Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:22

Тожикистондан Қирғизистонга кўчаётган этник қирғизлар сони ортмоқда


28 апрелдан 1 майгача давом этган ҳарбий тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб инсон ҳалок бўлган.
28 апрелдан 1 майгача давом этган ҳарбий тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб инсон ҳалок бўлган.

Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотига кўра, июль ойидан бери Боткен вилоятидан 123 киши соддалаштирилган тартибда Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ариза берган, улардан 5 нафари фуқароликка қабул қилинган.

Боткенда этник қирғизларга фуқароликни олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш ва барча зарур қоғозларни тўплашда кўмаклашиш мақсадида вақтинчалик марказ фаолият юритмоқда. Марказ ишини ташкил қилиш учун Бишкекдан мутахассислар чақирилган.

Тожикистон билан чегаралар ҳануз ёпиқлиги сабабли этник қирғизлар у ерда қолган уй-жойлари ва бошқа мулкларидан хабарсиз қолишяпти.

Ҳозирда Оқ Тақир қишлоқ округида яшаётган 70 ёшли Карим Норматов Тожикистонда тайинланган пенсия пулини ололмаяпти. У Тожикистонда ҳаёт борган сари қийинлашавергач, Қирғизистонга кўчиб келишга қарор қилганини айтади.

“Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ҳужжатларни тайёрлаяпман. Тожикистонда яшаш жуда қийин бўлиб кетди. Ахийри номимизни ҳисобдан ўчиртирдику йўлга тушдик”, дейди Норматов.

Боткен туманининг Оқ терак округида Тожикистондан келган 50 га яқин этник қирғиз бор. Маҳаллий маъмурият уларнинг ҳужжатларни тўплаши ва қайддан ўтишига кўмаклашмоқда.

Оқ терак овул ҳокимияти раҳбари Қубаничбек Нурмаматовга кўра, этник қирғизларнинг бир қисми бу ерга апрель можаросидан олдин кўчиб келган.

“Аввалроқ келганлар ҳам бор. Лекин кўпчилик Қирғизистон фуқаролигини олгани йўқ, чунки Тожикистондан пенсия олишяпти. Апрель можаросидан кейин пенсия олиш учун у ерга бориб-келиш жуда қийин бўлиб қолди. Улар бизга мурожаат қилишяпти. Биз эса зарур маълумотномаларни тўлдириб, туманга юборяпмиз”, дейди Нурмаматов.

Ҳозирда этник қирғизлар Тожикистонда қолган қариндошлариникига бора олишмайди, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишлари тобора мушкуллашмоқда.

Президентнинг Боткен вилояти бўйича вакили Абдикарим Алимбоев ушбу масалада Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарияти билан учрашганини маълум қилди:

– Апрель воқеаларидан сўнг Боткенга кўчиб келган этник қирғизлар кўпайиб қолди. Уларнинг аксари – Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан. Улар айтишича, Тожикистонда қолган қирғизларни текширишаётган, сўроққа чақиришаётган ва уларга босим ўтказишаётган экан. Шу боис биз Сўғд вилояти раҳбарияти билан учрашув ўтказдик. Тегишли хизматларга муаммо ҳақида билдириб, ҳал этишда ёрдам сўрадик. Махсус учрашувда ҳам ушбу масалани кўтардик.

Бугунги кунда Боткен вилоятида Тожикистондан келган тахминан 800 чоғли этник қирғиз яшайди, улар Қирғизистонга турли йилларда кўчиб ўтишган. Улардан 452 нафари ҚР фуқаролигини олиш учун ариза берган, 38 нафари фуқароликка қабул қилинган.

Жорий йилнинг 8 июлида президент Садир Жапаровнинг “Этник қирғизлар ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролиги бўлмаган шахсларга Қирғиз Республикаси фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш бўйича вақтинчалик низом тўғрисида”ги қарори чиққан эди.

Ҳужжатга мувофиқ фуқароликни олиш, қайддан ўтиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди, талабгорларга маслаҳат ва йўл-йўриқ бериш учун Боткенда махсус марказ очилди. Ушбу марказ иш бошлаганидан бери қарийб 200 нафар этник қирғиз унинг ёрдами билан зарур ҳужжатларни тайёрлади.

Бишкек шаҳрининг Октябрь тумани Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, аҳолини рўйхатга олиш ва паспортлаштириш бўлими мудираси Салима Туякованинг айтишича, мазкур қарор этник қирғизларнинг фуқароликни олиши жараёнини сезиларли даражада осонлаштирган:

– Ҳужжатларида чалкашлик чиққан ёки умуман ҳужжатсиз юрган фуқаролар учун бу қарор айни муддао бўлди. Паспорти ёки таваллуд гувоҳномаси бўлмаганлар, қарорга мувофиқ, фуқароликка тезроқ ўта оладилар. Илгари аризалар фақат рўйхатга олинган жой бўйича қабул қилинарди. Эндиликда исталган ҳудуддаги Аҳолига хизмат кўрсатиш марказига бориб, ариза топшириш мумкин. Боткен вилоятида этник қирғизларга хизмат кўрсатувчи махсус марказ очилди. Марказ мутахассислари уларга маслаҳат бериб, фуқароликка ўтишларига кўмаклашишмоқда. У ерда нафақат Боткен тумани ходимлари, балки Ўш ва Жалолобод вилоятларидан борган мутахассислар ҳам ишлайди.

Қўшни мамлакатга кўчиб ўтган қирғизистонликлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Апрель ойида содир бўлган қуролли низодан сўнг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ёпиқлигича қолаётир. Икки томонлама музокаралар якунларига кўра октябрь ойига келибгина айрим тоифадаги фуқароларга чегарани кесиб ўтишга рухсат берилди. Қирғизистон чегарасидан ўтишга изн берилган шахслар рўйхатида, жумладан, этник қирғизлар ҳам бор.

Сўнгги икки-уч ой ичида икки мамлакатда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фуқароларнинг “чегарани ноқонуний кесиб ўтган” айблови билан қўлга олиниши ҳоллари анча кўпайди.

Қирғиз-тожик чегарасидаги баҳсли участкалар туфайли минтақада тез-тез можаро келиб чиқмоқда. 28 апрелдан 1 майгача давом этган сўнгги ҳарбий тўқнашувда Қирғизистон 36 қурбон берди, улардан икки нафари болалар эди. Шунингдек, 180 дан ортиқ киши зарар кўрди. Тожикистон эса расман 19 киши қурбон бўлиб, 87 киши жабрланганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG