Халқаро хабарлар
Толиблар Афғонистонда аёлларга спорт билан шуғулланишни ман қилди
Толиблар аёлларга, жумладан миллий терма жамоалар аъзоларига Афғонистонда спорт билан шуғулланишни тақиқлади. Бу ҳақда 8 сентябрь куни Толибоннинг маданият ишлари бўйича комиссияси раиси ўринбосари Аҳмадулла Восиқ SBS News нашри билан суҳбатда маълум қилган.
У ўз нуқтаи назарини крикет ўйини мисолида тушунтирган. Восиқнинг айтишича, аёлларга спортнинг ушбу тури билан шуғуллананишига изн берилган тақдирда уларнинг юзи ва танаси томошабинлар учун очиқ қолган бўлур эди. “Ислом ва Ислом Амирлиги бунга йўл қўймайди”, деган SBS News суҳбатдоши.
Унга кўра, толиблар аёлларнинг зарурат бўлганда кўчада сайр қилишига рози, аммо спорт, унинг фикрича, аёлларга зарур эмас.
Август ойида Восиқ крикет бўйича эркаклар терма жамоасининг жорий йил охирида Австралияда ўтказиладиган саралаш матчига боришига рухсат берганди. Бироқ Толибоннинг аёлларга оид мазкур баёнотидан сўнг тадбирга ҳатто афғон эркаклар терма жамоаси ҳам қўйилмаслиги мумкин. Халқаро крикет кенгаши халқаро мусобақаларда иштирок этмоқчи бўлган мамлакат эркаклар қаторида, аёллардан ҳам терма жамоа тузиши шарт, деб ҳисоблайди.
Афғонистон Австралияда ўтказилажак мусобақадан четлатилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Восиқ ҳар қандай ҳолатда ҳам Толибон бу масалада муросага бормаслигини айтган.
Кун янгиликлари
Қирғизистон: Вазирлар Маҳкамаси раиси Жапаров истеъфога чиқди
Қирғизистонда 16 декабрь куни Ақилбек Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозимидан истеъфо берган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Манбалар қайдича, у президент маъмурияти ходимлари ва ҳукумат аъзолари билан хайрлашган.
60 ёшли Жапаровнинг истеъфоси сабаби расман очиқланмаган.
Ақилбек Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси ва давлат раҳбари администрацияси раҳбари лавозимига 2021 йилнинг октябрь ойида киришган эди. У мазкур лавозимда уч йилдан кўпроқ ишлаб, Қирғизистон тарихида ўз курсисида энг узоқ ўтирган бош вазирлардан бирига айланди.
2005 йилгача парламент депутати бўлган Ақилбек Жапаров Лола инқилобидан кейин молия вазири, иқтисодиёт ва савдо вазири ҳамда бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2010 йил апрелидаги инқилобдан сўнг у “Ор-номус” партиясидан депутат бўлиб сайланган. Бир йил ўтгач, коалицион ҳукуматда молия вазири этиб тайинланган. 2015 йили Ақилбек Жапаров “Бир Бўл” партиясидан депутат бўлиб сайланган.
Озодлик қирғиз хизмати хабарига кўра, истеъфога чиққан Ақилбек Жапаров ўрнига Вазирлар Маҳкамаси раиси вазифасини Адилбек Касималиев бажариб туради.
Исроил Дублиндаги элчихонасини ёпиб қўйди
Исроил Ирландиянинг энг йирик шаҳри бўлган Дублиндаги ўз элчихонасини ёпди. Бунга оид қарорни Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар очиқлади.
ТИВ раҳбарига кўра, “Ирландия томонидан амалга оширилаётган антисемитча хатти-ҳаракатлар ва риторика яҳудий давлатининг делегитимизацияси (номашруълаштириш) ва демонизациясига (шайтонлаштириш), қўш стандартларга асосланган”. Саар “Ирландия Исроил билан муносабатларда қизил чизиқларнинг барчасидан ўтиб кетди”, дея қўшимча қилган.
