Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Tashkent City доирасида Ислом Каримов кўчасидаги бинолар бузилмоқда


Ислом Каримов кўчаси.
Ислом Каримов кўчаси.

Тошкентнинг Ислом Каримов проспектидаги кўп қаватли бинолар¸ Метрополитен бошқармаси ва Киночилар уйи шу ҳудудда қуриладиган Tashkent Cityга жой очиш учун бузила бошланди. Озодлик гаплашган мутахассислар¸ Дубай нусхасида қуриладиган ялтироқ мавзе учун айрим меъморий ва санъат обидаларининг вайрон этилиши хусусида ташвиш билдирдилар.

Озодлик мухбири билан 22 ноябрь куни гаплашган “Ўзбеккино” ва Тошкент Метрополитен бошқармаси мулозимлари бошқа бинога кўч -кўронларини ташиш билан шуғулланаëтганлигини айтишди. Айни вақтда Озодлик суҳбатлашган меъмор ва мунаққидлар Киночилар уйидаги монументал деворий расм ва майолика панноларининг вайрон қилинишига қарши эканликларини билдирди.

Киночилар уйида жойлашган “Ўзбеккино” ДАК бошқарувида ишлайдиган мулозимнинг 22 ноябрь куни Озодликка айтишича, улар Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов имзо қўйган ҳужжатга асосан бинони бўшатишмоқда:

- Бу ҳужжатда генплан асосида Киночилар уйи бузилиши ва бино бўшатилиши талаб қилинган. Буйруққа бўйсуниб ҳозир бинодаги мебель ва оргтехникани Чилонзордаги Ўзбекфильм биносига ташияпмиз. Ўзбеккино ўша жойга кўчиб ўтади. Шу ҳафта охиригача бинони тўла бўшатамиз. Кейинги ҳафта бузишни бошлашади¸ деди шахси очиқланишини истамаган мулозим.

Айни маънодаги гапни Ислом Каримов номли проспектда жойлашган Метрополитен бошқармаси мулозими ҳам айтди.

Унга кўра¸ ушбу кўчада жойлашган распублика ОВИРи ( хорижга чиқиш-келишни назорат қилиш идораси)¸ собиқ Фонд форум биноси ва бошқа кўп қаватли маъмурий бинолар ҳам бузилмоқда.

Киночилар уйсиз қолди

Ўзбекистонлик санъатшунос Акмал Ризаев ушбу кўчадаги бузилаëтган бинолар ичида Киночилар уйининг меъморий қиммати борлигини айтади:

- Дом Кино - бу Брежнев даврида Тошкентда қурилган меъморий жиҳатдан муваффақиятли ва шинам бинодир. Энг яхши дизайнер¸ ҳайкалтарош ва керамика усталари безаган. Яхши кинозал¸гўзал интерьерлар¸ кўргазма зали - Дом кинони 80-йиллар ижодий муҳитининг марказига айлантирган эди. Бино шу туришида сақлаб қолиниб Tashkent City лойиҳасига уйғунлаштирса маъқул бўлар эди¸ дейди мунаққид.

Киночилар уйи
Киночилар уйи

Киночилар уйи биноси ичида рассом Баҳодир Жалолов тарафидан сграффити техникасида ишланган фреска мавжуд. Киночилар уйи мулозимининг айтишича¸ бу фреска ҳам бузилади.

Баҳодир Жалолов асари
Баҳодир Жалолов асари

Рассом Баҳодир Жалоловнинг ўзи 22 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда бу расм вайрон қилиши юзасидан таассуфини билдирди:

- Афсус. Кўникиб ҳам қолдим. Бирин-кетин вайрон қилишаяпти чизган расмларимни. Афсус¸ яхши расм эди. Расмнинг номи “Абадият элчилари” эди. Расмда илк киночилар Худойберган Девонов¸ Малик Қаюмов¸ Комил Ëрматовлар билан бирга Протазанов¸ Ҳанс Эрни¸ Пабло Пикассо¸ Сикейрос каби санъаткорлар сиймосини ҳам чизгандим. Афсус Дом кино деворига чизилган абадият элчиларининг югургани бугунгача бўлибди. Расмларидан узоқ умр кўрадиган рассомга айландим¸ дейди ўнга яқин асари вайрон қилинган Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов.

Баҳодир Жалолов 1982 йили "Киночилар уйи"ни безаган
Баҳодир Жалолов 1982 йили "Киночилар уйи"ни безаган

Таниқли киночи¸ ўзбек поэтик киноси асосчиси Элëр Эшмуҳаммедов 22 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Жалоловнинг бу асарини девордан кўчириб олиб¸ музейга қўйиш керак деган¸ таклифни билдирди:

- Сақлаб қолиш керак¸ ҳеч бўлмаганда шу асарни. Умуман нега Дом кинони бузишаяпти¸ ҳеч тушумайман. Яхши турувди. Италиядан келган ҳамкасбларимга ҳам ëқувди. Чиройли бино. Раҳматлик Малик ака Қаюмов Рашидовнинг ëнига қатнаб-қатнаб 1982 йили шу бинони қурдирган эди. Мен учун ҳам азиз бино. “Даҳонинг ëшлиги” деган фильмимнинг илк тақдимоти бўлган бу бинода. Республика раҳбарлари мени эшитаëтган бўлса¸ уларга айтадиган гапим шу - бузманглар бизнинг уйимизни¸ дейди ўзбек киноси отахонларидан бири Элëр Эшмуҳаммедов.

Совет бинолари қатағони

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда “Киночилар уйи" меьморий обида эмас”¸ дея таъкидлади:

- Совет биноси¸ совет эстетикаси. Бетондан бўлган бино. Уникал тарафи йўқ унинг. Бузилгани фалокат эмас. Умуман¸ Тошкент қиëфасидан совет эстетикаси узоқлашганини олқишлайман¸ аммо Тошкентнинг Дубай бўлишини ҳам истамайман¸ дейди бу меъмор.

Озодлик суҳбатлашган мутахассисларнинг аксарияти Ислом Каримов проспектидаги Киночилар уйининг бузилишидан хавотир билдиришди.

Айни кўчада жойлашган ва Гулнора Каримова ташаббуси билан қурилган Фонд-форум биносининг бузилиши ҳақида гапирган санъатшунос Акмал Ризаев “халқ пулига ачинишини” таъкидлади:

- Биз шунақа бой миллатмизки¸ бугун қуриб эртасига бузамиз. Каримова хоним атиги бир неча йил бурун қурдирган ҳашаматли бино бугун бузилмоқда. Қимматбаҳо қурилиш материаллари сарфланган каттагина бино. Кенг-мўл кўргазма заллари бор. Бинонинг эстетик қиймати ҳақида тасанно айта олмайман. Миясизлик¸ хокимият ўзбошимчалиги ва қурилиш роспили (талон-тарож) кўламининг навбатдаги намунаси¸ дейди бу суҳбатдош.

Миллиард долларлик копия

Акмал Ризев қиймати камида бир миллиард доллар экани айтилаëтган Tashkent City лойиҳасини хориждаги ялтироқ шаҳарларнинг нўноқ нусхаси деб атайди:

- Қурилиш ишлари келаси йили Тошкентдаги "Ўқчи Олмазор" массивида бошланиши учун жойни тозалашаяпти. Лойиҳа "ТошбошпланЛИТИ" Давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган. Лойиҳани кўриб¸ бу шиша билан қопланадиган бинолар Дубай¸ Астана ва Ашхабоддаги мавзеларнинг копияси бўлиб қолган¸ дейди суҳбатдош.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ Tashkent City деб номланган халқаро бизнес маркази пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади.

Бу ҳақда 2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Tashkent Сity халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.

Қурилишнинг Туркиядаги Tabanlıoğlu Architects компанияси томонидан тайёрланган бош режаси ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланди.

XS
SM
MD
LG