Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Мулозимлар: Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 150 дан ошиқ ходими ишхонасида карантинга олинди!


Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносининг 25 март куни дезинфекция қилингани ҳақида тарқатилган расмий хабарда айни сурат илова қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносининг 25 март куни дезинфекция қилингани ҳақида тарқатилган расмий хабарда айни сурат илова қилинди.

27 март куни Ўзбекистондаги коронавирус вазиятига оид расмий маълумот бериб борилаëтган Telegramдаги Koronavirus Info канали Тошкент шаҳар ҳокимлигида коронавирус чиққани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаган маълумотларни “ ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди” деб рад қилди ва жамоатчиликни “ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд”лигидан огоҳлантирди.

Айни шу куни Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги асл вазиятдан бевосита хабардор бир неча мулозим ва тадбиркор Озодликка боғланиб¸ бу хабарнинг ўзини инкор қилди.

“Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтирадиган бош офисида ишловчи 160 га яқин ходим¸ икки ҳамкасбида коронавирус аниқланиши ортидан¸ 25 март куни тўлиқ карантинга олинган”¸ деди жумладан қариндоши ҳокимлик биносида сақланаëтган тошкентликлардан бири.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги томонидан қаттиқ қўриқланаëтган биноси ичкарисига кириш ва ичкарида нималар бўлаëтганини бевосита кўриш имкони ҳозирча нафақат Озодлик¸ балки маҳаллий матбуотда ҳам йўқ.

Шу боис Озодлик карантинга олинганлар яқинлари берган маълумотларни бевосита тасдиқлай олмайди, вазиятни фақат ичкарида қолганлар яқинлари берган маълумотларга таянган ҳолдагина ëритишга ҳаракат қилади.

Расмий хабар: Ҳокимлик қатъий карантин режимига ўтди

25 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳокимлик биноси ичкарисининг дезинфекция қилинаëтгани суратини эълон қилиб¸ унга мазкур бинода “ўқув машғулоти” ўтказилгани ҳақидаги хабарни илова қилди.

“Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида 2020 йил 25 март куни коронавирус тарқалишининг олдини олиш ҳамда фавқулодда ҳолат юзага келган вазиятда қандай иш юритиш юзасидан ўқув машғулоти ўтказилди.

Ўқув машғулоти давомида ҳокимлик биносида иш фаолиятини давом эттираётган ходимларга коронавирус юқишининг олдини олиш учун бажарилиши лозим бўлган гигиеник талаблар юзасидан қўшимча инструктаж ўтказилди. Аввал хабар берилганидек, шаҳар ҳокимлигининг кўпчилик ходимлари масофавий иш усулига ўтказилган эди. Бино тўлиқ дезинфекция қилиниб, ҳокимлик қатъий карантин иш режимига ўтказилди”¸ дейилади шаҳар ҳокимлигининг расмий хабарида.

Хабарда Тошкентдаги аксар бошқарув идоралари ишлаëтган бир пайтда¸ ҳокимлик биносининг нега “қатъий карантин режими”га ўтганига оид изоҳ берилмади.

Норасмий изоҳ: Ҳокимлик нега қатъий карантин режимига ўтди?

27 март куни Озодликка яқинлари Тошкент шаҳар ҳокимлигида ишловчи бир неча мулозим ва тадбиркор расмий баëнотда берилмаган изоҳни тақдим этди.

Озодлик билан бир-биридан мустақил ҳолда гаплашган бу манбаларга кўра¸ ҳокимлик ходимларидан камида икки нафарида коронавирус аниқланиши ортидан¸ бино ва унинг ичидаги ходимлар тўлиқ карантинга олинган.

Биринчи ҳолат 20 март куни Туризм бошқармасида ишлайдиган йигитда аниқланган. У 10 кунча олдин италиялик инвесторлар билан учрашган бўлган. Иккинчи ҳолат 25 март куни шаҳар ҳокимининг тан соқчисида аниқланган. 25 март куни ҳокимнинг ўзи ўтирадиган бош бинода бўлган 160 га яқин ходим кўчага чиқарилмади ва тўлиқ карантинга олинди. Карантинга олинганларнинг барчасидан ўша куниёқ томоғидан суртма тест анализлар олинган. 26 март куни бир нечта ходим Тез ёрдам машиналарида ҳокимият биносидан олиб кетилди. Афтидан¸ уларда ҳам коронавирус аниқланган. Ҳозирда бинони Миллий гвардия аскарлари қаттиқ қўриқлаяпти»¸ деди Озодликка 27 март куни боғланган шаҳар ҳокимлиги биноси ичида яқинларидан бири сақланаëтган тошкентлик.

«Карантиндагиларнинг шароити зўр»

Шаҳар ҳокимлиги биноси ичида карантинга олинган 100 дан ошиқ одам¸ улар ҳолидан бевосита хабардор яқинлари таъкидича¸ “жуда яхши шароит”да сақланмоқда.

«Ҳокимият биносида ташкил этилган карантин режимини энг эъло даражада дейиш мумкин. Хабарингиз бўлса¸ бу бино ҳоким Артикходжаев Жаҳонгирнинг шахсий офиси эди. Унда бир нечта душ хоналари, ётоқхоналари, тиббий муолажа хоналари, ресторан, сауналар бор. Бундай карантин шароити ҳозир Ўзбекистоннинг бошқа жойида мавжуд эмас. Ҳоким ўз ходимларига жуда кўп шароит яратиб бермоқда. Карантиндагиларнинг ҳаммасига кийим-кечак ва шахсий гигиена буюмлари тарқатилган. Ҳар бир ходимнинг хонасига телевизор, интернет ва АРТЕЛ телефонлари, планшетлар, турли хил бадиий адабиётлар тарқатилган. Бино кунига 7 марта дезинфекиция қилинмоқда. Бино Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари томонидан қаттиқ қўриқланмоқда.

Ичкаридаги ходимлар билан яқинлари боғланиши мумкин, лекин улар матбуотга гапиришдан қўрқаяпти. Чунки ҳар бири «Тошкент шаҳар ҳокимлигида карантин режими жорий қилингани ҳақида маълумотларни ошкор қилмаймиз» деб тилхат ёзиб берган»¸ дейди карантинда қолганлардан бири билан мунтазам алоқада қолаëтган қариндоши.

Озодликнинг ҳокимлик биноси ичкарисидан сурат ва видеолар тақдим қилиш сўрови¸ ана шу тилхатни бузиш оқибатларидан қўрқув боис ҳозирча қондирилмади.

Президентнинг 26 март кунги қарори ортидаги сабаб?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 26 март куни¸ халқаро тажрибада ҳозирча қўлланилмаëтган амалиëтга йўл очувчи махсус қарор чиқарди.

Унга кўра¸ хусусий тиббиëт муассасаларининг коронавирусга чалинганларга хизмат кўрсатишига 2020 йилнинг сентябрига қадар¸ истисно тариқасида тендер ўтказмасдан рухсат этилди.

Айни қарор билан¸ хусусий тиббиëт муассасасининг коронавирус билан касалланганларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг Инқирозга қарши кураш жамғармаси ¸ яъни давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди.

“Тезлик билан қабул қилинган бу қарор сабабларидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносидаги фавқулодда карантиндир. Ҳоким Ортиқхўжаев ҳокимлик биносида карантинга олинганларга қараш учун ўзининг Akfa Medline клиникасидан тиббий ускуналар¸ ётоқ анжомлари ва шахсий гигиена воситалари олиб келтирди. 15 та тиббий ходим, яъни врачлар, ҳамширалар ва кичик тиббий санитар ходимлар ҳокимият биносига олиб келинди. Президент ва оиласига яқин Ортиқхўжаевга¸ ана шу тадбирларни қонунийлаштириб бериш учун махсус қарор чиқарилди”¸ деди Озодликка Тошкент ҳукуматига яқин мулозим.

“Коронавирусга оид маълумотларни бекитиш вазиятни оғирлаштиради”

Озодликка Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги асл вазиятнинг жамоатчиликдан сир тутилаëтганини иддао қилган мулозим ва тадбиркорлар¸ “аҳолини ваҳимага солмаслик” деган баҳона билан коронавирус кўламига оид маълумотларнинг яширилаëтгани жамаотчилик саломатлигига жиддий таҳдид солаëтганидан ташвиш билдирди.

«Менинг жаҳлим чиқаётганининг сабаби шундаки, ҳокимият ходимларидан иккита коронавирус ҳолати чиққан бўлсада¸ бу очиқ эълон қилинмаяпти. Бутун дунëда Бош вазирлар¸ ҳатто шаҳзода Чарлз коронавирус юқтирганини очиқ айтаяпти. Бунинг бекитадиган уят жойи йўқку. Тошкент шаҳар ҳокимлиги одам кўп тўпланадиган жой эди. Ҳар куни ҳар хил ҳоким ўринбосарлари бир неча мажлислар ўтказар эди. Ҳокимият биносига аҳоли вакиллари жуда кўплаб келган. Агар маълумот очиқланса ва ҳокимият биносига охирги 15 кун ичида келганларга хабар берилса¸ вируснинг тарқалишининг олди олинар эди”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Айтилишича¸ ҳокимлик биносида карантинда қолаëтганларнинг айримлари ҳам бу маълумотнинг бекитилаëтганидан рози эмас.