Май ойида Ирландия Испания ва Норвегия билан биргаликда мустақил Фаластин давлатини расман тан олган, бундан Исроил раҳбарияти ғазабланган эди.
Ўтган ҳафтада Ирландия Ғазо секторида фаластинликлар геноцид қилинаётганига оид айблов билан Жанубий Африка республикаси томонидан БМТ Халқаро судига топширилган даъво аризасига қўшилган. Аризада мамлакат расмийлари давлат томонидан амалга оширилган геноцид тушунчаси шарҳловини кенгайтиришни ҳам таклиф қилишган. Исроил бу айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда.
Халқаро суд даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилган, уни кўриб чиқиш камида бир неча йил давом этиши кутилмоқда.
Эронда Озодликнинг собиқ журналисти 10 йилга қамалди
Эрон суди Озодликнинг Эрон хизмати — “Фардо” радиоси собиқ журналисти Ризо Вализодани 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. У “душман бўлган Америка ҳукумати”га ишлаганликда айбланган.
Маҳкама жараёнида судья давлат қораловчиси вазифасини ҳам бажарган. Эрон паспортидан ташқари АҚШ фуқаролиги ҳам бўлган Вализода жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин икки йил ичида мамлакатни тарк этолмайди, Теҳрон ва унинг атрофида яшолмайди ва сиёсий ташкилотларга қўшилолмайди, дея хабар қилди “Фардо” радиоси.
Вализода Озодликнинг Эрон хизмати билан 10 йил ҳамкорлик қилиб, 2022 йилда ишдан бўшаб кетган. Шу йил бошида у оиласи билан кўришиш учун Эронга борганида ушланган, кейин эса ҳибсга олинган. Бунга унинг Эрон разведкаси ва АҚШ томонидан террор ташкилоти деб тан олинган Ислом инқилоби посбонлари корпуси билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани сабаб бўлган.
Қариндошларининг айтишларича, махсус хизматлар журналистга Эронга учиб келган тақдирда унинг учун ҳеч қанақа хатар йўқлигини норасмий равишда ваъда қилишган. У ўз иши кўриб чиқилаётган пайтда судьяга бу ҳақда эслатган.
АҚШ Давлат департаменти Вализоданинг қўлга олинишини қоралаб, уни адолатсиз ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид, деб атаган. “Чегара билмас мухбирлар” ва Журналистлар ҳимоя қилиш қўмитаси Эрон расмийларини журналистни зудлик билан озод қилишга чақирган.
Сурияда Ҳофиз Асад мақбараси ёқиб юборилди
Суриядаги исёнчиларнинг тарафдорлари 11 декабрь куни Қирдаҳа шаҳрида мамлакатнинг олдинги президенти ва Башар Асаднинг отаси Ҳофиз Асад мақбарасини эгаллаб олишган. Улар собиқ ҳукмдорнинг жасади жойланган тобутни ўз ичига олувчи ёдгорлик мажмуасига ўт қўйишган. Мақбара ойналари синдирилган ва қисман талон қилинган.
Мақбарада Ҳофизнинг рафиқаси Аниса ва унинг 1994 йилдаги автоҳалокатда ўлган катта ўғли Басилнинг қабрлари ҳам жойлашган. Уларнинг жасадларига нима бўлгани номаълум, дея хабар қилди “Ал-Арабия”. Асадлар сулоласи Сурияни умумий ҳисобдан ярим асрдан кўпроқ бошқарган.
Ижтимоий тармоқларда исёнчилар каптагон ишлаб чиқарувчи бир неча яширин завод топилгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Сурия ўн йиллар давомида синтетик наркотик бўлган каптагоннинг энг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган. Кўплаб тадқиқотчилар иддаосига кўра, Сурияда каптагон ишлаб чиқарилишини шахсан Асадлар клани аъзолари назорат қилишган, бу наркотикдан мамлакатда йилига ўнлаб тонна ишлаб чиқарилган, ундан тушган ноқонуний даромад эса Сурияга келаётган жами валютанинг 90 фоиздан кўпроғини ташкил этган.
