Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:26

Тошкент марказидаги 130 йиллик уйлар бузиладиган бўлди


Тошкентликлар орасида "Полкушка" деб аталадиган шаҳар марказидаги эски уйларни бузишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Қатор нашрларнинг хабар қилишича, шаҳар марказидаги "Лолазор" маҳалласида жойлашган айрим уйлар 1891 йилда қурилган ва уларда яшаётган аҳоли уйининг бузилишидан норози.

Ҳолатни махсус ўрганган Gazeta.uz нашрининг ёзишича, шу йилнинг 2 февраль оқшомида Шаҳрисабз кўчасида бу ҳудуддаги уйларнинг бузилиши ҳақидаги эълон пайдо бўлган.

Аҳолининг айтишича, бу ҳудудда замонавий кўп қаватли уйлар қуришини айтган "Muhandis-Konsulting" хусусий ширкати вакиллари аҳолига янги уйлардан квартира беришни ваъда қилмоқда.

Аммо, нашр мухбири гаплашган тошкентликлар, 1966 йилдаги зилзилани ҳам кўтарган бу уйларни янги уйларга алмашишга қарши эканини айтмоқдалар.

Айни пайтда, Gazeta.uz нашрига кўра, 3 февраль куни маҳалла аҳли билан учрашган қурувчи ширкат вакиллари уйларни бузиш учун ҳокимиятдан берилган рухсатномани тақдим эта олмаган.

"Бу участкадаги уйлар 2025 йилгача барибир бузилади. Бу уйлар авария ҳолатида, маънан эскирган турар-жой фондига киритилган. Агар хусусий фирмалар қилмаса, охир-оқибатда давлатнинг ўзи бу уйларни бузади. Айни пайтда, бу ҳудуддаги 1 квадрат метр майдон учун таклиф қилинган нарх 250 долларни ташкил қилади", дея иқтибос келтиради нашр, қурувчи ширкатга яқин экани айтилган манбадан.

Fergana.agency нашрининг ёзишича, Тошкент марказидаги Шаҳрисабз, Миробод, Фидокор ва Ойбек кўчалари кесишган ҳудудда жойлашган "Лолазор" маҳалласидаги уйлар 1891 йилда қурилган. Улар 1917 йилги инқилобга қадар 1 қаватли бўлган, сўнгра иккинчи қавати уланган.

Ўз даврида бу уйлар Чор Россияси аскарлари учун отхона, казарма; Иккинчи жаҳон уруши даврида эса эвакуация қилиниб, Тошкентга олиб келинган одамлар учун бошпана вазифасини ўтаган.

Муҳими, яшовчилар бу ҳудуддаги эски бинолар остида бомбадан сақланадиган ўта мустаҳкам ертўлалар борлиги, улардан 2 таси ҳануз очилмаганини айтиб келадилар.

Тарихий меросни сақлаш бўйича эксперт Йенс Йорданнинг Gazeta.uz нашрига айтишича, "Лолазор" маҳалласидаги каби 3 уйдан иборат ансамбллар совет замонида архитектура ёдгорликлари сирасига киритилган эди.

"Мустақилликка эришилгач, барча кўп квартирали турар-жой бинолари бу рўйхатдан чиқарилди. Ўзбекистонда тарихий биноларнинг сақланишига оид энг катта муаммо - мана шудир", дейди эксперт ушбу нашрга.

Айни пайтда, мавзуни ёритаётган нашрлар "Muhandis-Konsulting" хусусий ширкатининг 2016 йил 21 сентябрда 6 миллион сўмлик устав капитали билан тузилгани, фаолиятининг асосий йўналиши эса "Махсус магазинларда майда метал буюмлар, лак-буёқ ва шиша буюмлари чакана савдоси" эканига эътиборни тортмоқдалар.

Ўтган йилнинг 23 декабрида Бош вазир Абдулла Арипов, тез орада Тошкент шаҳридаги барча эскирган ва хароба турар-жой бинолари тўлиқ бузилиб, ўрнига кўп қаватли қулай турар-жой бинолари қурилишини билдирган эди.

Ўшанда Арипов Тошкентнинг Сергели туманида қурилган янги кўп қаватли уйларни кўздан кечирган президент Мирзиёев шаҳардаги эскириб кетган уйларнинг барчасини бузиб, ўрнида қулай кўп қаватли турар-жой бинолари қуришни вазифасини топширганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG