Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:36

“Муаммо ҳал бўлмагунча Тошкентдан кетмаймиз”– қизириқлик 275 фермер ҳукуматнинг ваъдасига ишонмаяпти


Қизириқлик фермерлар ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилган эди - видео скриншоти
Қизириқлик фермерлар ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилган эди - видео скриншоти

Сурхондарё вилоят, Қизириқ туманидан Тошкентга борган 275 та фермер Президент қабулхонасига киритилмади. Уларни Бош вазир Абдулла Арипов қабулхонаси расмийлари қабул қилди.

Жами 500 нафар қизириқлик фермер уларнинг ерини маҳаллий ҳокимият босим ва тазйиқ билан тортиб олаётганидан норозилиги ҳақида Озодлик аввал хабар берганди.

18 январь куни қизириқлик фермерлар номидан Озодликка гапирган Олимжон Туроповга кўра, 60 та енгил машина билан Тошкентга борган фермерларни Маданият саройида қабул қилишган ва махсус комиссия Сурхондарёга бориб, уларнинг муаммосини ҳал қилиб бериши ваъда қилинган.

Аммо, ҳукумат ваъдасига ишонмаган фермерлар муаммолари ҳал бўлмагунча Тошкентдан кетмаслигини айтмоқдалар.

Олимжон Туроповнинг айтишича, Тошкентда йиғилган 275 та фермерни пойтахтдаги маданият саройларидан бирига йиғишган ва фаоллар дардини бирма-бир эшитишган:

- Учрашувда бизга Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси Қизириққа бориб, ўша ерда вазиятни ўрганиб, муаммони ҳал қилиб беради, дейилди. Лекин бизни бу жавоб қониқтирмади. Чунки 13 январь куни ҳам депутатлар, Омбудсмендан иборат битта комиссия борди ва кўзимизнинг олдида кластер тизимига ён босиб-ён босиб, қайтди. Муаммомиз ҳал бўлмади. Шунинг учун биз бугун яна Тошкетга келдик. Бу гал муаммомиз ҳал бўлмагунча, орқага қайтмаймиз, Тошкентда қоламиз!

Туроповга кўра, фермерлар етакчилари 18 январь куни Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев билан ҳам учрашган.

Тошкентга арз қилиб борган қизириқлик юзлаб фермер ҳукуматнинг ваъдасига ишонмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:10 0:00
Бевосита линк

Қизириқлик фермерлар гуруҳи 5 январь куни ҳам Олий Мажлис биносига борган ва ўшандан сўнг Олий Мажлис махсус комиссияси Қизириққа йўлланган эди.

Ўша куни фермерлар ижтимоий тармоқлар орқали президентга йўллаган очиқ мурожаатида тумандаги 500 фермернинг ери тортиб олинаётгани айтилиб, бунга норозилик билдирилган.

“Фермерлардан аризани олмай туриб, ёпиқ сессия қилиб, фермер хўжаликларини тугатиш ҳақида қарор қилган. Бизда ҳақиқат, қонун йўқми? Барча фермер норозимиз”, - дейди қизириқлик фермерлардан бири видеода.

Фермерлар иддаосига кўра, декабрь бошида тумандаги фермер хўжаликлари фаолиятини бутунлай тугатиш ҳақида қарор чиқарилиб, кейин фермерлардан мажбурий равишда ариза олиш жараёни бошланган.

Ери тортиб олинаётган қизириқлик 500 фермер вакиллари Олий Мажлисга арз қилиб борди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:18 0:00

Озодлик бу мавзу юзасидан 30 декабрда эълон қилган мақоласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев қизириқлик фермерлар муаммосига эътибор қаратгани, бу борада Бош прокуратурага сўров хати киритганини маълум қилгани тўғрисида хабар берганди.

“Бизларга келаётган мурожаатлар Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш масаласида хавотирлар пайдо қилмоқда. Ҳудуд ва соҳа масъулларидан мазкур масалалар бўйича қонуний иш кўриб, асосли изоҳ беришларини сўраймиз”, дея ёзганди Расул Кушербаев.

Ер кодекси ва Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунларга кўра, ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага 50 йилгача бўлган, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилади.

Ўзи яшаб турган туман ёки вилоятдан ҳақиқат тополмаётган фуқароларнинг адолат излаб Тошкентга юриши кейинги йилларда тез-тез кузатилмоқда.

Бундай сафарлар ҳар доим ҳам қизириқлик фермерларнинг сафаридай юқори идорадаги қабул билан тугамайди.

2019 йилнинг июнида бир гуруҳ аёллар Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева қабулига борганида Миллий Гвардия томонидан қўлга олинганлари ҳақида Озодлик радиосига гапириб берганди.

2020 йилнинг сентябрида Сирдарё вилоят, Сардоба тумани, Дўстлик маҳалласида яшайдиган ўн аёл ва эркак Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга бешинчи марта арз қилиб борганди. Арзчиларнинг Озодликка айтишича, уларни ҳеч ким қабул қилмаган ва орган ходимлари тазйиқида яна Сирдарёга жўнатиб юборилган. Сардобаликларнинг Тошкентга сафари билан боғлиқ шунга ўхшаган яна бир воқеа октябрнинг бошида содир бўлган эди.

Ўзбекистонда фермерларнинг ерларини ноқонуний ёки турли босимлар остида тортиб олиш ҳоллари кенг тарқалган. 2000-йиллар бошида "фермер хўжаликлар ерларини оптимизация қилиш" дан бошланган жараён охирги йилларда кластерлаштириш билан давом этмоқда.

29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатида президент Мирзиёев ерларни "бозор активи"га айлантириш ҳақида гапирди, аммо бунинг қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга қандай таъсир кўрсатиши маълум эмас.

XS
SM
MD
LG