Даставвал тиббий препарат ўлароқ ишлаб чиқарилган каптагон 1986 йилдан кейин дунёдаги мамлакатларнинг аксариятида тақиқланган. Бироқ у ҳали ҳам Яқин Шарқда кенг қўлланилади. Унга “жиҳод наркотиги” дея ном берилган, чунки жангарилар тунда ухлаб қолмаслик ва ҳиссиётларини бостириш учун бу психостимуляторни қабул қилиб келишган.
Яқин Шарқ мамлакатларида (шу жумладан, вояга етмаганлар орасидаги) гиёҳвандликнинг энг асосий сабабларидан бири ўлароқ кўрилади.
Жойлардан келаётган маълумотларга кўра, исёнчилар топилган каптагон захираларини ёқиб ташлашмоқда.
The Insider: Россия ЕИдан мерганлик милтиқларини олишда давом этмоқда
Европа Иттифоқи томонидан эмбарго жорий қилинганига қарамай, Россия қўшни мамлакатлар орқали ғарб ширкатлари томонидан ишлаб чиқилган минглаб мерганлик милтиғи ва миллионлаб патронларни олишда давом этяпти. Бу ҳақда The Insider нашрининг Investigace.cz (Чехия), IrpiMedia (Италия) ва Vlast.kz (Қозоғистон) нашрлари билан ҳамкорликда олиб борган суриштирувида айтилган.
Журналистлар сўнгги йилларда Европа Иттифоқи, АҚШ ва Туркия ширкатлари Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказиб беришни кўпайтирганини аниқлашган. Бу мамлакатларга ҳар йили ўнлаб минг дона қурол олиб кирилади.
“Арманистон, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт уч йил ичида икки ярим бараварга (2020 йилда - 19 минг 556 та, 2023 йилда эса 53 минг 211 та) ошган”, дейилган мақолада.
Суриштирувни юритган журналистлар Италиядан Арманистонга милтиқлар экспорти тўрт йил ичида қарий 30 баравар — 2019 йилда 68 та милтиқдан 2023 йилда 1862 тагача ошганини қайд этишган. Қирғизистон 2020 ва 2021 йилларда Италиядан қурол сотиб олган эмас, 2022 йилда 882 та, 2023 йилда эса 4434 та ўқотар қурол сотиб олган. Туркиядан Грузияга қурол-аслаҳа экспорти 2019 йилда 8 минг 426 тадан 2023 йилда 18 минг 843 тагача ошган.
Европа қитъасида Россия билан боғланган энг йирик қурол ишлаб чиқарувчи корхона Люксембургдаги Beretta холдинги бўлган. 2024 йил июнида Beretta ширкатининг россиялик импортёри АҚШ Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилган. Айни пайтда Beretta холдинги, санкцияларга қарамасдан, Россия ширкатининг мажоритар мулк эгаси бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари, The Insider россиялик мерганлар (оддий фуқаролар ҳам, ҳарбийлар ҳам) Россия қуроллари ўрнига ғарб милтиқлари ва ўқ-дорисини ишлатишда давом этишаётганини қайд этган. Буни Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги Ангарский полигонида 2023 йил сентябрида бўлиб ўтган мерганлар мусобақаси баённомалари ҳам тасдиқлайди.
Reuters: Исроилда “Эрон фойдасига жосуслик қилган” яҳудийлар ҳибсга олинди
Исроилда Эрон фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган 30 га яқин яҳудийнинг ҳибсга олиниши исроилликларни ташвишга солиб қўйди, дея хабар қилди Reuters агентлиги Тель-Авивдан.
Кўплаб ОАВнинг ёзишича, бу ерда гап Эроннинг ўз душмани сафига агентларини киритиш бўйича сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг йирик уриниши ҳақида бормоқда.
