган турли даражадаги қарор ва меъëрлар натижа бермай келаëтир.

Бу масалани жорий йилнинг 27 февралидаги селектор мажлисида кун тартибига қўйган президент Шавкат Мирзиëев¸ "эртага" амалдорларнинг тўй-ҳашамларга боришини тақиқловчи Сенат қарори чиқишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG