Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Telia Ucellни Ўзбекистонга кириш учун берган порасидан арзонга сотиб мамлакатдан чиқиб кетди


5 декабрь куни акцияларининг учдан бир қисми Швеция ҳукуматига қарашли бўлган Telia (аввалги номи TeliaSonera) ширкати Ucell алоқа операторининг Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига 215 миллион долларга сотилганини эълон қилди.

Ўзбек телеком бозорига кириш учун 1- президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 331 миллион доллардан ошиқ пора берганликда айблангани ортидан АҚШ Адлия вазирлигига қарийб 1 миллиард доллар жарима тўлашга мажбур бўлган Telia "токсик активи" - Ucellдан шу тарзда қутулиб¸ Ўзбекистонни тарк этди.

Telia Company мамнуният билан маълум қилади...

2018 йилнинг 5 декабрь куни Telia Company ўз расмий сайтида Ўзбекистондан чиқиб кетиш операцияси ниҳоясига етганини эълон қилди.

Telia Company Ucellдаги улушини (FE Coscom LLC) 215 миллион АҚШ долларига қарздан холи асосда сотди. АҚШ Адлия вазирлиги бу олди-бердидан ўз вақтида огоҳлантирилди¸ дейилади бош қароргоҳи Стокҳольмда жойлашган Telia Company расмий баëнотида.

Ucellни сотиш ҳақида келишувга эришилганини "мамнуният ва қаноатланиш" билан эълон қилган Telia Company президенти Johan Dennelind шу билан Евроосиë минтақасидан чиқиб кетиш концепцияси муваффақиятли амалга ошганини таъкидлади.

Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Takilant оффшор ширкатига юзлаб миллион доллар пора берганини тан олган Telia ширкати 2017 йил 21 сентябрь куни АҚШ Адлия вазирлиги билан эришилган келишувга мувофиқ 965 миллион доллар жарима тўлаш баробарида бир қатор мажбуриятларни ҳам зиммасига олган эди.

Telia¸ хусусан¸ Ўзбекистондаги шўъбасига харидор бўладиган ширкатлар ўтмишдаги фаолиятини обдон текшириш масъулиятини зиммасига олган¸ акс ҳолда АҚШ томонидан янги санкцияларга учраш эҳтимоли остида қолган эди.

2018 йилнинг 4 сентябрь куни Гулнора Каримовага 331 миллион доллардан кўпроқ пора берганликда айбланаëтган TeliaSonera собиқ раҳбарлари устидан бошланган суд давомида Озодлик мухбири гаплашган Telia бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Jonas Bengtsson Ўзбекистондан чиқиш қарори олинганини айтган эди.

Айни пайтда Bengtsson Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонга киришда қилинган хатолари 1 миллиард долларга тушган ширкат Ўзбекистондан чиқишда “қатиқни ҳам пуфлаб ичиши”ни таъкидлаган эди.

Uzbekistan Telia has left the market
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:30 0:00

“Сихни ҳам¸ кабобни ҳам куйдирмайдиган қарор...”

Ucellни сотиб¸ Ўзбекистондан чиқиб кетиш қарорини 2015 йилда олган Telia "рисоладагидай харидор" қидириш жараëнига уч йилдан кўпроқ вақт сарфлади.

Йил давомида UCell бошқарувига яқин айрим мутахассислар Озодликка¸ ширкат ўз менежерларини “мақбул харидор” топиш жараëнига жалб қилиб¸ талабларга мос келадиган харидор топганларга мукофот пули ажратилишини билдирганини айтган эди.

5 декабрь куни айни манбалар Озодликка “талаб даражасидаги харидор" топилмагани ортидан Telia Ucellни давлатга сотишга мажбур қолганини билдирдилар.