Фош этилган ўнта жосуслик ячейкасидан бири ҳарбий базалар ва ҳавога қарши мудофаа тизимлари ҳақида маълумот тўплаган. Бу маълумотни Шин-Бет хавфсизлик хизмати келтирган.
Ўтган ҳафтада Исроил полицияси Эрон махсус хизматлари учун ишлаган икки жосус Исроил кучларининг Ғўлон тепаликларидаги ҳаракатига оид тафсилотларни етказиб тургани ҳақида билдирган эди.
Кетма-кет ҳибсга олишлар эронлик разведкачиларнинг икки йил мобайнида разведка маълумотларини йиғиш ва ҳужумлар содир этиш учун исроилликларни пул эвазига ёллаш бўйича бир неча уриниши ортидан содир бўлган. Бу ҳақда тўрт нафар амалдаги ва собиқ ҳарбий ҳамда Исроил хавфсизлик хизмати ходими маълум қилган. Манбалар ўз исмлари ошкор қилинмаслигини илтимос қилишган.
Шин-Бетнинг собиқ юқори лавозимли ходими онгли равишда Эрон учун ишлаш рози бўлган яҳудий фуқаролари сони кўплигини “ҳайратланарли” деб атаган.
Шин-Бет ва полиция ҳам, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Reuters агентлигининг саволларига жавоб беришмаган.
Эроннинг БМТдаги миссияси исроилликларни ёллашга ҳаракат қилинганини тасдиқламаган, аммо инкор ҳам қилмаган. Миссия “мантиқ нуқтаи назаридан” Эрон разведка хизматларининг бунга оид ҳар қанақа ҳаракати фош бўлиш хавфини камайтириш учун Эрон фуқароси бўлмаган шахсларга қаратилишини билдирган.
Кобулдаги портлашда Толибон ҳукумати вазири Ҳаққоний ҳалок бўлди
Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри марказида 11 декабрь куни содир бўлган портлаш оқибатида “Толибон” ҳаракати (қатор давлатларда террор ташкилоти деб тан олинган) томонидан шакллантирилган ҳукуматнинг қочқинлар ишлари бўйича вазири вазифасини бажанувчи Халил Ҳаққоний ҳалок бўлди. Бу ҳақда Associated Press ва Reuters агентликлари хабар қилишди.
Қочқинлар ишлари бўйича вазирлик биносидаги портлашни худкуш террорчи амалга оширган. У ерда Ҳаққоний билан биргаликда яна олти киши қурбон бўлган. “Толибон” вакили мулозим “Ислом давлати” гуруҳи жангарилари томонидан ўлдирилганини билдирган. ИДнинг ўзи содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ берган эмас.
Халил Ҳаққоний ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакисидир. Халил ва Сирожиддин Ҳаққоний толибларнинг энг радикал қаноти бўлган “Ҳаққоний тармоғи”ни тамсил этишади. Толиблар ҳокимият тепасига келганидан кейин “Ҳаққоний тармоғи” Кобулни қўриқлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Қўшма Штатлар бу тармоқни АҚШнинг Кобулдаги элчихонасига ҳужум ва бошқа террор хуружлари учун масъул деб ҳисоблайди. Сирожиддин ва Халил Ҳаққоний АҚШ расмийлари томонидан қидирувга берилган. 2024 йилда АҚШ Давлат департаменти Сирожиддин Ҳаққонийни ҳибсга олишга имкон яратадиган маълумот учун 10 миллион доллар, АҚШ Молия вазирлиги эса Халил Ҳаққонийга оид маълумот учун 5 миллион доллар миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилган.
The Eurasian Times: Москва Пхеньянга аскарлар эвазига учоқлар таклиф қиляпти
Пентагоннинг юқори лавозимли мулозими Россия Шимолий Корея билан Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этаётган кореялик ҳарбийлар эвазига Пхеньянга МиГ-29 ва Су-27 қирувчи учоқларини йўллаш ҳақида келишувга эришганини билдирган. Бу ҳақда The Eurasian Times нашри хабар қилди.
АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги раҳбари адмирал Сэмюэл Папаро мазкур баёнот билан 7 декабрь куни Миллий мудофаа масалалари бўйича Рейган номидаги форумда чиқиш қилган.
Папаро келишувда Россия Шимолий Кореяга “тўртинчи авлодга мансуб даҳшат сочувчи қирувчи учоқлар” тақдим этиши кўзда тутилганини билдирган.
Адмирал Шимолий Кореяга берилажак учоқ сонига аниқлик киритмаган. Бунинг эвазига Пхеньян аллақачон Россияга Москва қўшини билан биргаликда Украина Қуролли кучларига қарши жанг қилиш учун 12 мингга яқин аскар йўллаган, дея қайд этган Папаро.
Афтидан, Шимолий Корея ўз ҳарбийлари эвазига шунчаки учоқлардан кўра кўпроқ нарса берилишини истамоқда. Папарога кўра, Пхеньян баллистик ракета каллаклари, замонавий сувости тизимлари ва ҳавога қарши мудофаанинг модернизациялашган имкониятлари дохил илғор ҳарбий технологияларга кўз тикаётган бўлиши мумкин. Адмирал фикрича, бундай олди-берди Шимолий Кореянинг минтақадаги ҳарбий позициясини мустаҳкамлайди.
Россия билан Шимолий Корея ўртасидаги бу ҳарбий ҳамкорлик Москва урушда дастак кутаётган бошқа АҚШ душманлари билан ҳамкорликка параллел равишда ривожланмоқда.
2023 йил ноябрида Эрон Россиядан Су-35 қирувчи учоқлари ва Ми-28 ҳарбий вертолётларини олишини эълон қилган. Ўтган йили Теҳрон Як-130 машқ-жанговар учоқларини ҳам олган. Эрон келажакда С-400 ракетага қарши мудофаа тизимини ҳам сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Сентябрь ойида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Курт Кэмпбелл Хитойнинг “Россия ҳарбий машинаси” тикланишидаги ёрдами Москва томонидан ҳам жавобсиз қолдирилмаётганини билдирган. Россия Хитойни аввал дастакламаган соҳаларида қўллаб-қувватламоқда, дейилган мақолада. Бу ерда гап, хусусан, илғор сувости, авиация ва ракета технологиялари ҳақида бормоқда, бу эса Москва ва Пекин ўртасидаги стратегик ҳамкорликда сезиларли даражада олға силжиш бўлганини англатади.
Бундай ҳамкорлик халқаро санкциялар шароитида Украинадаги урушни давом эттиришда Россия ўз иттифоқчиларига тобора кўпроқ қарам бўлиб бораётганини кўрсатади, дейилган The Eurasian Times нашри мақоласида.
Зеленский: Янги ракета муваффақият билан синовдан ўтди
Украинада “Рута” номли янги ракета синовдан муваффақият билан ўтган. Бу ҳақда президент Владимир Зеленский Киевда Борис Патон номидаги Украина Миллий мукофотини топшириш маросимида маълум қилди.
Украина президенти ракетанинг техник хусусиятлари бўйича ҳеч қанақа тафсилот очиқлаган эмас.
“Украинская правда” нашрининг ёзишича, Зеленский 2024 йил августида жанговар шароитда илк бор қўлланилган “Паляница” узоқ манзилли ракета-дрони серияли ишлаб чиқаришга қўйилганини ҳам маълум қилган.
Зеленскийга кўра. “Пекло” номли ракета-дроннинг илк жанговар қўллануви муваффақиятли бўлган. Унинг айтишича, шу кунларда Украина мудофаа кучларига мазкур ракета-дроннинг илк партияси топширилади.
Зеленский яқин орада украиналик ҳарбийларга топшириладиган “Нептун” номли узоқ манзилли ракетани “ишғолчилар учун даҳшатли воқелик” деб атаган.