Ичкаридагиларнинг кайфияти яхши. Санаторийда дам олаётгандек¸ еб-ичишлари таъминланган. Лекин кўпчилик виждонли ходимлар бошқаларни ҳам карантинга олишсин, биз ўша охрана ходими билан ҳам, Туризм бошқармаси ходими билан ҳам кўп марта мулоқотда бўлганмиз. Улар ҳам кўп марта туман ҳокимликларида бўлган мажлисларда қатнашишган дейишмоқда.

Ошкоралик эпидемиянинг тарқалишида жуда муҳим омилку! Дунёнинг энг машҳур сиёсатдонлари ҳам касаллик юқтирганини сир тутишмаяпти. Ким карантинда эканлигини ёки вирус юқтирганлиги очиқ айтилса, одамлар қачон ким билан контактда бўлганларини ўзлари англаб карантин ва тиббий текширувга ихтиёрий мурожаат қилишади. Бу касаллик тарқалишини анча чеклайди”¸ дейди Озодликка карантинда қолганлар билан гаплашганидан сўнг мурожаат қилган улар яқинларидан бири.

Ҳокимлар коронавирусга қарши курашга бош-қош бўлаëтган пайтда Жаҳонгир Ортиқхўжаев қаерда?

Тошкент шаҳар ҳокими ўтирадиган бош офиснинг коронавирус қамалида қолгани ҳақидаги хабарлар келаëтган айни пайтда¸ айрим мулозимлар Озодликка шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қаерда экани ҳақида ҳам хабар йўллади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти биносига уч кундан бери на ҳоким ва унинг иккита ўринбосари келмаяпти. Жаҳонгир Ортиқхўжаев кеча Мирзо Улуғбек туман ҳокимияти биносида ўз фаолиятини давом эттирди. Президент ўтказган видеоселекторга ҳам ҳоким Мирзо Улуғбек туманидаги студиядан қатнашди ва ниқобда ўтирди. Лекин у видеоселекторда бирорта сўз гапирмади. Бу бироз ғалати. Уни телевизордаям кўрсатишмади”¸ деди тошкентлик мулозимлардан бири.

Koronavirus Info | Uyda Qoling!] раддияси

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари орасида коронавирус тарқагани ҳақидаги хабарлар¸ Ўзбекистондаги эпидемияга оид расмий хабар тарқатишга масъул бўлган Koronavirus Info канали томонидан 27 март куни рад этилди.

Ижтимоий тармоқларда "Тошкент шаҳри ҳокимлигида коронавирус касаллиги чиққани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди. Бу маълумот ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди ‼️Ҳокимлик ахборот хизмати хабарига кўра, ҳокимлик биносида 25 март куни коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва фавқулодда ҳолат юзага келганда қандай ҳаракатланиш бўйича ўқув машғулот ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд. 👆» дейилади расмий раддияда.

Бу баëнотдан сўнг Озодликка қайта боғланган ҳокимлик биносидаги вазиятдан хабардор тошкентликлар «100 % яширишаяпти. Шунақа хабарларни тарқатиш касаллик тарқалиши олдини олмайди, аксинча ривожлантиради»¸ деб муносабат билдирди.

Расмий хабарларга кўра¸ Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар кун сайин ошиб бормоқда. 27 март маҳаллий вақт билан кечқурун эълон қилинган расмий баëнотга кўра¸ вирус юқтирганлар сони 88 тага етди.

27 мартга келиб¸ глобал миқëсда вирус юқтирганлар ярим миллиондан ошди¸ ўлганлар сони эса¸ 24 мингга етди.

Айни шу куни Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳам ўзининг вирус юқтирганини жамоатчиликка маълум қилди. Ҳафта давомида Британия валиаҳд шаҳзодаси Чарльз ҳам вирусга чалинганини очиқлаган эди.

Канада¸ Австралия ва Эрон каби давлатлар ҳукумат вазирлари ¸ парламент депутатлари ва АҚШ сенаторлари ўзларининг вирусга чалинганини жамоатчиликка очиқ эълон қилмоқда.

Агар ўзингиз ëки яқинларингиз Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида карантинда сақланаëтганлар орасида бўлса(нгиз)¸ вазиятга оид тафсилот¸ сурат ва видеоларни Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига юборишингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG