Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Тожикистонликлар Ўзбекистондан газ келишига умид қилмоқда


Ўзбекистон яқин орада Тожикистонга яна газ бера бошлаши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига мустақил манбалар мамлакат ғарбидаги туманлар турғунлари сўзларига таянган ҳолда маълум қилганлар.

Турсунзода, Шаҳринав ва Ҳисор шаҳарлари турғунлари “Тожикгаз” давлат ширкати мутахассислари бир неча кундан буён бу жойлардан ўтган газ қувурлари ҳолатини текшириб юрганини айтмоқдалар. Маҳаллий ҳукуматларга газ қувури яқинида ноқонуний қурилган барча биноларни тез орада бузиб ташлаш топшириғи берилган.

“Тожикгаз” давлат ширкати раис ўринбосари Шавкат Шоимов Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда Ўзбекистондан қайта газ етказила бошлаши ҳақида ўзига ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирган. Бироқ Тожикистон ҳукумати иқтисодий блоки ходимларидан бири исмини айтмаслик шарти билан 2 ноябрь куни Озодликка “Ўзбекистон билан бу мавзуда сўзлашувлар бўлаётгани”ни айтган. У ўзбек гази қайтадан кела бошлашига умид билдирган, бироқ бошқа изоҳдан тийилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам узоқ йиллар мобайнида Тожикистонга газ етказиб бериб турган, бироқ 2012 йили бу мамлакатга газ экспорти тўхтатилган.

Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича МДҲ мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллайди – бу мамлакатда ҳар йили 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Тожикистонда ўзбек газининг асосий истеъмолчилари ТАЛКО (алюминий заводи) ва “Тожикцемент” корхоналари бўлган. Ўзбекистондан газ келмай қўйганидан кейин Тожикистондаги цемент ишлаб чиқарувчи корхонанинг фаолияти тўхтаган. Бироқ ТАЛКО расмийлари маҳаллий кўмирдан газ олиш эвазига 90 фоиз эҳтиёжини қоплай олишини билдирганлар.

Сўнгги 20 йил ичида ўзбек-тожик алоқалари вақти-вақти билан чекланиб турган, 2000-йиллар бошида 500 миллион долларни ташкил қилган ўзаро савдо кўрсаткичи 2015 йилга келиб 12 миллион долларга тушиб кетган. Таҳлилчилар бу алоқаларнинг тикланиши жуда зарур, ўзаро ҳамкорлик қанча эрта бошланса, ҳар иккала мамлакат учун ҳам шунча яхши, деган фикрдалар.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ва алоқалар яхшиланишига умид Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов вафотидан кейин пайдо бўлди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг сентябрь ойи охирида Душанбега қилган сафарини тожикистонликлар ўзаро алоқалар яхшиланиши томон қўйилган илк қадам, дея баҳолаганлар.

Ўзбекистонда президентлик сайлови 4 декабрга белгиланган. Бу лавозимга амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев асосий даъвогар бўлиб ҳисобланади. Баъзи таҳлилчилар расмий Тошкентнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, ўзбек-тожик алоқаларини яхшилаш бўйича асосий қарорлар айнан шу сиёсий жараён якунланганидан кейин қабул қилинади, деган фикрдалар.

XS
SM
MD
LG