Президентга кўра, Россияга қарши урушда Украинада ишлаб чиқилган ва ҳозирланган турли дронлардан “фаол равишда фойдаланилмоқда”. Улар фронтда ҳам, “фронт ортидаги душман ҳудуди”да ҳам бирдек қўлланиляпти.
АҚШ Украинага Россия активларидан 20 млрд доллар кредит ажратди
АҚШ Молия вазирлиги Украинага Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадлар воситасида қопланадиган 20 миллиард долларлик кредит ажратилганини маълум қилди.
Молия вазири Жанет Йеллен Киевга ажратилган маблағлар Украинани Россия тажовузидан ҳимоя қилишда муҳим дастак бўлишини урғулаган.
Мазкур кредит “Катта еттилик” мамлакатларининг июнь ойида ўтказилган саммитида мувофиқлаштирилган 50 миллиард долларлик қарзнинг бир қисми бўлади. Аввалроқ Европа кенгаши Россиянинг музлатилган активларидан тушадиган даромадлар воситасида молиялаштириладиган 35 миллиард евролик кредитни тасдиқлаган эди.
Россия томонидан Украинага қарши уруш бошлатилганидан кейин Ғарб мамлакатлари Россиянинг 300 миллиард доллардан кўпроқ бўлган суверен активларини музлатиб қўйган. Бу маблағларнинг катта қисми Европада сақланади.
Ўтган йили Россия музлатилган активларининг ЕИда жойлаштирилишидан уч миллиард доллар даромад олинган эди. Аввалроқ Европа Иттифоқи Россия активларидан фойдаланишдан тушган даромадни Украинага ўтказишни бошлаган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бир неча бор Россия ўз активларидан Украинани молиялаштиришда фойдаланилишига қатъиян қарши эканини билдириб, Москва бу жараёнга алоқадор бўлганларга қарши даъво аризалари бериш ниятида экани ҳақида огоҳлантирган.
Исроил Сурия ҳарбий флоти йўқ қилинганини билдирди
Исроил Ҳарбий-денгиз кучлари 10 декабрга ўтар кечаси Сурия ҳарбий флотини йўқ қилган. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Ҳайфадаги Ҳарбий-денгиз кучлари базасига сафари чоғида маълум қилди, деб ёзган The Times of Israel нашри.
Кац Исроил кучлари Сурия ва Ғўлон тепаликлари ўртасидаги буфер ҳудудидаги ҳозирлигини кучайтираётганини билдириб, Исроил хавфсизлиги учун ҳар қандай таҳдидни бартараф қилиш учун Сурия жанубида исроиллик ҳарбийларнинг доимий жойлашувисиз тозаланган мудофаа ҳудудини барпо этишга чақирган.
The Times of Israel манбалари кемалар Мина ал-Байда кўрфази ва Латакия портига йўналтирилган ракета ҳужумлари натижасида йўқ қилинганини қайд этган.
Араб ОАВда ёйинланган кадрларда Латакия портида чўкиб кетган ҳарбий кемаларни кўриш мумкин. Reuters агентлиги Британиянинг денгиз хавфсизлигига ихтисослашган Ambrey ширкатидан олинган маълумотга таянган ҳолда Сурияга тегишли камида бешта ҳарбий кема йўқ қилингани ҳақида хабар қилган. Айни пайтда порт инфратузилмасининг ўзига сезиларли шикаст етказилган эмас, дейилган агентлик хабарида.
Аввалроқ Исроил армияси Ҳама, Хомс ва Латакия вилоятлари дохил Суриядаги 250 дан зиёд объектга ҳужум уюштиргани маълум бўлганди. Тартусдаги Россия кемалари Ўртаер денгизига чиқиб кетган.
Исроил армияси Жабал уш-Шайхнинг Сурия томонидаги позицияларини ҳам мустаҳкамламоқда. БМТ Исроилни Суриядаги ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. Исроил яҳудий давлатида яшовчилар хавфсизлигини таъминлаш учун чегараларни мустаҳкамлаётганини билдирган.
