Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Мирзиёев Тез ёрдам бригадалари таъминотини 2 баробар оширишга қарор қилди


Президентнинг Тез тиббий ёрдам тизимини ислоҳ қилишга оид фармонида шу йил ичида Тез ёрдам бригадаларига дори-дармон учун бериладиган маблағни 2 баробарга ошириш, 1200та янги машина бериш белгиланган. Бундан ташқари, республика бўйича ягона маълумотлар базасини ташкил қилиш, 600 тадан ортиқ тиббий ёрдам марказини таъмирлаш режаланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. 16 март куни имзоланган фармон матни маҳаллий расмий матбуотда чоп этилди.

Фармонда айтилишича, Ўзбекистонда аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдамни таъминлайдиган "ягона ташкилий тузилма" ташкил этилади.

Тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадалари фаолияти эса ИИВ, ФВВ ва «Ўзтрансгаз» компанияси шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган "маълумотлар узатишнинг ягона базаси ва ахборот тизими" орқали бошқарилади.

Фармонда 2017-2020 йиллар оралиғида Республика Тез тиббий ёрдам маказига қарашли 240 та объектни тўлиқ таъмирлаш ва 369 та объектни жорий таъмирлаш кўзда тутилган.

Муҳими, тез ёрдам гуруҳларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва бошқа зарур жиҳозлар билан босқичма-босқич таъминлаш учун 2017 йилдаги молиявий таъминоти ҳажмини камида 2 баравар кўпайтириш режаланган. Бундан ташқари, Тез ёрдам хизматлари учун шу йил ичида 1 минг 200 та ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиш айтилган.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази эса "Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази", деб қайта номлашга фармон берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига эса 2017 йил 1 июлгача бўлган муддатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаш вазифаси юкланди.

Фармонда янги тузилажак диспетчерлик хизматлари учун олиб келинадиган технологик ва телекоммуникация ускуналари, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминлаш 2020 йил 31 декабргача бўлган даврда божхона тўловларидан озод қилиниши айтилган.

Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси мамлакат бўйлаб Тез тиббий ёрдам фаолияти талабга жавоб бермаётгани, кўп ҳолларда унинг кечикиб келиши ҳамон долзарб муаммо бўлиб қолаётганини тан олган эди.

Расмий маълумотга кўра, Тез ёрдам хизматининг кечикиши "15-20 фоизни ташкил этади".

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази бош директори Абдуҳаким Ҳожибоев эса, аслида бу кўрсаткич расмий статистикадан кўпроқ эканини айтган.

Қайд этилишича, 32 миллионли аҳолига тез тиббий ёрдамни меъёрида ташкил этиш учун аслида яна 2400 та автомашина керак. Айни пайтда эса 1800 тадан кўпроқ машинадан фойдаланиляпти. Аммо уларнинг ярмидан кўпи техник талабга жавоб бермайди.

Озодлик муштарийлари эса "Тез ёрдам" чақириш учун беморлар аввал бензин қуйиб бериши керак", мазмунида кўп бор шикоят йўллаган.

XS
SM
MD
LG