Бу баëнотни билвосита тасдиқлаган Telia матбуот котиби Ralf Bagner UCell улушини Ўзбекистон давлат қўмитасига сотиш¸ уч йиллик изланиш ва текширишлар якунида “энг мақбул” деб топилган қарор эканини билдирди:

- Биз “масъулиятли харидор” деган таснифга тўғри келгани учун Ucellни давлатнинг ўзига сотдик. Бу жараëнда пулнинг қаерга кетаётгани аниқ ва биз зиммамизга олган мажбуриятни бажардик. Мавжуд вазиятда шу биз учун энг мақбул олди-берди деган хулосага келдик¸ деди Telia сўзчиси 5 декабрь куни.

“UCellни рақобатни таъминлаши лозим қўмитанинг ўзи сотиб олди – ўзбек телеком бозорида рақобат ўлди”

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан синчковлик билан кузатиб келинган Ucellни сотиш жараëнининг уни Давлат рақобат қўмитасига сотиш билан якунлангани ўзбекистонлик мутахассислар томонидан баҳс ва эътироз билан қарши олинди.

Ўзбекистонлик иқтисодчилар орасида танилган Telegram каналларидан бири Давлат рақобат қўмитасининг Ucell учун 215 миллион доллар ҳақ тўлашига ишончсизлик билдириб¸Teliaнинг Ўзбекистондан “дебит/кредит ҳисобига қуп-қуруқ чиқиб кетиши”ни тахмин қилган бўлса¸ бошқа канал муаллифи¸ бу келишув Ўзбекистон телеком бозорида рақобатнинг тугаганини англатиши ҳақида фикр билдирди.

Ўзбекистонда яна бир давлат компанияси пайдо бўлди. Алоқа бозорида давлат корхоналари кўп эди¸ энди эса давлат мутлақ монополияга айланди. Айтишларича¸ Ucellнинг 7 миллион абоненти бор. Буëғига сифат ошишини ëки нарх тушишини кутмасак ҳам бўлади. Ҳаммага аëн¸ давлат корхоналарни бошқарса¸ ҳаддан ташқари самарасиз бўлади. Ва доим ўз самарасизлиги учун аҳолини жазолайди: яъни одамлар керагидан ортиқ тўлашади хизматлар учун”¸ деб ëзди “Иқтисодчи кундалиги” деб номланган канал муаллифи Беҳзод Ҳошимов.

Ўзбекистонда рақобатни ривожлантириш учун масъул давлат органи бўлган қўмитанинг “бу бозорнинг ярмини ўзи эгаллаши”¸ қўмитанинг Озодлик гаплашган мутахассисларига кўра¸ ҳозиргача мисли кўрилмаган ҳодисадир.

Қандай қилиб регулятор тизимнинг телеком ширкати эгасига айланганига оид саволларга Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Озодлик 5 декабрь куни гаплашган расмийлари “жавоб бера олмасликларини” билдирдилар.

Майдонда қолган сўнгги ўйинчи

2016 йил августида Россиянинг МТС ширкати UMS бренди билан 2014 йилда қайта иш бошлаган шўъбаси улушини рамзий 1 АҚШ долларига Ўзбекистон ҳукуматига сотиб¸ мамлакатдан чиқиб кетган эди.

2018 йил декабридан Ucell ҳам давлатга ўтиши ортидан Ўзбекистон телеком бозорида қолган сўнгги хориж компанияси Beeline бўлиб қолмоқда.

Расмий сайтига кўра¸ Ўзбекистонда 10 миллиондан кўпроқ абонентга эга Beeline бош офиси Амстердамда жойлашган VEON Ltd. компанияси (аввалги номи VimpelCom Ltd.) шўъбасидир.

2016 йил февралида Ўзбекистонга кириш учун “нуфузли шахс”га 114 миллион доллар пора берганини тан олган VimpelCom Ltd. ҳам ўз фаолияти устидан очилган жиноят ишлари ëпилиши учун АҚШ ва Ҳолландия назорат идораларига 795 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга рози бўлган ва TeliaSonera каби номини ҳам ўзгартиришга мажбур бўлган эди.

XS
SM
MD
LG