Сурия муваққат ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир раҳбар бўлди
Сурияда Башар Асад режими ағдарилиши ортидан Муҳаммад ал-Башир ўтиш даври ҳукуматининг муваққат бош вазирига айланган. Унинг ўзи 10 декабрь кунги телемурожаатида мазкур лавозимда 1 мартгача ишлашини айтган. Ал-Баширнинг бош вазир этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ Al Jazeera хабар қилган, дея қайд этди “Настояшчее время” телеканали.
Ноябрь ойи охиридан буён давом этаётган ва пировардида Сурияда ҳокимият алмашишига олиб келган аксиласадчи кучларнинг яшин тезлигидаги ҳужумларига қадар ал-Башир исёнчиларнинг “Сурияни қутқариш ҳукумати”ни бошқариб келган. Бу тузилма Идлиб вилояти дохил мамлакат шимолий-ғарбидаги ҳудудларни назорат қилган.
Ал-Башир АҚШ ва бошқа мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи лидери Абу Муҳаммад ал-Жўлонийнинг яқин сафдоши ўлароқ кўрилади. ҲТШ хабарларда Асадга қарши исёнга етакчилик қилган куч сифатида қайд этилган.
Башар Асад ҳукуматига мухолиф бўлган қуролли гуруҳлар Сурияда 27 ноябрь куни фаоллашиб қолган. Улар саноқли кунлар ичида бир неча йирик шаҳарни эгаллашган. 8 декабрга ўтар кечаси эса исёнчилар Сурия пойтахти Дамашқ уларнинг назорати остига ўтганини эълон қилишган. Сурия президенти Башар Асад мамлакатдан қочиб кетган ва Россиядан бошпана олган. Исёнчилар лидерлари янги ҳукумат сайлов йўли билан шакллантирилишини ваъда қилишмоқда.
Бразилия президенти жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва миясига қон қуйилиши туфайли Сан-Паулу шаҳридаги касалхонада амалиётни бошдан кечирди. У октябрь ойида ўз уйида йиқилгани ортидан касалхонага ётқизилган эди. Бу ҳақда Бразилия ҳукумати томонидан 10 декабрь куни ёйинланган тиббий ҳисоботда айтилган.
Қайд этилишича, жарроҳлик мудохаласи муваффақиятли кечган. 79 ёшли Лула да Силва айни пайтда ўзини яхши ҳис қиляпти ва клиника ходимлари назорати остида ётибди. Кейинроқ врачлар бошқа тафсилотларни очиқлаш учун матбуот анжумани ўтказишни режалашмоқда.
Мияга қон қуйилгани Бразилия президенти 9 декабрь куни МРТ текширувидан ўтган пайтда аниқланган. Текширув президент боши оғриётганидан шикоят қилгани ортидан тайин этилганди.
Лула ўз уйида йиқилиб тушган октябрь ойида унда озроқ қон қуйилиши ва энса шикастланиши қайд этилганди. Бир ойдан сўнг ўтказилган тиббий таҳлиллар унинг аҳволи барқарор эканини кўрсатган, деб ёзмоқда Reuters.
Октябрь ойида олган жароҳати туфайли Бразилия президенти, жумладан Россияда ўтказилган БРИКС саммитига сафарини бекор қилишга мажбур бўлганди. Дунёдаги ривожланаётган энг йирик бозорлар лидерларининг учрашуви Қозон шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўша пайтда врачлар Бразилия президентига узоқ масофага парвозлардан вақтинча тийилиб туришни маслаҳат беришганди.
Уй қамоғидагилар электрон браслет орқали назорат қилинади
2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамаси 5 декабрь куни қабул қилган қарор билан электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахснинг оёғига тақилади. Электрон браслетни жазо тайинланган шахснинг оёғига тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
Туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тўғрисидаги қарори “Электрон браслет” ахборот тизимида расмийлаштирилади.
Электрон браслетни қуйидаги шахсларга қўллаш мумкин эмас:
• 18 ёшга тўлмаган шахслар;
• ҳомиладор аёллар;
• 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
• I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
• тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган, кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги бўлган шахслар).
Тегишли жазо ўтаётган шахс электрон браслетга қасддан шикаст етказган ҳолларда моддий зарар ўша шахс томонидан қопланади.
Ҳуқуқ идораларига кўра, электрон браслетнинг визуал сигнали ишга тушган тақдирда жамоат хавфсизлиги хизмати ходими профилактика инспектори билан биргаликда уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланган шахснинг электрон браслетни ечишга, унга шикаст етказишга ёки қочишга бўлган уринишларини бартараф этиш, жазо ўтаётган шахс қочган тақдирда, уни ушлашга қаратилган чораларни кўради.
Ўзбекистонда пробация хизмати электрон браслет қўллаш амалиётига 2020 йилда ўтиши маълум қилинган, аммо бу муддат ортга сурилган эди.
Исроил Суриядаги 250 дан зиёд объектга ҳужум уюштирди
Исроил Суриядаги 250 дан зиёд объектга зарбалар берган. Бу ҳақда ЦАХАЛга тегишли Галей радиоси хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳужум нишони ҳарбий базалар, ўнлаб қирувчи учоқлар, ҳаво-ракета мажмуалари, ишлаб чиқариш майдонлари ва ракета омборлари бўлган.
Қароргоҳи Лондонда бўлган Сурия инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши устидан мониторинг маркази (SOHR) ҳам ана шу рақамни келтирмоқда. Марказ маълумотига кўра, сўнгги 48 соат ичида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бомбардимонлари оқибатида қулатилган Башар Асад режимининг ўта муҳим бўлган ҳарбий объектлари, жумладан Ҳам, Хомс ва Россия ҳарбий базалари жойлашган Латакиядаги базалар йўқ қилинган.
Хусусан, Исроил Латакия яқинида ҳавога қарши мудофаа объектига зарба бериб, Сурия ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига ҳамда ҳарбий омборларга шикаст етказган. Дамашқ ва унинг атрофларида ҳарбий объектларга, тадқиқот марказларига ва радиоэлектрон кураш бошқармасига ҳам зарбалар берилган.
AFP мухбирлари 10 декабрь тонгида Дамашқда кучли портлашлар кузатилгани ҳақида хабар қилишган. Исроилнинг Суриядаги йирик ҳаво базаларига зарбалар берилгани ҳамда Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари учоқ ва вертолётлари йўқ қилингани ҳақида Reuters ва Al Arabiya манбалари ҳам маълум қилишган.
Саккизинчи декабрь куни Исроил ҳарбийлари 1973 йилдан буён илк бор қуролсизлантирилган чегараолди ҳудудидан ўтиб, Ғўлон тепаликларидаги Исроил ва Сурия позициялари ўртасидаги буфер ҳудудига киришган ҳамда “тепаликлар яқинидаги стратегик позициялар”ни эгаллашган. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билдирган.
1967 йилдаги уруш чоғида ишғол этилган Ғўлон тепаликларини Исроил ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Дунёдаги мамлакатларнинг аксарияти ҳалигача Ғўлон тепаликларини Сурия ҳудуди деб тан олади. Исроил қўшинлари ҳозирда Исроилнинг ўзи расман Исроилники эмас деб эълон қилган ҳудудларга кириб олишган.
Al Mayadeen телеканали мухбирининг хабар қилишича, Исроил танклари Дамашқдан 55 километр нарида жойлашган Ал-Қунайтра шарҳи яқинидан ўтиб, Сурия пойтахти томони ҳаракатланмоқда. Манбаларга кўра, ҳозирда улар Дамашқдан 20 километр олисликда туришибди.
Дамашқ ва мамлакатнинг каттагина қисми устидан назоратни қўлга киритган Сурия мухолифати ичида Исроил билан курашни давом эттирмоқчи эканини билдираётган кучлар муҳим роль ўйнашади. Улар орасида АҚШда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” гуруҳи ҳам бор.